Жовли ХУШБОҚ: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али диққатига

Article
 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али диққатига: “Шарқ юлдузи” журналининг бош муҳаррири Сирожиддин Рауфнинг масъулиятсизлиги ёки Ўзбекистонда бадиий бўш ва тили қашшоқ асарлар қаёқдан пайдо бўлмоқда?
 
 
 
Таниқли ёзувчи Нодир Норматовга очиқ хат
Ҳурматли дўстим Нодиржон!
Бундан қарийб ўттиз беш-қирқ йиллар аввал устоз Шукур Холмирзаев, истеъдодли шоир Усмон Азим ва мен туғилган туман – Шерободдан етишиб чиққан адиб – сиз билан учовимиз Тошкентнинг Инқилоб хиёбонидаги ошхонада алламаҳалгача мароқли суҳбат қурганимизни эсладим. Кечаси ярим тундан сўнг адашиб, ўзингизнинг уйингизни излаган шодон кунларимиз ёдимга тушди. Ўша йилларда устоз М. Қўшжоновнинг буйруғига асосан тил ва адабиёт институтининг Ҳомил Ёқубов мудирлик қилган ўзбек адабиёти секторида илмий тадқиқотчи эдим, адабиёт хусусидаги гурунгларимиз то тонггача чўзилганлиги бежиз эмас. Шу сабабли «дўстим» деган иборани қўллашга журъат этдим.
Негаки, ижодингизга хайрихоҳ сифатида «Бир куни чумоли бўлиб…» ҳикоянгиз таҳлилига бағишланган «Нотекис йўллар машаққати» сарлавҳали адабий-танқидий мақолам «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1990 йил 21 сентябрь сонида М. Саъдийнинг кўмаги билан ярим саҳифа бўлиб босилиб чиққан эди. Бундан ташқари яна тўрт-бешта китобимда асарларингизни таҳлил қилиб, ижобий фикрлар билдирдим, мухлис эканлигимни изҳор этдим. Буни таъкидлашдан муддао сиздек талантли ёзувчи – тумандошимизнинг ижодига узоқ йиллардан бери бефарқ бўлмаганлигимни эслатиш эди.
Шу йил арафасида эса… Шоир С. Рауф бош муҳаррирлик қилаётган «Шарқ юлдузи» журналининг 2016 йилги 6-7-сонларида босилган «Зулайҳо дарахти» романингизни икки марта ўқиб чиқдим.
Асарда аввало романга хос тафаккур етишмайди. Ақалли бир қиссага жо бўлгулик материал зўрлаб «семиртирилган».
Романда тасвир ўрнига воқеа-ҳодисаларни қуруқ баён қилиш устувор: «Шундан сўнг бир неча марта ўзини осмоқчи бўлган, аммо, доим айни шундай ҳолга тушган пайтлари Интизор ёнида пайдо бўлиб, унга халақит берган. Кеча ўзини осган бўлса-да унга тайёргарлик бир кун аввал қилинган, арқон билан стулни тут яқинига келтириб қўйган эди. Стул қадимий, уни қачонлардир Самарқанддаги бир колхоз раиси отасидан бурама шохли катта қўчқор сотиб олганида, миннатдорчилик тариқасида совға деб бериб юборган. Зил-замбил бу стулнинг мовутлари йиртилган, ҳеч ким ўтирмайдиган бўлиб қолган эди. Сатил эса онасидан ёдгор, у бир пайтлар мана шу идишда сигир соғиб юрар эди. Сатил тешилгач, узумқўриқ учун даранглатиладиган матоҳга айланган. Албатта, ўзини осиш учун Зулфиқор уларни атайлаб танлаган эмас, бу бир тасодиф, чунки ўша пайт бошқа нарса кўзига кўринмаган» (21-бет).
«Зулайҳо дарахти» романида фақат ахборот тарзидаги, зерикарли, бадиийликдан йироқ маълумотларни келтириш ўқувчининг энсасини қотирмасмикин?
