Абдулла Орипов: Хўроз хўроз билан ўтказса тўйин, Буқалар буқа деб ипини узса...

 
Абдулла Орипов: Европа
 
Муҳаббат аталган бир ҳис бор эди,
Уни деб қавмлар бир бирин еган.
Жулетта исмли бир қиз бор эди,
Бир йигит бор эди Ромео деган.
 
Бор эди муҳаббат аталмиш қўрғон,
Учиб киролмасди чивин ҳам ҳатто.
Совғасин Ягонинг қўлида кўрган,
Бўғиб қўя қолган жуфтин Отелло.
 
Энди бу юртларда дунё тескари,
Муҳаббат ҳислари бадар кетганлар
Жаннатни мадҳ этиб юрганлар бари,
Жаҳаннам комига бориб етганлар.
 
Хўроз хўроз билан ўтказса тўйин,
Буқалар буқа деб ипини узса.
Бу қандай томошо, бу қандай ўйин,
Сигирлар сигирга кўзини сузса…
 
Инсон мукаррамдир унутма асло,
Шаънига ёмон гап тўқима, болам.
Бу шеърни бир ўзинг ўқидинг, аммо
Ўқима бировга, ўқима, болам…
                                                          Mapт 2013

Биз Twitterда