Ўзбекистонда 24 соат газ ва электр таъминотининг йўли бор!

Article
Ҳозирги кунда энг долзарб муаммолардан бири электр, газ, иссиқлик тизими, сув каби коммунал хизматлар учун тўловларни йиғиш бўлиб қолмоқда. Аҳоли баъзи қатламларининг ҳуқуқий онги ва фуқаролик масъулияти етарли эмаслиги ва маълум қисм одамларда эски даврга хос фикрлаш, яъни “давлатники – бу ҳеч кимники эмас” қабилида мулоҳаза юритиш мавжудлиги бу иллатнинг газак отишига сабаб бўлмоқда.
Тўловлардан қарздорлик шу даражада кўпайиб кетдики, бу масала билан маҳаллий ҳокимиятлар шуғулланишларига ҳам тўғри келмоқда. Маҳалла ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам коммунал тўловлар назоратчиларининг ёрдамчисига айланди.
Бундай қарздорликларни бартараф этиш учун турли йўлларга бош урилди. Турли ташкилотларга, муассасаларга бошқа иш билан мурожаат қилсангиз, коммунал хизматлардан қарздорлигингиз йўқлиги ҳақида маълумотнома келтиришингиз сўралмоқда. Аммо муаммо муаммолигича қолмоқда. Наҳотки буни ҳал этишнинг иложи бўлмаса?!
Ривожланган давлатларда бундай муаммонинг ўртага чиқиши ҳам имконсиз ҳисобланади. Чунки бундай коммунал хизматлар хусусий фирмалар томонидан амалга оширилгани боис, хусусий бизнес кўрсатилган хизмат учун тўловларни амалга оширмасликни истисно қилувчи механизмларни ишлаб чиққан. Лекин шу билан бирга, электр, газ, иссиқлик тизими ва сув нархлари аҳолининг имкониятларидан эмас, балки бозор шартларидан келиб чиқиб белгиланади. Ижтимоий бозор иқтисодиёти йўлини танлаган юртимизда эса аҳоли барча қатламлари манфаатларини кўзлаган ҳолда, бу соҳаларда давлат монополияси ушлаб турилибди. Лекин, бизнингча, бугун бозор иқтисодиётига ўтишнинг шундай поғонасига келдикки, энди табиий ресурсларни ишлаб чиқаришни бўлмаса ҳам, уларни аҳолига етказиб беришни хусусий бизнесга топшириш пайти келди!
Хўш, буни қандай амалга ошириш керак? Бизнингча, Республикамизда аҳолига электр, газ, иссиқ ва ва совуқ сувни етказиб бериш хусусий фирмаларга дистрибьюторлик шаклида берилиши лозим. Ҳар бир шаҳар ва туман ҳудуди бир нечта коммунал хизмат минтақаларига ажратилиши керак. Бу минтақаларнинг катталиги хусусий бизнеснинг имкониятларидан келиб чиқиб белгиланиши даркор. Бошланғич тажриба даврида ҳар бир минтақа 5-10 МФЙ ҳудудидан иборат бўлиши ҳам мумкин. Бу минтақа ҳудудида хусусий фирманинг техник пункти ташкил қилиниб, у ерга алоҳида-алоҳида газ, электр, сув ва иссиқлик тизими ҳисоблагичлари ўрнатилиши керак. “Электр тармоқлари”, “Газ таъминот” каби давлат корхоналари магистрал таъминот линияларини бу ерга келтириб боғлашади  ва бу кўрсаткичларнинг ҳисобларига кўра хусусий фирма билан ҳисоб-китоб ишларини олиб боришади. Аҳоли эса ушбу фирма билан шартнома имзолаши керак бўлади ва уларнинг ҳисоблагичларига ушбу пунктдан газ ва электр тортилади.
Нархлар давлат томонидан қатъий белгиланиши – хусусий бизнес газ, электр, иссиқ ва совуқ сувни фақат белгиланган нархларда давлатдан олиб, яна давлат томонидан белгиланган иккинчи бир сотиш нархида аҳолига етказиб бериши керак. Айтайлик, бугун бир Кв электр энергияси нархи аҳоли учун 147 сўм бўлса, электр тармоқлари бу энергияни 132 сўмдан хусусий фирмага етказиб беради, аҳоли эса истеъмол учун яна 147 сўм тўлашда давом этади. 15 сўмлик фарқ эса дистрибьюторлик хизмати учун хусусий фирмага қолади. Бу рақамлар мисол тариқасида келтирилган холос. Хусусий бизнесга қанча фоиз қолиши Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши керак.
Таклиф этилаётган ечимдан ким нима ютади: Давлат тармоқлари бироз арзон нархда бўлса ҳам, етказиб бераётган маҳсулот ҳақини тўлалигича, керак бўлса олдиндан олади. Хусусий бизнес учун янги имкониятлар пайдо бўлади. Аҳоли эса хизматлар учун тўловларни тўлалигича амалга оширади. Чунки хусусий бизнес ўз ҳақини едириб қўймайди. Кичик ҳудудларни тўла назорат қилиш хусусий бизнесга муаммо туғдирмайди. Уяли алоқа операторларига қилинаётган тўловлар миқдори ва усули шуни кўрсатадики, аҳолининг тўлов имкониятлари юқори, фақатгина тўлов ва хизмат муносабатлари тўғри йўлга қўйилса бас!
Энди бундай усулни қўллаганимизда бошқа муаммо ҳам ўртага чиқиши мумкин. Яъни аҳоли учун мўлжалланган арзон нархдаги газ, электр энергияси ва сувни ишлаб чиқаришга бериб юбориб, бунинг натижасида аҳоли таъминотида узилиш бўлиши мумкин. Бу масалани хусусий фирмалар билан шартнома тузиш жараёнида қатъий нормалар остида кўрсатиш керак бўлади.
Умуман олганда, бу масала ечими учун мантиқий бир таклиф холос. Бу усулни маълум бир ҳудудда тажриба сифатида қўллаб, натижаларни таҳлил қилиб кўрилиши, кейин эса унинг техник ва ҳуқуқий жиҳатлари давлат, хусусий бизнес ҳамда аҳоли ўртасида фикр алмашинуви натижасида белгиланиши мумкин. Натижа ўлароқ эса, Коммунал хизматлар кўрсатишга оид Қонун қабул қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади.
Бу таклифдан мақсадимиз, биринчидан аҳолига коммунал хизмат кўрсатишни янги босқичга кўтариш бўлса, иккинчи томондан давлатга тушумларнинг ортишига эришишни таъминланишига эришишдир.
Мутасадди ташкилотлар бу фикримизга ўз муносабатларини билдиришларини кутиб қоламиз.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда