Vakkoni кийимлари "Made in Namangan" ёрлиғи билан дунё бозорларида!

 
Наманган вилояти ўзининг иқтисодий имкониятлари, хом-ашё ва меҳнат ресурслари, шаклланган тўқимачилик ва тикувчилик анънаналари салоҳиятини аниқ таҳлил қилган ҳолда, пахтани қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини ягона бир мақсад – Наманган текстил кластерини ташкил этиш ғояси остида бирлаштириш борасида иш олиб бормоқда. Ҳаттоки, наманганлик ёш иқтисодчи Зиёдилла Ҳакимов томонидан бу кластернинг назарий жиҳатлари илмий асосда ҳам тасдиқлаб берилди. Энди навбат, аста-секин дунё бозорини ўз маҳсулотлари билан тўлдираётган Наманган текстил корхоналарининг барча тўлдирувчи маҳсулотларни шу ерда ишлаб чиқарилишига эришиш, хом-ашёни қайта ишлаш, ип-йигирув, тўқимачилик, матоларни бўяш, қўшимча фурнитуралар ишлаб чиқариш борасида узилиш бўлмаслигини тўла таъминлашга эришиш. Наманган вилоят ҳокимлиги ҳамда барча манфаатдор томонлар тарафидан олиб борилаётган бу кенг қамровли ишларнинг пировард натижаси ўлароқ келгусида халқаро “Наманган мода ҳафталиги”ни ташкил этиш ҳамда бундай тадбирлар орқали Наманганни жаҳонга Милан, Истанбул каби дунё текстил марказларидан бири сифатида танитиш белгиланди.
 
 
Бугунги кунда Наманган текстил маҳсулотлари экспортида Ўзбекистонда етакчи ўринларда туради. “Made in Namangan” ёрлиғи билан турли мамлакатлар харидорларига манзур бўлаётган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган корхоналар кун сайин кўпайиб бормоқда. “Vakkoni” савдо маркаси остида эркаклар кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Люкс плюс сервис” масъулияти чекланган жамияти ҳам шулар жумласидандир.
2005 йилда 30 та ишчи билан иш бошлаган корхонада бугун 150 дан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда. Бу ерда костюм-шим, куртка, пиджак, пальто каби ўндан ортиқ турдаги эркак кийимлари 200 дан ортиқ моделда ишлаб чиқарилмоқда.
Қозоғистон, Туркманистон, Беларусь ва Россия давлатларига йиллардан бери маҳсулот етказиб бериб келаётган “Люкс плюс сервис” бу йилдан янги қитъада янги бозорни кашф этди. Африкада, Кенияда иш олиб бораётган дўконларга қадар довруғи етиб борган “Vakkoni” кийимлари энди шу мамлакатда ҳам сотилишга бошлади.
 – Режаларимиз катта, – дейди корхона раҳбари Тоҳиржон Жўраев, – Маҳсулот турини орттириш борасидаги ҳаракатларимиз натижасида эркаклар кўйлаклари ишлаб чиқаришни йўлга қўйяпмиз. Бу бир томондан биз ҳамкорлик қилаётган муштарийларимиз учун мақбул бўлса, иккинчи томондан қўшимча 100 та ишчи ўрни яратишга эришамиз. Албаттаки, бизнесимиз ҳам янада кенгаяди.
 
 
Корхона ишлаб чиқариш циклини тўла маҳаллийлаштириш борасида ташаббусларни тўла қўллаб-қувватламоқда. Яқинда тўла маҳаллий пахтадан спорт шимлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу маҳсулотга хорижий муштарийлар томонидан талаб кўплигидан режалаштирилгандан кўра кўпроқ ресурс ажратилди.
Корхона раҳбарияти 2017 йилда 700 минг долларлик экспортни амалга оширишни режалаштирган. Бу рақамлар холос, “Vakkoni” кийимларига хорижда талаб шундай ошиб бораверса, экспорт ҳажми бундан ошиб кетиши тайин.
Анвар Икромов

Биз Twitterда