"Шўрпешоналар": Нефт мамлакатлари жаҳон кубогида UZBEK BOXING LEGENDS TEAMга қарши рингга чиқаётганлар хусусида

 
Бугун халқаро бокс мусобақаларида, қитъа ва жаҳон чемпионатларида қуръа ташлаш маросимида асосий мавзу нима, биласизми? Барча учун биринчи масала, рақибнинг Ўзбекистон вакили бўлиб бўлмаганлиги. Қуръага кўра юртимиз паҳлавонларига қарши рингга чиқиши кераклиги аниқланган боксчилар ва устозларига атрофдагилар, “ҳа, шўрпешоналар” дегандай қараб қўяди. Сабаби оддий, Хасанбой-у Шаҳрам, Фазлиддин-у Иқболжон..., номма-ном санашни қўяйлик, исталган ўзбек боксчисига қарши беллашувда рақибнинг ғолиб бўлиш имконияти нолга тенг демайлигу,  деярли нолга тенг бўлиб қоляпти.
Кеча Россиянинг Ханти-Мантийск мухтор округида, Белоярск шаҳрида бокс бўйича XV Нефть мамлакатлари жаҳон кубоги бошланди. Хасанбой Дўсматов, Жасурбек Латипов, Иқболжон Холдоров, Исроил Мадримов ва Санжар Турсуновдан иборат UZBEK BOXING LEGENDS TEAM,  ўзбекча айтсак, Ўзбекистон афсонавий боксчилар терма жамоаси аъзолари ҳам бу турнирда иштирок этишмоқда. Нокамтарлик қилманг, дейсизми? Ия, Ўзбекистон терма жамоасида ўзи афсонага айланмаган боксчи қолдими? АҚШ баскетболда тўпни саватчага сал тузукроқ ташлайдиган 6 та ўйинчисини DREAM TEAM, яъни орзулар жамоаси деб атайди-ю, дунё боксида ҳар бир беллашуви алоҳида афсонага айланаётган Ўзбек боксчилари жамоасини LEGENDS TEAM десак, нокамтарлик бўладими?!
 
 
Хуллас, XV Нефть мамлакатлари жаҳон кубогининг биринчи кунида Хасанбой Дўсматов 49 кг. вазнда озарбайжонлик Гошгар Сафарлига қарши рингга чиқди. “Мушук-сичқон” ўйини бўлди ҳақиқий. Озар боксчининг нокаут бўлмасдан беллашув охиригача чидаб берганининг ўзи унинг учун катта натижа ҳисобланиши мумкин.
52кг вазн тоифасида Жасурбек Латипов мезбонлар вакили Артур Ложниковга қарши рингга чиқди. Баъзида рақибни етарли баҳоламаслик, ўзига бўлган ишончнинг керагидан ортиғроқ бўлиб кетиши панд бериб қўйиши мумкин. Худди шундай ҳолат бу беллашувда ҳам бўлди, негадир фаоллигини вақтида оширмаган Жасурбек, ҳакамлар қарорига биноан бу баҳсда мағлуб бўлди.
64  кг. вазн тоифасида Иқболжон Холдоров россиялик Нурали Алиевга мастер-класс ўтиб берди. Рақиб Россия бокс мактабининг энг сара техникалари билан қаршилик қилишга уринди, бироқ Ўзбекистонда бокс бугунги кунда Россиядан анча ривож топганини русларнинг ўзи ҳам эътироф этиб турганда, бу “бечора” боксчи нима қилсин!
75 кг. вазнда бўлиб ўтган Марказий Осиё дербисида Исроил Мадримов қозоғистонлик Амандик Манашевни катта устунлик билан мағлуб этди.
Бугун бўлиб ўтадиган беллашувларда Иқболжон Холдоров россиялик Алексей Климцевга, Исроил Мадримов россиялик Владимир Мирончиковга, Санжар Турсунов латвиялик Владислав Левсага қарши рингга чиқишади.

Биз Twitterда