«Йиллар ўтиб, Чағиртепада олмазор боғча гулга кирди. Ҳатто баҳорнинг авжида ҳам унча-мунчага кўкламайдиган тепанинг тошлоғу қизғиш, куйган тупроғи юзаси ҳам бу гал жонланди. Янгибой келтириб ташлаган бўз тупроқ туфайлими ё гуллаётган ана шу ёш дарахтлардан гўё изза бўлганиданми, балки намгарчиликнинг зўриданми, шамол учириб келган ёввойи ўтларнинг уруғлари ниш урди, боғчанинг атрофи бир қадар талхақ, жингиртоб янтоқ, қоратикан, жинжак, мол оғзига яйраб оладигапн серсув, тугунча баргли ғармалар билан қопланди. Зулфиқорнинг хавотири ана шу гиёҳлар кўкарувидан эди. У қурғоқчилик келишидан ҳам қўрққани йўқ, ўтган ёз саратонларида ҳам ҳар бир дарахт илдизига елимшиша, яъни баклашканинг учини игнадек тешиб, намлатиб суғориб келди, экканларининг бари бир-иккита эчки еганини ҳисобга олмаса, кўкариб бўй чўзди». (88-бет.)
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Умумий гаплар ўқувчига завқ бағишлайдими ёки қаҳрамонлар характерини очишга, образ моҳиятини ойдинлаштиришга хизмат қиладими? «Менинг бошимни ғовлатиб ташлаган бошқа муаммо пайдо бўлди. Бунга у киши Афғондан олиб келган олма уруғлари сабаб эди. Уларнинг номи Зулайҳо олмалари, Зулайҳо нави эмиш. Уларни кўкартириш, парвариш қилиш менга унча ташвиш туғдиргани йўқ, мени ўйлантирган нарса – мен бундай олма навини сира эшитмаганман. Зулфиқор ака эҳтимол Афғонистонда бирорта қизни яхши кўриб, шунинг номини қўйгандир деб ўйладим. Бу гапни ўзидан минг марта сўрашга аҳд қилиб, минг марта фикримдан қайтганман. Ўзи айтмаса, сўрамайман деб ўйладим. У киши эса чурқ этмайди. «Шундай олма нави бор», дейди, тамом.
Мен шундай бўлса ҳам Саломатбибининг айтганини қилиб, озор бермасликка, аксинча, ўша олма дарахтини жонимни жабборга бериб бўлсаям, парвариш қилишга ҳаракат қилдим. Бу олмалар кўкариб турмаса, яна у кишининг васвас дарди қўзғайдими, деб ўйладим. Ахир шу уруғларни топиб эккандан сўнг васвас дарди таққа тўхтаган эди. Аммо шу олма гулласа, дилимда яна ўша кўзга кўринмас, Зулайҳо деган қиз эсимга тушиб, нимагадир, кимгадир рашким келади». (83-бет).
Булар бадиий асарга хос тасвир эмас, воқеа-ҳодисаларни кундалик баҳонасида қуруқдан-қуруқ ҳиссиз, эҳтироссиз баён этиш-ку?! Асар қизиқарли эмас, аксинча, зерикарли бўлиб қолганлигининг сабабларидан бири ҳам шунда эмасмикин?
Истеъдодли ёзувчи Аҳмад Аъзам 2002 йилдаги суҳбатларидан бирида илгариги йиллардаги ижодий жараён хусусида куюнчаклик билан ёзади: «… янги чиққан асар аввало шу даврнинг ўзида муҳокамадан ўтар, бемаза нарса босилиб қолса, ўқиган одамга ҳам худди беҳурматликка учрагандек таъсир қилар эди. Шунинг учун ҳам оз ва соз ёзилган аксарият асарлар. Адабий тилимиз мартабаси ортган, бўшроқ ёзадиган ёш ёзувчиларнинг асари ҳам ишлов берилмай, пухта таҳрирсиз чиқмас эди. Адабий тилимизнинг катта ривож босқичи ҳам шу даврда кечди. Ҳа, дарвоқе, ҳозир бир нечта ёзувчиларимизнинг ёзганларини эълон қилмаётганликлари сабаби ҳам шунга келиб тақалади – бугун текин таҳрир қилиб берадиган заҳматкаш «мардикор»лар замони ўтди. Кўп нарсалар қандай ёзилган бўлса, шундай чиқиб ҳам кетяпти. Бунинг бир яхши томони ҳам бор: шерикликда сунъий асар яратилмайди, у даврларда, очиқ гап, баъзи ёзувчиларимиз романлари ҳам унинг устида нашриётдами, редакциядами, етти букилиб тер тўкиши билан қаторга кирарди. Қандай ёзган бўлса шундай эълон қилаётганларнинг миси ўз-ўзидан чиқяпти, буларнинг тили пала-партиш, тозаланмаган, албатта бунақа асарни қўлига олган китобхоннинг умуман китобдан кўнгли қолади. Тил масъулиятининг йўқолиши сўз санъатига яқин ҳам келмайдиган нарсаларни урчитиб юборди… Тил бадииятини эгалламай асар ёзиш – ўзига нисбатан беҳурматлик ва китоб аҳлига нисбатан ахлоқсизлик».
Асарни ўқиб чиқиб, беихтиёр дўстимиз А. Аъзамнинг юқоридаги фикрларини эсладим. Эсладим-у, журнал муҳаррирларининг
масъулиятсизлигидан афсусландим.
Аввало романдаги персонажлар нутқи билан муаллиф нутқи деярли фарқ қилмайди.
«- Ҳамюртимиз экансиз - деди ниҳоят Янгибой ўзини қўлга олиб. - Қаранг-а, шундай гўзал аёл ўзимиздан экан.
Аёл бошини баланд кўтариб, уларга синчков тикилиб турди.
- Йўқ. Менинг юртим мана шу ер, Афғонистон. Бобом самарқандлик, - деди таъкид-у таҳдид аралаш.
Зулфиқорнинг овозини энди баландлатаётган бу жувонга қизиқиши шу қадар кучайдики, қани юзма-юз ўтирса-ю унинг суҳбатини олса. Аммо тилига фақат биргина:
- Бобонгиз бу юртга қачон келган? – деган гап келди, холос». (33-бет).
Юқоридаги гапдан кўриниб турибдики, Зулайҳо ҳам, Янгибой билан Зулфиқор ҳам бир хил сўзларни қўллаб, бир хил фикрлаяпти!
«Энди унинг хаёли» (86-бет), «Энди Чақиртепани обод қилишга» (86-бет). Биринчиси персонаж нутқи, иккинчиси муаллиф нутқи.
Ахир, асар қаҳрамонлари ҳеч бўлмаганда, гап-сўзлари билан фарқ қилишлари зарур-ку! «Шалвари узун оёқларидан тўпиққача бекитган» (32-бетда) дея ёзади муаллиф афғон аёли Зулайҳо ҳақида. Афғонистонлик аёл шалвар киядими ё лозим – иккиланиб қолдим.
Қуйидаги гапга кўзим тушиб, ҳайратим ошди: «Интизор унга Зарифа момога бориб келишини, у гиёҳлардан заҳармуҳра деган дори ясаб бермоқчи эканлигини айтди». (24-бетда). Тавба, дорини ҳам ясаб бўладими?
Асарда гап тузиш қонун-қоидалари бузилган: «Зулфиқорнинг беш туп олма ниҳолини текис, бўлиқ ерга экишни томоша қилди» (45-бет). Эгалик келишиги қўшимчаси «и» тушиб қолганлиги гапнинг маъносини бузиб юборган.
Ёки асарнинг бошқа бир жойида шундай ёзилган: «Янгибойнинг бутун важоҳати ўзгарди. Энди у шу аёлнинг ўз жонига қасд қилишдан тўхтатиш нияти унинг юз-кўзидан билинди» (37-бетда).
Зулайҳо ўз жонига қасд қилмоқчи, Янгибой эса бу мудҳиш ишни тўхтатмоқчи.
Аммо адиб «аёлни» дейиш ўрнига «аёлнинг» деб нотўғри ёзганлиги оқибатида яна маъно ўзгариши юз берган.
Шу саҳифанинг ўзида бундай жумлага дуч келасиз: «Зулфиқор қочаётган Янгибой ортидан ҳаллослаб югурди.»
Бу гапдаги сўзлар «Янгибойнинг ортидан» дея ўзгартирилса, маъқул бўлмасмикин?
Яна шу саҳифада қуйидаги гапни ўқидим: «Янгибойнинг чанг қоплаган юзида қўрқув ҳали кетмаган, кўзлари тинимсиз жавдирайди, қора соқоли титроқданми, селкиллагани-селкиллаган». Юқоридаги жумлада эса «юзида» эмас, балки «юзидан» дейилганида тўғри бўлишини мактаб ўқувчиси ҳам билади-ку. 36-бетдаги «Унинг ҳар бир гапи Зулфиқорга ўқдай юрагига тегар» деган жумла ҳам ғализдек туюлди. Романда оддийгина жумла тузиш қоидаларига ҳам риоя қилинмаган, стилистик хатолар-ку тўлиб-тошган:
«Эрталабдан буён ҳали шамол эсмаган бўлса-да, тут, айниқса, йўғон бир шохнинг тагларига япроқлардан кўра, турли хил чириндию, супуриндилар сочилиб ётарди». Ўз-ўзидан аёнки, «тагларига» деган сўз «тагларида» тарзида ёзилиши маъқул эди. Чунки гапнинг оҳангидан англашилиб турибдики, «Қаерга?» эмас балки «Қаерда?» деган сўроққа жавоб берилиши талаб этилаётир.
Бизда – Сурхондарёда «ўша» сўзини негадир жуда кам онда-сондагина ишлатишади. Ҳатто кўпчилик бирор марта бу каби ғирт адабий сўзни тилга олганликларини эслай олмайман.
«Зулайҳо дарахти» да эса муаллиф ҳам, персонажлар ҳам ҳадеб «ўша» деяверадилар.
«Ўшанда уларни янгилаш» (86-бет), «Ўшанда у қандай байт» (84-бет). Биринчиси персонаж, иккинчиси муаллиф нутқидан.
 «- Осдим ўша қариндошларни, - деди Зулфиқор» (22-бет). «Бутун ёзни ўша ерда ўтказяпти» - бу муаллиф гапи (21-бет). «Ўшанда бу билан бирор нарса ўзгармаслигини билмас эди» (20-бет). Буям муаллиф сўзлари.
«- Аммо аввал номингиз рўйхатда бўлмаганмиш, - дейди Интизор» (19-бет). «Аммо бу гал шу тобда най панд берди»(18-бет) деб ёзади муаллиф. «Аммо бу шармандали ўтмишни миясидан ўчириб бўлармиди?» (20-бет) дейди муаллиф. Иккови икки одам, юкламаларни бир хилда тез тез қўллашлари ҳам персонажлар тили индивидуал бўлишига тўсқинлик қилган.
Зулфиқор «Яна ўқловни олиб» деса, Интизор «Яна… чилвирни анави тут» дейди. Асардаги персонажларнинг ҳаммаси бир хил сўзларни ҳадеб қўллайвериши ғашингизни келтирмаяптими?
Роман тили қашшоқ, муаллифнинг сўз бойлиги камлиги билиниб қолган: «Тавба, одамлар ўзлари қолиб, Зулфиқорнинг номаи аъмолини ковлаштириб юришар экан-да. Одамлар нима дейишмайди? Бу билан бирор нарса ўзгарармиди?». Тўғри, ўзгариши мумкин, мана шу аёлининг фикри ўзгариши мумкин. Шуниси бор, шуниси ёқмайди. Ҳар ҳолда ёнидаги аёлнинг у ҳақидаги яхшими, ёмонми гап-сўзи кўпайиб бормаслиги керак. Шунисидан эҳтиёт бўлиши керак, қолгани бекор» (20-бет).
Романдан олинган қисқагина парчадаги «сўз бойлиги»га ўзингиз баҳо бераверинг.
Яна бир мулоҳаза шуки, муаллиф шевадан кўра адабий тил нормаларига риоя қилгани маъқул эмасмикин?
«Зулайҳо дарахти» романида эса персонаж эмас, балки муаллиф нутқида «Карим Наби бованинг» дея қайта-қайта таъкидланаверади. Агар шу сўзлар персонаж тилида қўлланилганида бошқа гап эди. «Бова» шевада – асар қаҳрамонлари тилида дуч келса дуруст бўлмасмиди? «Айтадилар-ку фаришталар яхши гапга ҳам омин дейди, ёмонга гапга ҳам» (77-бет) деб ёзиш ўқувчига нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Аслида эса: «Ёмон гапга ҳам» дейилганида маъно бузилмас эди. «Эшакшўраларни оралалаб, уларни назаридан ўтказди» (88-бет). Юқоридаги каби сўзларни бузиб ёзиш ҳолларига қандай баҳо берасиз?
Асарда қаҳрамонлар тилини индивидуаллаштириш ўрнига, муаллиф билан персонажлар тили икки томчи сув каби бир-бириникига ниҳоятда ўхшаш бўлиб қолганлиги мутолаа давомида барчамизни ажаблантиради.
Мана айрим мисоллар:
«- Сизга бошқа қуёшни келтириб бераман, - дейди Интизор» (18-бет).
«Қуёшча»ни олиб келтирганини Зулфиқор яхши тушуниб турарди», - дейди муаллиф. (19-бет).
Персонаж ҳам, муаллиф ҳам бир хилдаги адабий сўзларни тез-тез қўллайверган. Гапдаги «келтирмоқ» сўзи ҳам фикримизни далиллайди. Аввало
 «олиб келтирганини» ўрнига «келтирганини» дейилса маъно ўзгариб қоладими? Ортиқча сўзлардан халос бўлиш зарур. Романни сунъий равишда қаппайтириш шартмикин?
Асар воқеалари олис тоғ қишлоқларида янаям аниқроқ айтганда Сурхондарёнинг чекка бир гўшасида юз бериши таъкидланади. Шундай экан, нега қишлоқ одамлари ўзларига хос шевада эмас, бир-бирлари билан муаллиф каби нуқул адабий тилда сўзлашадилар?
Роман тили қашшоқлигини қуйидаги кўчирмадан ҳам илғаш қийин эмас. «Кейин бўлажак олмазорга катта шамол (?) ўтмайдиган шамолпана ерни белги қилди, кейин шағал, майда тошини терди, қоратикан-у, бангидевоналардан тозалади. Пешинга яқин қўлига кирган зирапчаларни олиб, дам олган бўлди. Кейин ўша сал соз тупроқли жойни теша, кейин чўкич билан ковлашга тушди» (88-бет).
Аввало наҳотки «кейин» сўзининг синоними бўлмаса, дея ўйланиб қолдим. Иккинчидан, «катта шамол» дегани сал эриш туюлди. Шамолнинг ҳам катта-кичиги бўлармикин?
Жумла тузишда ўзбек тили қонун-қоидаларига риоя қилинмаган: «Саломатбиби лолу ҳайрон унинг қўлларини ушлаб, бармоқларини силади» (101-бет). Эҳтимол, «лолу ҳайрон»дан сўнг вергул қўйилгани маъқулмиди?
Романнинг ҳар бир саҳифасида Зулайҳо, Интизор, Янгибой деган сўзлар жуда кўп – йигирма марталаб такрорланавериши ўқувчининг ғашига тегади.
