Ҳаракатлар стратегияси – партиялар фаолияти мезони

 
Наманганда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши томонидан “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси – фаолиятимиз дастури” мавзуида давра суҳбати ўтказилди деб vodiymedia.uz'га хабар берди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП Наманган вилояти Кенгаши матбуот хизмати.
Унда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, ЎзМТДП вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари ходимлари, партия “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Рахмонов, ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши раиси Одилжон Мамадалиев, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Нигора Нуралиевалар Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони билан тараққиётимизнинг келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилганлигини таъкидлашди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими масъул ходими Зоҳиджон Дадабоев, ЎзМТДП Тўрақўрғон тумани Кенгаши раиси Абдурасул Эргашев, партия Чуст тумани Кенгаши етакчи мутахассиси Саида Насимхонова, Уйчи тумани партия ташкилоти “Аёллар қаноти” фаоли Моҳигул Раҳимова, “Аёл ва жамият” газетаси мухбири, ЎзМТДП аъзоси Шаҳзода Акбаровалар Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти, унинг мақсад-ғояларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, муҳим ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга оширишда ҳар ким фаоллик ва жонбозлик кўрсатиши лозимлиги хусусида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Биз Twitterда