2016 йилда фуқаролик жамияти институтларининг 275 лойиҳаси қўллаб-қувватланди!

Article
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди, дея ёзади ЎзА 
Парламент комиссияси раиси А.Саидов ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари ҳимоя қилинадиган кучли фуқаролик жамияти ривожланаётганини таъкидлади. Жамиятда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар ва эришилаётган ютуқларда фуқаролик жамияти институтларининг муносиб ҳиссаси бор. Фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, сиёсий онги ва тафаккурини юксалтириш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, ишга жойлаштириш, кексаларни ва аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа соҳаларда уларнинг роли ошиб бораётир. 
"Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари" тамойилини ҳаётга татбиқ этиш учун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида демократик талабларга жавоб берадиган, фуқаролик жамияти институтларининг эркин ривожланишини таъминлашга қаратилган 250 дан ортиқ қонун ҳужжатини мужассам этган мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Кейинги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини тубдан соддалаштирди. Натижада бугунги кунда мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида 8 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. 
Фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани улар фаолиятини кенгайтириш ва молиявий барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётир. 
Йиғилишда Парламент комиссияси ва жамоат фондининг 2016 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботи лойиҳалари ҳамда 2017 йилда амалга ошириши зарур бўлган устувор вазифалари муҳокама этилди. 
Парламент ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2016 йилда ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турли ижтимоий лойиҳаларини амалга ошириш мақсадлари учун давлат бюджетидан 11 миллиард сўм ажратилган. 
Айтиб ўтиш керакки, 2016 йилда турли йўналишларни қамраб олган 7 танловга давлат гранти ажратилган. Уларда 1 минг 428 лойиҳа, жумладан, 1 минг 264 ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари қатнашган. Шундан 254 ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа ва дастурга 6 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган. 
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий шериклигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада давлат ижтимоий буюртмаси асосида 13 лойиҳа учун 2,3 миллиард сўм ажратилган. ННТларни давлат субсидияси шаклида қўллаб-қувватлаш мақсадида 3,5 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган. 
Умуман, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 275 лойиҳа ва дастурларини давлат гранти, ижтимоий буюртма ва субсидия шаклида қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлар 12,2 миллиард сўмга етган. 
Йиғилишда амалга оширилаётган ишлар моҳиятини очиб бериш, уларни халққа тўлақонли етказиш зарурлигига эътибор қаратилди. Йўл қўйилаётган камчиликлар айтилиб, уларни бартараф этиш чоралари белгиланди. 

Биз Twitterда