Ҳар бир гектар майдонга 5 та янги иш ўрни: Наманган тажрибаси Ўзбекистонда бандлик муаммосини ҳал этади!

Article

Аҳолининг бандлиги муаммоси нақақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг юқори ривожланган мамлакатларида ҳам долзарблик касб этаётган масалалардан биридир. Фан ва технологиянинг ривожланиши натижасида қўл меҳнатидан автоматлаштирилган тизимларга ўтишнинг ортиб бориши натижасида янги иш ўринларини мунтазам яратиш ва меҳнат бозорини таҳлил этиб боришгина бу борада силжишни таъминлайди.

Ўзбекистонда саноат ва қишлоқ хўжалигининг тезкор ўсиши, кичик бизнес ва тадбиркорликнинг ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиш  натижасида юқори тезликда ривожланиши туфайли жадал ўсиб бораётган меҳнат ресурсларини иш ўринлари билан таъминлаш учун доимий иш ўринлари яратиб келинмоқда. «Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури» ҳамда «Аҳоли бандлиги дастури» доирасида коллеж битирувчилари, аҳолининг ишга эҳтиёжманд қисмининг талабларига мос равишда меҳнат бозори сиёсати олиб борилмоқда.

Наманган вилоятида ҳам бу борада олиб борилаётган ишлар доирасида янги тажрибага қўл урилмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2016 йил 29 декабрда бўлиб ўтган сессиясида бу борада қабул қилинган  қарорда Ўзбекистон учун янгилик сифатида қабул қилиниши мумкин бўлган тажрибага старт берилди.

Косонсой тумани ҳокими Баҳодир Юсуповнинг вилоятдаги пахта ва ғаллачилик ҳамда боғ-ток йўналишидаги фермер хўжаликларида ҳар гектарига 5 тадан иш ўринлари яратиш бўйича берган таклифи инобатга олиниб, Косонсой тумани мисолида бир ойлик муддатда пахта ва ғаллачилик ҳамда боғ-ток йўналишидаги фермер хўжаликларини ҳар гектар майдонга 5 нафар ишчини ўзаро келишув асосида, меҳнат шартномаси тузган ҳолда ишга қабул қилиш ишларини белгиланган тартибда ташкил этилишига қарор қилинди ва ушбу туманда намунали иш тажрибаси асосида семинар ўтказиш режалаштирилди.

Бу тажрибанинг 76 мингдан зиёд фермер хўжалиги мавжуд бўлган Ўзбекистон бўйлаб оммалашиши иш билан бандлик масаласининг ечимига кўмаклашиш билан бирга фермер хўжаликларининг тизимли ишлаши ва самарадорлигининг ошишига ҳам ҳисса қўшиши муқаррар.

Биз Twitterда