2017 йилда Халқ таълимида нима ўзгаради?

Article
Халқ таълими вазирлигининг 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”даги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар беради вазирлик Ахборот хизмати.
Унда вазирлик масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, давлат педагогика ҳамда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари ректорлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг минтақавий филиаллари директорлари ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.
Мазкур йиғилишда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни жиддий равишда кенгайтириш, уларни мактаб таълимига тайёрлаш сифатини ошириш, мактабларда замонавий таълим дастурларини жорий этиш асосида таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, шунингдек, ўқувчи-ёшлар орасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, мактабдан ташқари таълим муассасаларида ўқувчиларни қизиқиши ва қобилиятини янада юксалтириш, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш борасида раҳбарларнинг масъулиятини ошириш каби вазифалар 2017 йилда бажарилиши лозим бўлган энг муҳим вазифалар сифатида белгиланди.
Шунингдек, кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан сўзга чиққан маърузачилар таълим сифати ва самарадорлигини кучайтириш, таълим муассасалари раҳбарларининг масъулиятини ошириш, болалар мусиқа ва санъат ҳамда спорт мактаблари фаолиятини жонлантириш юзасидан фикр-мулаҳазаларини билдирар экан, бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар берилди. Ходимларнинг касб даражаси ва малакасини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, иш фаолиятда ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Биз Twitterда