Ҳарбий имтиёзлар такомиллаштирилди. Энди синовдан ўтолмаган имтиёзга эга аскарлар тўплаган баллари етса бошқа олийгоҳда  таълим олишлари мумкин

Мустақиллик йилларида лицей ва коллежларда энг замонавий таълим-тарбия олган йигитлар армия сафларига кириб келмоқда. Улар ахборот-коммуникация технологияларини, хорижий тилларни пухта билади. Энг асосийси, ҳаёт ҳақида ўзининг мустақил фикри ва карашига, ахлоқий-маънавий қадриятларига эга. Бундай салоҳиятли ёшлар халқимизнинг ишончи ва таянчидир.
 
 
Миллий армиямизда ўз бурчини ўтаб қайтган фуқароларнинг кейинги фаолияти ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида. Олий ўқув юртларига ўқишга киришда уларга алоҳида имтиёзлар белгилаб қўйилгани, ишга жойлашишда амалий ёрдам кўрсатилаётгани шулар сирасига киради.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 31 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги» қарорига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қарори бунинг яққол тасдиғидир.
Маълумки, мамлакатимизда ҳарбий қисм кўмондонлигининг тавсияномасини бериш тизими 2003 йилда жорий этилган эди. Ўшанда тавсиянома олган фуқароларга мамлакатимиз олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўпланадиган энг кўп баллнинг 20 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз тақдим қилинарди. 2005 йилда 25 фоиз, 2012 йилда ушбу тизимга ўзгартиш киритилиб, имтиёз 27 фоиз қилиб белгиланди. 2016 йилгача юртимиздаги жуда кўп ёшлар ушбу имкониятдан унумли фойдаланиб, олий ўқув юртлари талабаси бўлишди.   
Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги қарорида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларига тайёргарлик кўрган, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган абитурентларнинг меҳнатини рағбатлантириш кўзда тутилган бўлиб, унга мувофиқ 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган фуқароларга мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синовларида ўзлари тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл тақдим этилади.
Бу эса ўз навбатида ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган ёшлардан хотиржамликка берилмасдан синов имтиҳонларига пухта тайёргарлик кўриши талаб этади. Чунки у қанча кўп балл тўпласа шунча кўп балл қўшилиши мумкин.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, имтиёз ёрдамида синовдан муваффақиятли ўтолмаган абитуриентлар мамлакатимиздаги  бошқа олий ўқув юртларига қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этишса, у тест синовлари тугагандан кейин 10 кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Бунда абитуриент танлаган бошқа олий ўқув юртларига қабул қилиш тасдиқланган умумий қабул квотаси доирасида, имтиёзлар бўйича белгиланган қўшимча баллни ҳисобга олган ҳолда, фанлар бўйича топширилган тест синовлари фанлар тўплами (блоки) ва абитуриент томонидан тўпланган балларга мувофиқ, таълим йўналишлари бўйича Давлат комиссиясининг қарорига биноан амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ёшлар қалбида Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат бурчини шараф билан ўташга, армия мактабида пухта билим олишга, қатъий ирода ва характер, фаол ҳаётий позицияни шакллантиришга, юксак инсоний фазилатларга эга бўлишга, шарафли касбга бўлган қизиқиш ва ҳавасни янада оширишга хизмат қилади.
Ш. Тошматов, Б.Хотамов.

Биз Twitterда