Қамариддин Шайхов: Кимга тўй, кимга аза?.. Ўзбекистон телеканалларида Ақтўбе фожиаси концерт билан қаршиланди

Кўплаб хориж ОАВнинг эътибори Ақтўбедаги воқеаларга қаратилган вақтда Ўзбекистон телеканалларида нега куй-қўшиқ авжида?
 
Ҳамманинг дарди, ташвиши ўзига етгудек. Ишга, юмушларга чопамиз, рўзғорнинг камини тўлдиришга, орзу-ҳавасларимизни бир-бир рўёбга чиқаришга, ҳаётда ўз ўрнимизни топишга югурамиз, еламиз. Интернет, газета, телевидение орқали тарқалаётган хабарларнинг бирига парво қилсак, иккинчисини ўқишга вақт топмаймиз. Қаерларгадир шошамиз ўзимизча. Ўтган ҳафтанинг 18 январь куни Қозоғистон Республикаси Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида содир бўлган фожиа кўпчилигимизни яна шошириб қўйди. Яшашга, ҳаётдан завқланишга, борига шукур, йўғига сабр қилишга, яқинларимиз дийдорига тўйишга, топган мол-дунёмиз жонимизни асраб қоломаслигини яна бир бор англашга шошдик.  
 
52 ўғлон орзулари, ҳаётнинг пасту баландликлари, тирикчилик ташвиши ортидан кетди. Нон тишлаб, орзу-ҳавасларга бурканиб чиққан остонасига куйган жасади солинган тобути қайтди. Бутун миллатни йиғлатиб, айбимизни, хатоларимизни, камчиликларимизни кўрсатиб кетди бояқишлар. Улар орасида ҳали ҳаётнинг завқини тотмаган, ёр-ёр эшитиб, оила қурмаган, оталик бахтини туймаган, фарзандининг “дада” дейишини эшитмаган, бу ҳақида орзулар қилишга-да улгурмаган йигитларнинг борлиги дилни янада вайрон қилади.
 
Хабарлар тинмади, гуруҳдаги кайфият ҳам мотам тутган оналарникидан қолишмасди. Телефон қўнғироғи сукунатимизни бузди. Қўнғироқ эгаси ўзини таништирди. У Ақтўбе фожиасида қурбон бўлган наманганлик Ирисов Фарход Муминжон ўғли ва Мингбаев Эргашбой Турсунбаевичнинг қариндоши эди.
 
Ўзимизча қилаётган ишимизда хайр бор деймиз, агар шу хайр ўша кунги телефон қўнғироғига жавоб бериш бўлса, билмадик... бизга бундай хайр керакми? Қўнғироқнинг мазмуни қуйидагича:
 
“Уйимизга ички ишлар ходими келди, тайинли гап айтмади, юрагимизни олдириб ўтирибмиз. Интернетга кириб бўлмаяпти, рўйхатни қараб берсангиз, бизникиларнинг номи йўқми?”.
 
Таҳририятимизга қўнғироқлар кўп бўлади, аммо бунақаси биринчи марта. Қурбон бўлганларнинг рўйхатини эълон қилаётганимизда уни ўқийдиганларнинг қанчалик азоб чекишини тасаввур қилиб кўрмагандик. Шу дам раҳматли бувимдан эшитган хотираларим ёдимга тушади. Иккинчи жаҳон уруши йиллари. Оғир даврлар бўлгани аниқ. Аёллар турмуш ўртоғи, оналар ўғлини олисга кузатиб, йўлига кўз тикиб ўтирган кунлар. “Почтальоннинг келишидан, келмаслигини сўраб дуо қилардик. У келган аксарият хонадонларда қувонч ўрнига аза очиларди. “Қора хат”ни етказганни лаънатлаб, қарғашарди”, дердилар бувим. – Почтальон эшик қоққан уйни пойлаб эсимиз кетар, ўғлидан мактуб келтирган бўлсин ишқилиб, дердик.
 
Бу хотираларни  эслаб, ўзимизни ўша “қора хат” ташиган почтальонларга менгзадик. Қанчалик аламли, азобли бўлмасин, бундай хабарларни етказишга мажбурмиз.
 
“Алло, Ирисов, Мингбаев дедингизми? Ҳозирча бу фамилияни тополмаяпмиз (асли кўзимизнинг тагида турибди). Шунга ўхшаш фамилиялар келтирилган, аммо ёзилиши бироз бошқача. Булар бошқа одамлар бўлса керак...”
 
