Бокс бўйича Жаҳон чемпионати қизларимиз учун ўта омадсиз бошланди. Умидимиз энди Хурсаной Холматова ва Мавлуда Мавлоновадан

 
19 ноябрь кунлари Ҳиндистоннинг шимоли-шарқидаги Ассам штатида жойлашган Гувахати шаҳрида бокс бўйича қизлар ўртасида Жаҳон чемпионати бошланди.
Жаҳон чемпионатида дунёнинг 38 та давлатидан 186 боксчи қизлар иштирок этишмоқда. Бу нуфузли мусобақада Юртимиз шарафини ҳимоя қилишга отланган қизларимиз – Хурсаной Холматова (51 кг), Мафтуна Файзуллаева (54 кг), Дурдона Раҳматова (57 кг), Маҳлиё Раҳимова (60 кг), Шаҳноза Юнусова (69 кг) ва Мавлуда Мавлонова (75 кг) дан иборат таркиб билан Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада қатнашмоқда.
“Nabin Chandra Bardoloi Indoor Stadium” спорт мажмуасида бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионати қизларимиз учун унчалик муваффақиятли бошланмади. 54 кг.гача бўлган вазнда Мафтуна Файзуллаева польшалик Дарья Рузкага, 57 кг.гача бўлган вазнда Дурдона Раҳматова Ҳиндистонлик боксчи Чопра Шашига тенг курашларда имкониятни бой берди. 60 кг.гача бўлган вазнда эса Маҳлиё Раҳимова янги зеландиялик Пелея Фруанга мағлуб бўлди.
Қизларимиз учун бугунги сўнгги баҳсда, 69 кг.гача бўлган вазнда Шаҳноза Юнусова россиялик Наталья Сучуговага қарши рингга чиқди. Тошкент вақти билан соат 18:40 да бошланган беллашувнинг биринчи раунди Шаҳнозанинг устунлиги билан ўтди. Иккинчи раундда ҳар икки боксчининг кучли қарама-қарши зарбаларига гувоҳ бўлдик. Лекин учинчи раундда россиялик боксчи бироз фаоллашди. Натижада Шаҳноза бир-икки зарбани ўтказиб юборди. Умуман олганда ғалабага ҳар икки боксчи ҳам лойиқ эди. Бироқ ҳакамлар Сучуговани ғолиб деб топишди...
Эртага кундузи 51 кг.гача бўлган вазнда Хурсаной Холматова, биринчи саралашда ирландиялик Шона Блейнини енгган россиялик Екатерина Молчановага, индинга кундузи эса 75 кг.гача бўлган вазнда Мавлуда Мавлонова, илк саралашда бошқа бир ирландиялик боксчи – Келли Лоренни енгган тайванлик Янг Я Чуга қарши рингга чиқишади. Қизларимизга омад тилаб қоламиз.

Биз Twitterда