Қишлоқлар номиям турлича ёзилган: «Калта йўл билан Иккиўрғон қишлоғигача етиб олай, деб адашиб қолдим» (90-бет) дейди Фаррух. «Мен Қорабоғда турсам, сиз Иккиқўрғонда яшасангиз» (25-бет) дейди Янгибой.
«Зулфиқор энди ана шу олачалпоқ ҳовли юзига кўз тикиб ўтираркан, ҳайрон бўлди». Юқоридаги жумладаги «юзига» сўзи эришдек туюлди. Бундай мисоллар яна жуда кўп.
Романда ҳаёт ҳақиқатига зид ўринлар талайгина: «Саломатбибиби билан
Термизда техникумда бирга ўқиганмиз, мен кутубхоначилик бўлимини, у эса
биология бўлимини тугатиш арафасида бир-биримизнинг кундаликларимизга хотира ёзиб берган эдик» (82-бетда).
Бирорта техникумда ҳеч қачон биология бўлими бўлмаганлигини, сурхондарёликлар жуда яхши билишади-ку.
Эҳтимол, «Зулайҳо дарахти» - бадиий асар, дея эътироз билдиришлари мумкин. Аммо романда ҳам тарихий воқеа ва далиллар бузилиши инсофдан эмас.
Адиб учун воқеа-ҳодисаларни далиллаш санъатини эгаллаш ниҳоятда муҳим.
«Зулайҳо дарахти»да эса тасодифлар тўлиб-тошиб ётибди. Зулфиқор Қорабоғ қишлоғига найни бериб келиш учун тасодифан боради ва … Янгибой ўлган, уни кўмиб келишганини айтишади.
Аввало, қишлоқчилик бўлганидан кейин унинг – Зулфиқорнинг энг қадрдон одамининг жанозага айтилмай қолганлигига ишониш қийин.
Иккинчидан, унинг тасодифан вафот этган куни келиб қолганлиги ишонарсиз. Янгибойнинг ўлими ҳам тасодиф: «Бир ярамас одам қушга ўқ отса, отамнинг бошидан теккан экан», дейди ўғли.
Термиздаги қариялар уйига Саломатбиби билан Зулфиқорнинг бир кунда – бир вақтда бориб қолганлигиям қизиқ - воқеа табиий эмас.
Саломатбиби: «Шержондаги Зулайҳони биламан. У менинг неварам, - дейди тасодифан.
Ҳатто уйига келиб, олма дарахтининг кўчатини олиб кетган қиз ўзи илгари яхши кўрган Саломатбибининг невараси эканлигини билмаслигиям ақлга сиғмайдиган гап.
Энди қуйидаги сўзларга эътибор беринг: «Уларни олгани сой қирғоғига тушганларида тўсатдан қор бошланди. Илиқ куз ҳавоси бирданига изғиринга айланди. Шунда Зулфиқор мумлағай қотган бир неча манг парчасини топиб қайтганида қия сўқмоқда қор йиғилиб қолган эди. Энди кўтарилиши билан тойиб,пастга юмалаб кетди. Харсангтошга зарб билан урилди, ёнига чиқиб қолган ўткир қирраси шимини йиртиб, оёқ болдирини қаттиқ тилди, қон томирини ҳам кесиб юборганидан қон тизиллаб отилди» (76-бет).
Аввало қорнинг ҳаво очиқ кунда бирданига ёғиши, иккинчидан,
Зулфиқор оғир ярадор бўлиб қолиши каби воқеалар табиий юз бермагандек.
Бунинг устига эрига шифокор олиб келиш учун кетган Интизорнинг бир кундаёқ уч-тўрт соат ичида ўпкасини шамоллатиб қўйиши ва охир-оқибатда қазо қилиши эпизодлари ҳам далиллашга муҳтождек.
Интизор кундалигида ёзади: «Эрим олти ойда қайтиб келди. Олти ой эмас, олти йил хизмат қилгандек эди: соч-соқоли оқариб кетган» (82-бет).
