«Standard & Poor's» Ўзбекистон банклари ўсиш суръатини барқарор деб баҳолади

Article
Мамлакатимизда олиб борилаётган самарали иқтисодий сиёсат, хусусан банк тизимини ислоҳ қилишнинг аниқ йўналишлари банк-молия тизимини барқарор ривожлантиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб қолмоқда.
Яқинда «Standard & Poor’s» халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон банк тизимининг соҳавий ва мамлакат рискларини баҳолаш масалаларига бағишланган навбатдаги ҳисоботини эълон қилди, дея маълумот беради Ўзбекистон Республикаси Марказий банки.
Мазкур ҳисоботда Ўзбекистон банк тизимининг рейтингини аниқловчи асосий омиллар, иқтисодий ва соҳавий рисклар, уларнинг йўналиши, бошқа мамлакатлар билан қиёсий баҳоси ва таққосламалари, ҳукуматнинг банк тизимини қўллаб-қувватлаши ва бошқа масалалар кўриб чиқилган.
Банк тизимидаги ислоҳотлар мамлакатимиз раҳбариятининг тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш, амалиётга тижорат банклари фаолиятини баҳолаш ва таҳлил қилишнинг халқаро стандартларини жорий этиш, кредит ташкилотларининг халқаро молия бозорларидаги иштирокини кенгайтириш орқали уларнинг инвестиция салоҳиятини оширишга қаратилган вазифалари доирасида амалга оширилмоқда.
«Standard & Poor’s» экспертлари фикрига кўра, Ўзбекистоннинг яхши иқтисодий ўсиш истиқболлари, миллий иқтисодиётдаги ўзига хосликлар туфайли юзага келаётган бюджет профицити ва жорий операциялар ҳисобварағи ижобийлиги, тижорат банкларининг мижозларнинг депозитлари ва ривожланишга қаратилган молиявий маблағларидан таркиб топган ресурс базаси, давлат томонидан ўрнатилган назорат асосий ижобий омиллардир.
Шу билан бирга, экспертлар республика Марказий банкининг банк тизимини капиталлашишини ошириш ва кредит операцияларини назорат қилиш борасида қўллаётган қатъий иқтисодий интизоми етарлича ижобий аҳамиятга эга бўлаётганини қайд этганлар.
Агентлик баҳосига кўра, кредитлашнинг юқори суръатлари муайян мураккабликларни келтириб чиқариши мумкин, бироқ таҳлилчилар “улар иқтисодий ўсиш суръатларига номинал қийматда мос келади ва иқтисодиётда “баҳо пуфаклари”нинг пайдо бўлишига йўл қўймайди”, деб ҳисоблайдилар.
Экспертлар корпоратив кредитлар портфелига боғлиқ бўлган иқтисодий ўсиш ва рискларнинг прогноз қилинаётган юқори суръатларини эътиборга олиб, кредит портфелидаги муаммоли кредитлар яқин 12-18 ой ичида 1,5 фоиздан ошмаслигини қайд этадилар.
«Standard & Poor’s» банк тизимида тўпланган молиявий маблағларни баҳолар экан, кредитларнинг салмоқли қисми мижозларнинг депозитлари ҳисобига молиялаштирилаётгани ва четдан жалб этилган маблағлар атиги 14 фоизни ташкил этаётганини эътиборга оладилар.
Бундан ташқари, экспертлар Ўзбекистон банк тизимининг соҳавий рискини “барқарор” деб баҳолайдилар. Тижорат банкларини давлат томонидан молиялаштириш ва корпоратив депозитлар ҳажмининг ошиши туфайли Ўзбекистон банклари ресурс базасини нисбатан барқарор деб баҳолайдилар.
Мамлакатимиз банкларининг барқарор мавқеи банк тизимига бўлган ишонч ҳамда корпоратив депозит ва аҳолининг бўш пул маблағларини жалб қилишнинг мустаҳкам асоси бўлиб қолмоқда. Натижада тижорат банкларида сўнгги беш йилда жами депозитлар ҳажми 3,5 марта, охирги бир йил ичида эса 25,2 фоиз ошди.
Республика банк тизимининг кўрсаткичлари барқарорлигича, баъзи меъёрлар бўйича халқаро стандартлар талабларидан ҳам юқорилигича қолмоқда.
Банк тизиминининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган аниқ мақсадли чора-тадбирлар сўнгги беш йилда жами капитални 2,5 марта, охирги бир йилда эса 20 фоиз ошириш имконини берди. Банк тизимининг капитали етарлилиги  даражаси халқаро стандартлардан уч баравар юқоридир.
Банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси 64,4 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткич ҳам халқаро стандартлардан икки баравар ортиқдир.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча банклари ўзларининг барқарорлиги ва ўсиш суръатларини исботловчи «Standard & Poor’s», «Moody’s» ва «Fitch Ratings» халқаро рейтинг агентликларининг ижобий баҳоларига эгалар.
Қайд этиш ўринлики, 2016 йилнинг август ойида «Moody’s» агентлиги “Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболлари” деб номланган ҳисоботида банк тизимининг ривожланиш истиқболларини еттинчи йилда ҳам “барқарор” деб баҳолади.

Биз Twitterда