Ичимиздан нималар ўтгани, ҳамон бизни нималар қийнаётгани ўзимизгагина аён. Қанийди, бу хабарни етказмасак, қанийди, шу автобус ёнмаса, қанийди, Ватандошларимиз тирикчилик дардида ўзга юртга ошиқмаса... Қанийдиларнинг охири йўқ.
 
Ақтўбе фожиасини ёритаётганлар қандай йўл тутаётгани бизни ўйлантирди. Бошқа ҳамкасбларимиз фаолиятини кузатдик. Интернет ОАВдагиларнинг виждони уйғоқ, ҳамма вазиятни аниқлаштириб, хабарларни давом эттиришга ҳаракат қиляпти. Кўнгилочарликни четга суриб, миллат қайғуси билан яшамоқда.
 
Президент шу куни Сурхондарёга йўл олди. Давлат раҳбари ҳам бўлиб ўтган воқеаларга изоҳ берди. Кўп камчиликлар ўз вақтида тўғриланмаганини айтди. Жигарбандидан айрилган оилаларга ҳамдардлигини билдирди.
 
Телевизорни ёқдик. Яшасин, Ўзбекистон телеканаллари! Куй-қўшиқ айни авжида. Бири “бир қараб ўтинг бизга, лейтенант” деб куйласа, иккинчиси “санда-манда позитив” деб азадан маза қилаётгандек. Телевидениедагилар тўйбоп қўшиқларни лоақал бир кун четга суриб тура олмади. Қайси каналга олманг ялла, қайси кўрсатувни кўрманг қўшиқ. Нима бўлса ҳам ТВ ўз йўлида давом этиши керак, қўшиқ қўйиши керак, яллачилар, отарчилар ортидан ҳурмат топишда давом этиши керак. Бир кунда кўп нарсани йўқотиб қўяди-ку. Халқ дарди билан яшаса пулдан қолади, виждонини ҳам пуллаб қўйган бўлса устига-устак.
 
“Ўзбекистон 24” телеканали Ақтўбе фожиасини ёритишда фаол бўлса керак деб ўйлагандик. Телеканал “для галочки” билан чекланди. На қурбонларнинг номи эълон қилинди, на воқеа жойидан репортаж ва на ўғлини олисга жўнатиб, ўлгани ҳақида хабар олган хонадонлардан лавҳалар бор. Гўё ҳеч нарса бўлмади, ҳаммаси жойида.
 
Президент воқеаларни изоҳлаб, қурбон бўлганларнинг оилаларига таъзия билдириб турганда, телевидение қайси сиёсат ортидан кетяпти? Айрим хусусий каналларга сериаллар ва бачкана дастурлардан фойда кўпроқ, улар халқ дардига шерик бўлишни афзал кўрмади. Шу кунларда ҳам “Bojalar community”га ўхшаш кўрсатувлар тинмади. Лекин давлат каналлари-чи? Уларга нима тўсқинлик қилди? Бир кунлик эфир мундарижасини ўзгартириш қийинми? Қўшиқ қўймасин демаймиз, қўйсин. Лекин ўлганни устига тепадиган қўшиқларни эмас, ўша масъум қўшиқларни намойиш этсин эди.
 
Бу бир виждон масаласи эди! Шундай вазиятда ҳаммаси кундек равшан бўлиб, ким халқ билан яшаяптию кимнинг қарашлари халқникидан айри экани юзага чиқди. Зотан, дунёнинг турли бурчакларида Ақтўбедаги фожиага катта эътибор қаратилиб, телеканалларда лавҳалар эфирга узатилаётган, давлат раҳбарлари таъзия билдираётган пайтда бизникилар яллачилар билан оворалиги ҳафсалани пир қилади.
 
Халқ бошига мусибат тушганда, ОАВдан таскин кутади. Азали уйда телевизор устига оқ мато ташланиши одатга айланган. Бугун 52 хонадонда шундай ҳол. Бироқ қолганлар ҳам телевизорида концерт томоша қилиб, рақс тушаётгани йўқ. Фарзандини ерган қўйган ота-оналар, турмуш ўртоғидан ажралган аёллар, нима бўлаётганини фарқламай оталаб додлаётган болалар дардларига шерик бўлмоқда. Телевидение-чи? Аввалари буни кўрсатиб бўлмайди, буни гапириб бўлмайди, дейиларди. ОАВни шу кунгача ўзимиз, ҳа, биз етаклаб келдик. Энди-чи? Президент гапириб турганда бизга ким ёки нима тўсқинлик қиляпти? 
Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари 

Биз Twitterда