Ўзбекистонда ҳар маҳаллага "Иегово Шоҳидлари" черкови қурмасак, Америка бизда диний эркинлик борлигини тан олмасмиш...

 
Туркиялик олим Ўзгюр Йилдиз ўзининг “Онадолуда Америка миссионерлиги” номли китобида шундай фикр келтиради: “Миссионерлик ҳаракатлари фақатгина дин учун хизмат қилмайди. Улар жуда кенг қамровли ва узоқ мақсадли иш олиб боришади. Миссионерлар қайси мамлакатга боришса, у ерда дин қолиб, ундан бошқа барча соҳага ўргимчак тўридек ёпишиб хуфёна фаолият юритишади. Бу фаолиятлари импералистик мақсадларга хизмат қилиши исботланган.”
Америкада бир комиссия фаолият юритади: Диний эркинликлар бўйича АҚШ давлат комиссияси. Маслаҳат органи ҳисобланган бу комиссиянинг вазифаси, айтилишича, АҚШ президентига, Давлат секретарига ва Конгрессга сиёсий тавсия беришдан иборат.
Шу комиссия ўзининг янги ҳисоботини эълон қилибди. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас, АҚШда турли-туман ташкилот-муассасалар томонидан тузилган рейтинглардан ҳеч фарқ қилмаган ҳолда, Ўзбекистон биринчи ўнликда! Яъни, “қора рўйхат”да! Бу “рўйхат”га кирган мамлакатлар “диний ҳуқуқ ва озодликлар”ни таъминланиши жиҳатидан Вашингтонни ташвишга соладиган мамлакатлар экан.
Ўзбекистонда бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар, шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилиши ёқмайди бу комиссияга. “Ия, дунёнинг ҳар бурчагида уларнинг миссионерлари АҚШ томонидан ажратилган катта маблағни сарфлаб инсонларни имондан чиқаришга уринишларига қолган кўпчилик мамлакатларнинг қонунлари йўл беради-ю, Ўзбекистон нега қаршилик қилади?” деган фикр остида “диний ҳуқуқ ва озодликлар”ни таъминланмаган ўлкалар қаторига қўшишибди. Яна, “Бу Ўзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгарлик белгиланганига ўлайми?” деб куюниб ҳам қўйгандир, миссионерларни юртимизга келишга кўндириш борасида қийналаётган жаноблар!
Хуллас, тушунганим, ҳар маҳаллага “Иегово Шоҳидлари” каби секталарга черков қурмасак, телевидениеда миссионерлик канали очиб бермасак, бу Америка бизда диний эркинлик борлигини тан олмайдиганга ўхшайди.
Энди савол туғилади: биз Америкага бирор нарсани исботлаш мажбуриятидамизми? Ҳа, уларнинг тан олишига қолган кун қурсин!
Ватан учун ҳамма бир тан, бир жон бўлиб, Ўзбекистонни тезроқ буюк келажакка олиб чиқмасак бўлмайди. Йўқса, шунақа майда-чуйда комиссияларнинг майда-чуйда ҳисоботларига эътибор қаратмасдан ўтолмай юраверамиз. Ит ҳурар, карвон ўтар дейишимиз учун тезроқ катта карвонга айланишимиз шарт!
 Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда