Шерюрак Йўлбарслар: Абдурасулов уч карра жаҳон чемпионига, Саидраҳимов Олимпиада ва тўрт карра жаҳон чемпионига қарши рингга чиқади

 
Дунё боксининг юраги яна саккиз соатдан кейин, Тошкент вақти билан эрталаб соат 6:30 да Куба пойтахти Гаванадаги «Coliseo Ciudad Deportiva» спорт мажмуасида уришга бошлайди. “Uzbek Tigers” жамоасимиз, Бутунжаҳон бокс серияси VIII мавсумидаги илк учрашувида “Cuba Domadores” боксчиларига қарши рингга чиқади.
Бу беллашув шуниси билан диққатга сазоворки, кубалик асосий юлдузларга қарши Ўзбек боксининг ёш иқтидорлари курашишади. Терма жамоамиз мураббийлари ҳали 20 ёшни қаршилаб улгурмаган Худойназар Файзов, Шунқор Абдурасулов, Мадиёр Саидраҳимовларни катта жангга ташлашмоқда. Темир оловда тобланади деганлари шу-да. Ҳали Худо хоҳласа, Токио-2020 Олимпиадасида Тошкентдаги Осиё чемпионати натижасини такрорлаб, бошқаларга олтин бермайдиганга ўхшаймиз, ҳар вазнда бир нечтадан кучли боксчи етишмоқда.
Энди, Кубага қайтсак.
 
 
Демак, дастлабки беллашувда 52 кг вазнда рақибимиз Йосвани Вейтия, 26 ёшда, Жаҳон чемпионатларида кумуш ва бронза медаллар эгаси, 2014 йилги Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси чемпионати ғолиби.
Бу боксчига қарши мураббийларимиз 18 ёшли Худойназар Файзовни жангга чиқаришмоқда. Ўзбекистон чемпиони, яқинда бўлиб ўтган India Open халқаро турнири ғолиби Файзов ёш бўлишига қарамай, мураббийлар ишончини қозонди.
 
 
60 кг вазнда рингга чиқадиган Шунқор Абдурасуловга бироз қийин бўлиши табиий. Рақиб – 27 ёшли Ласаро Хорхе Альварес Эстрада, уч карра жаҳон чемпиони! Айнан Эстрада, 2013 йилги Олмаотада жаҳон чемпионати нимчорак финалида Фазлиддин Ғоибназаровни, 2015 йили Дохада бўлган жаҳон чемпионати ярим финалида Элнур Абдураимовни енгиб, олтин медал учун курашлардан чиқарганди. Шунқорнинг ютуғи, рингда ўзини жуда яхши маънода ўта“наглый” тутиши, юракдан Худо берган. 2016 йилги ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби Абдурасулов, ўтган йили ноябрда Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган анъанавий “Санкт-Петербург Губернатори кубоги” турнирида ғолиб бўлди, ортидан Термизда Ўзбекистон чемпионати олтин медалини қўлга киритди.
 
 
69 кгда эса янада қизиқарли баҳс кутилмоқда. Ўтган 2017 йилда Актауда халқаро нуфузли турнирнинг ҳамда Термизда Ўзбекистон биринчилигининг олтин медалларини қўлга киритган Маҳмуд Ғоипов, Олимпиада ва жаҳон чемпиони Роньель Иглесиас Сотолонгога қарши рингга чиқади. Рақиб жуда хавфли, бироқ Маҳмуднинг ютуғи – ўртадаги ёш фарқи. Кубалик боксчи Ғоиповдан 9 ёш катта. Бу жиҳат, айни кучга тўлган Маҳмуд Ғоибов Иглесиасни чарчатиб енгишига йўл очади.
 
 
81 кг вазндаги беллашув энг қийини. Хулио Сесар ла Крус, Рио 2016 Олимпиада чемпиони, 4 карра (!) жаҳон чемпиони бу боксчини ҳаммамиз яхши биламиз. Ғолиблигини доим аскар саломи билан қутлайдиган ла Крус, Мадиёр Саидраҳимов учун жуда оғир тўсиқ бўлиши аниқ. Аммо Мадиёрнинг муттасил ҳужумлардан тузилган бокс услуби кубалик юлдуз учун кутилмаган ҳолат бўлиши, эсанкиратиб қўйишини тахмин қилса бўлади...
 
 
+91 кг вазндаги беллашувнинг натижаси олдиндан аниқ. 28 ёшли Жозе Лардуэт Гомеcнинг Баҳодир Жалолов қаршисида ғалаба қозониш эҳтимоли йўқ деса ҳам бўлади. Аммо бунинг учун ҳисоб 2:2 бўлиши керак... Агар учрашув тақдири ҳал бўлиб улгурган бўлса, ҳиссиётсиз бу курашда ҳар қандай натижани кутса бўлади. Лекин, ҳаммаси ҳал бўлиб бўлган бўлса, бу беллашув натижасининг нима бўлгани кимга қизиқ?!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда