ЎЗБЕКИСТОН – ЖАНУБИЙ КОРЕЯ МУНОСАБАТЛАРИНИНГ БУГУНИ ВА ЭРТАСИ

 
Мустақилликнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон ўз ташқи иқтисодий сиёсатида барча мамлакатлар билан уларнинг сиёсий тизими ва мафкуравий қарашларидан қатъий назар, ўзаро тенглик асосида, манфаатли алоқаларни амалга ошириб келмоқда. Шундай давлатлардан бири нафақат Жануби-Шарқий Осиё минтақасида, балки жаҳон ижтимоий ҳаётида, халқаро молия-иқтисодий муносабатлар тизимида ўз муносиб ўрнига эга Жанубий Корея бўлиб, Ўзбекистоннинг ташқи алоқаларида бу давлат билан икки томонлама муносабатларга киришиш алоҳида аҳамиятга эгадир.
Собий Иттифоқ парчаланган кейин Жанубий Кореянинг Марказий Осиё, шу жумладан, Ўзбекистонга қизиқиши Жануби-Шарқий Осиё минтақасининг бошқа давлатларига нисбатан сезиларли даражада фаолликка эга бўлиб келмоқда. Эътиборли томони, Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар нафақат бевосита икки томонлама даражада, балки, 2000-йиллар биринчи ўн йиллигида Жанубий Корея томонидан илгари сурилган глобал миқёсдаги “Янги Осиё ташаббуси”, “Энергетик дипломатия” “Евроосиё ташаббуси” каби лойиҳаларда ҳам фаол тавсифга эга.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея манфаатли ҳамкорлигида айниқса савдо-иқтисодий муносабатлар тизими устувор аҳамиятга эга. Бу Жанубий Кореянинг катта истиқболга эга Марказий Осиё макроминтақавий бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга интилиши билан ифодаланса, Ўзбекистон учун Жанубий Кореянинг улкан инвестициявий ва юқори технологик ресурсларидан фойдаланиш, иқтисодий хавфсизлик нуқтаи назаридан, ўз ташқий иқтисодий муносабатлари географиясини кенгайтириш, шу орқали, айни бир мамлакат иқтисодий босимига тушиб қолиш эҳтимолидан ҳимояланиш, “G-20”, Осиё-Тинч океани ҳавзаси иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида Ўзбекистон манфаатларини ифода этишда Корея Республикаси қўллаб-қувватлашига эришишдек стратегик мақсадни кўзлайди.
Ўтган йиллар давомида мамлакатлар давлат раҳбарларининг 14 марта олий даражадаги учрашувларининг ўтказилганлигининг ўзиёқ – ўзаро муносабатларда ҳар икки томон учун бирдек манфаатли эканлигидан далолат беради.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кенг қамровли характерга эга бўлиб, улар қаторида инвестициявий, ташқи савдо, меҳнат ресурслари миграцияси ва малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда халқаро хизматлар жабҳалари алоҳида аҳамият касб этади.
Айниқса, Жанубий Корея ҳозиргача Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш соҳасидаги энг йирик ҳамкор саналади. Жумладан, биргина 2015 йилдаги Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига ташрифи чоғида жами 60 та шартнома имзолангани ҳолда, шундан 55 таси савдо-иқтисодий ва инвестициявий тавсифдадир. Ушбу келишувларнинг умумий қиймати 7,8 млрд. АҚШ долларини ташкил этган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Кореянинг 79 та компания ва ташкилотларининг ваколатхоналари аккредитацияланган бўлиб, ушбу мамлакат инвестициялари ҳисобига 449 та корхона фаолият кўрсатади.
Ўзбекистон-Жанубий Корея ўртасидаги нивестицион ҳамкорлик борасида умумий қиймати 4,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этувчи Устюрт газ-кимё мажмуаси хусусида тўхталиб ўтиш жоиз. 2012 йилда қурилиши бошланган мазкур мажмуа йилига 4,5 млрд. куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 млрд. куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз дистилляти ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эгадир. Бундай йирик лойиҳалар сирасига – 1996 йилдан фаолият кўрсатаётган Асака автомобил заводи, тўқимачилик саноатида “ДЭУ Интернейшнл” компанияси билан Фарғона ҳамда Бухоро вилоятларида, “Shindong Enercom” ва “Textile Technologies” компаниялари билан Сурхондарё вилоятида тўқимачилик корхоналари, Тошкент халқаро аэропортининг “Тошкент-4” халқаро терминали кабиларни ҳам киритиш мумкин.
Жанубий Кореянинг “Korean Air” компанияси “Навоий” эркин иқтисодий зонаси таркибидаги “Навоий” интермодал логистика маркази фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди. Бугунги кунда мазкур марказда бир кеча-кундузда 1000 тоннагача юкни қайта ишлаш, юк терминалида 300 тонна юкни қайта ишлаш ва сақлаш, 20 та самолётга хизмат кўрсатиш қуввати яратилган.
Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида ҳам Корея Республикаси етакчи ҳамкорлардан бири саналиб, унинг ҳиссаси 7,3 % ни ташкил этган ҳолда, ҳамкор мамлакатлар ўртасида Россия (21,8 %), Хитой (17 %) ва Қозоғистондан (12,6 %) кейинги 4-ўринни эгаллайди.
Мазкур асосий савдо шериклардан фарқли равишда Ўзбекистоннинг Жанубий Корея (шу жумладан, Россия билан ҳам) билан ташқи савдо баланси манфий сальдога эга бўлиб, импорт ҳажми экспортга нисбатан 11,8 мартага юқоридир. Бунинг асосий сабаби импорт таркибида машинасозлик маҳсулотлари, юқори технологик жиҳозлар ва халқаро хизматлар кабиларнинг улуши катталигидир.  
Мамлакатлар савдо айланмасида Ўзбекистондан Кореяга пахта толаси, минерал хом ашёлар ва энергия ресурслари етказилиб берилса, Корея томонидан машиналар ва эҳтиёт қисмлар, жиҳозлар ва ускуналар, электроника маҳсулотлари келтирилади. Экспорт ва импортга тортилган бу каби товар ва хизматлар таркиби бўйича Ўзбекистон учун Корея 1-ўринни эгалласа, Ўзбекистон Корея учун 6-ўринда туради.
Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири – меҳнат ресурслари миграцияси ва малакали кадрлар тайёрлаш тизимидир. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномалари доирасида 2007-2016 йиллар давомида Жанубий Корея меҳнат бозорида ўзбекистонликларнинг иштироки 25,5 минг кишидан ортиқни ташкил этгани ҳолда, 2016 йил ҳолатига 16,9 минг киши Жанубий Кореяда ишлашни давом эттирганлар.
1992 йилдан буён Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган Корея таълим маркази танлов асосида Корея Республикасида тил бўйича билимларни мустаҳкамлаш ҳамда олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва талабалари учун ушбу мамлакатда малака ошириш курсларини ташкил этиб келинмоқда.
2014 йилда Ўзбекистонда Инха университети филиалининг иш бошлаши ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида халқаро стандартларга мос юқори малакали мутахассислар тайёрлаш имкониятини яратди. Ҳозирда мазкур филиалнинг йиллик қабул квотаси 250 нафарни ташкил этади.
Юқорида келтирилган маълумотлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий муносабатлар хусусида қуйидаги хулосаларни билдириш мумкин. Чунончи, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий муносабатлар икки мамлакат ўртасидаги ғоят кенг кўламли, стратегик характердаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланиб, ҳар икки томон учун муҳим манфаатларга асосланган. Бундай манфаатлар Жанубий Корея учун – халқаро инвестициялар бозорининг тўйиниб бориши шароитида Ўзбекистоннинг фойдаланилмаган имкониятларини рўёбга чиқаришда ўз инвестицион ресурслари билан иштирок этиш, ўз миллий саноатини арзон ҳамда сифатли табиий хом ашё ресурслари билан таъминлашни кўзда тутса, Ўзбекистон учун Жанубий Кореянинг юқори технологиялари, инвестицион ресурслари ва халқаро хизматлар бозоридаги мавқеидан фойдаланиш катта аҳамиятга эга.
Қолаверса, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг бугунги ижобий даражаси улар ташқи сиёсатида ҳам ўз аксини топган ва сиёсий масалалардаги ҳамкорликнинг муҳим гарови ҳисобланади. Бу борада Жанубий Кореянинг Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилотидаги (мазкур ташкилотга 21 та давлат кириб, улар ҳиссасига жаҳон ЯИМнинг 54 %и, аҳолининг 40 %и, халқаро савдонинг 44 %и тўғри келади) ва “G-20” (дунёнинг 20 та кучли давлатлари иштирокидаги норасмий ҳамкорлик бўлиб, дунё ЯИМнинг 85 %ини, аҳолининг 2/3 қисмини, халқаро савдонинг 75 %ини қамраб олади) уюшмасидаги мавқеи алоҳида аҳамият касб этади. Ўз навбатида Корея Республикаси учун Ўзбекистон халқаро сиёсий майдонда Корея манфаатларини ифодалашда, миллий манфаатлари бевосита тўнашувчи Россия ва Хитой давлатларига маълум даражада таъсир кўрсатишда ишончли ҳамкор вазифасини бажара олиши аҳамиятлидир.
Шуни ҳам эътибордан қолдирмаслик керакки, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ривожланишининг бугунги суръатлари, қолаверса, Ўзбекистон саноатида Корея инвестицион ресурслари ҳажмининг ортиб бориши яқин истиқболда Ўзбекистоннинг юқори қийматли маҳсулотларига Корея ва Жануби-Шарқий Осиё бозорига йўл очилиш имкониятини беради. Шунингдек, Ўзбекистоннинг транспорт коридори сифатида салоҳияти ҳам Жанубий Корея учун Яқин Шарқ бозорига янада тез суръатларда кириб боришга шароит туғдириши кутилади.  
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда