«Андижон» ФКнинг дастлабки йиғини якунига етди

Article

2016 йилги мавсумни омадсиз ўтказган «бургутлар» олий лигани тарк этишди. Жамоа келаси йилги мавсумни биринчи лигада ўтказади. Бир йилнинг ўзидаёқ яна элитага қайтишни ўйлаётган «Андижон» декабрь ойида қисқа муддатлик йиғин ўтказди. Ушбу йиғин чоғида асосан маҳаллий йигитлар иштирок этганини эътироф этиш керак. Боиси асосий таркиб аъзоларининг деярли барчаси ўзларига бошқа жамоа топишга қарор қилишмоқда. Фақатгина Иброҳим Отахонов билан Фарҳод Бекмуротов қолган холос. Улар билан биргаликда асосан ёшлар жамоасида ўйнаган футболчилар йиғинда ҳаракат қилишяпти. Шунингдек, ортда қолган мавсумни «Обод»да ўтказган андижонлик футболчи Акбар Ходжаев ҳам жамоага қайтиб келди. Машғулотларга мураббийлардан Виталий Легай, Расул Раҳмонов ва Қобилжон Олимжонов бошчилик қилишмоқда.

Дастлабки йиғин сўнггида мураббийлар «УзТонгХонгКо» (завод жамоаси) билан назорат учрашувини ташкил этиб футболчиларнинг имкониятини кўздан кечириб олдилар. Баҳсда 3:3 ҳисоби қайд этилди.

«Андижон» қуйидаги таркибда майдонга тушди: Даврон Жўрақулов, Артур Маматказин, Дилмурод Маҳмудов, Шояд Муллажонов, Акбар Ходжаев, Иброҳим Отахонов, Фарҳод Бекмуротов, Фарруҳ Мирзаев, Жаҳонгир Мақсудов, Алишер Абдувоҳидов, Аваз Олимжонов.

Захирадан тушганлар: Баракатилло Исроилов, Аҳрор Ўктамов, Аброр Комилов, Бахтиёр Қосимов, Сирожиддин Еттибоев. Шунингдек, жамоада кўрикдан ўтаётган бир нечта ёшлар ҳам майдонда синаб кўрилди.

 

Акмал Эшонхонов,
Vodiymedia.uz учун махсус


Биз Twitterда