Лекин романнинг бош қисмида бошқача ёзилган эди-ку? «Интизор эрини бу ҳолатда кўриб, маъюс жилмайди. Кейин унинг жингалак сочларига тикилди. Кўзлари олазарак бўлиб, ёнига келди. Зулфиқорнинг бошини, сочларини сийпалади. Қулоқдан тепароқ ва чакка қисмидаги сочлари шу кечаси оқариб кетганлигига кўниколмай бош чайқади» (24-бет).
Энди қай бирига ишониш керак? Аввал Зулфиқор Афғон урушидан «соч-соқоли оқариб кетган» ҳолда қайтиб келганлиги ёзилган эди-ку?
Романда ақл бовар қилмайдиган, қўққисдан юз берадиган воқеалар икки-учта бўлса, балки бунга чидаш мумкиндир. Бироқ асар қаҳрамонлари ҳаётида ҳар қадамда тасодифий ҳодисаларга дуч келаверсангиз, ҳайратдан ёқа ушлар экансиз.
Ўзбек адабиётида, романчилигида аввалги асрларда яратилган классик асарларимизнинг жаҳон миқёсидаги нуфузини инкор этмаган ҳолда бугунги наср нега дунё миқёсига чиқа олмаётир, дея бош қотираман.
Бунинг сабаби, аввало «Зулайҳо дарахти» каби ўртамиёна, ўқувчи қалбини ларзага сола олмайдиган, одамлар юрагидаги дардларни ўткир конфликтлар, коллизиялар асосида дадил кўтариб чиқмайдиган романлар кўпайиб кетаётганлигида эмасмикин?
Иккинчидан, бунга танқидчилик ҳам айбдор. Таниқли адабий танқидчилар айрим романларга ҳамду санолардан иборат сўзбоши ёзганликларини яна қандай баҳоламоқ керак? Кейинги йилларда китоб ва журналлар орқали ўқувчиларга тақдим этилган Асад Дилмурод, Хуршид Дўстмуҳаммад, Абдуқаюм Йўлдош, Исажон Султон, Кенесбой Каримов, Ўроз Ҳайдар романлари қачон эстетик, илмий таҳлил этилиб, ўз баҳосини олади?
«Зулайҳо дарахти» бадиий жиҳатдан юксак бўла олмаганлиги сабабларидан бири унда драматик вазиятлар, қарама-қаршиликлар суст,
эзгулик билан ёвузлик ўртасидаги кураш шиддатли кечмайди.
Қаҳрамонлар кучли характер даражасига кўтарилмаган. Феълида салбий жиҳатлар бўртиб турган персонажлар ҳам ожиздек. Роман персонажларининг айримлари фақат салбий ва ижобий. Мураккаб характерли образлар яратилганида асар қизиқарлилигини таъминлаган бўлармиди?
Дўстим Нодиржон!
Булар – юракдан чиққан гаплар. Эҳтимол, асарларингиз жаҳон адабиёти классиклари романлари даражасида яратилишини истаганим учун ҳам айрим фикрларни очиқ айтаётгандирман?
Сизга янада ижодий баркамоллик тилаб:
Жовли ХУШБОҚ,
Адабий танқидчи
 
 
Муаллиф ҳақида қисқача маълумот: Жовли Хушбоқ 1949 йилнинг 12 мартида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида туғилган. ЎзМУ журналистика факультетини битирган. Бир неча йиллар Пушкин номли Тил ва адабиёт институтида илмий-тадқиқотчилик қилган. ТерДУ Ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчиси бўлиб ишлаган.
Узоқ йиллардан буён республика газеталарида хизмат қилиб келаётир. Ҳозиргача 20 га яқин адабий-танқидий мақолалар ва насрий асарлар тўпламлари муаллифи. Асарлари инглиз, немис, рус тилларига таржима қилинган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
тел: +99890 747-58-25

Биз Twitterда