Ахборот хизматлари ва миллий веб-сайтларнинг ўзаро ҳамкорлиги

Article
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари ва глобал интернет тармоғида фаолият кўрсатаётган миллий веб-ресурслар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш" мавзуида тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА  хабар берди.
Турли вазирлик ва идораларнинг ахборот хизматлари ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари ҳамда юртимизда фаолият юритаётган миллий веб-порталлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари, соҳага оид янгиликлар, мавжуд долзарб масалалар муҳокама этилди.
Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Абдулазиз Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда барча турдаги медиа тузилмалар сингари интернет нашрларни равнақ топтириш масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Бугунги кунда мамлакатимиз интернет тармоғида фаолият кўрсатаётган веб-сайтларнинг аксарияти ахборотни шакллантириш ва тарқатиш характеридаги медиа тузилмалардир. "Uz" доменида 30 мингга яқин веб-сайт бўлиб, уларнинг 395 таси интернет оммавий ахборот воситаси сифатида фаолият кўрсатмоқда. Бутунжаҳон глобал тармоғидан фойдаланувчилар сони йил сайин ортиб бораётган бир пайтда веб-сайтлар фаолиятини давр руҳига ҳамоҳанг такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ахборот хизматлари ишини такомиллаштириш, улардаги ходимларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш юзасидан туркум ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари мунтазам ўтказилмоқда. Жамоат фонди муассислигида ташкил этилган "telegraf.uz" ахборот-таҳлилий порталида мамлакатимиз ҳаётига оид таҳлилий мақолалар жойлаштирилмоқда. Мазкур портал ёрдамида жамоатчилик, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари матбуот хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш учун "Очиқ мулоқот" рукни ташкил этилган.
Тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари салоҳиятини янада юксалтириш, бунда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва интернетнинг кенг имкониятларидан унумли фойдаланиш юзасидан таклифлар билдирилди.
“vodiymedia.uz” ахборот порталидан: Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, маънавий-маърифий чиқишлар орқали “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан” курашиш, ёшларнинг дунёқараши ва тафаккурини кенгайтириш, уларни турли ахборот хуружларидан сақлаш, шу аснода масалага кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш орқали мамлакатимизда ва минтақамизда мазкур соҳадаги муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўшиш, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий, адабий, таҳлилий материаллар бериш орқали миллий контентни ахборот билан тўлдириш, интернет-журналистикасини ривожлантириш, миллий матбуотни халқаро медиа-оламида муносиб ўринга эга бўлишига ҳисса қўшиш, тараққиёт ва ахборот асри сифатида эътироф этилаётган замон талаби нуқтаи назаридан фуқароларнинг холис ва ҳаққоний ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириб бориш, юртимиздаги мустақил тараққиёт одимларини, эл-юрт манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ва янгиланишларни кенг тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга.
“vodiymedia.uz” ахборот портали ўз олдига ана шу устувор вазифаларни мақсад қилиб қўйган ҳолда  иш олиб бормоқда.

Биз Twitterда