Ҳукумат қарори лойиҳасидаги 85 миллиондан ортиқ жўжа интернет-нашрларда 85 мингга айлангани ҳақида

Article
Вазирлар Маҳкамасининг «Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари муҳокамаси манзили – regulation.gov.uz сайтида муҳокама учун тақдим этилди.
Лойиҳага кўра, келгуси 3 йил давомида мамлакатдаги хусусий деҳқон хўжаликларига 10 миллион 703 минг туп цитрус мева кўчатлари ва 85 миллион 624 минг дона жўжа етказиб бериш режалаштирилган. Хўжаликлар қўшимча цитрус мевалари ва паррандачилик маҳсулотлари етиштириши кўзда тутилган. Яхши лойиҳа, қўллаб-қувватлашга арзийдиган...
Лекин, негадир деярли барча(!) интернет-нашрларида, хусусан kun.uz, nuz.uz, zamin.uz, ru.sputniknews-uz.com каби сайтларда бу борада берилган хабарни ўқиб, таажубланганлар сонининг ҳисоби йўқолди. Сабаби, юқоридаги цитрус мевали кўчатлар сони 10 мингтага (!), жўжалар сони 85 мингтага (!!) айланиб кетган! Сайтлардаги ўзаро ҳаволаларни кўриб чиқсак, барчасига асосий материал тайёрловчи манба бўлиб Sputniknews хизмат қилган, яъни қолганлар ҳаволаларининг учи бу нашрга бориб тақалмоқда.. Бу сайтнинг русча версиясидан эса халқаро ахборот манбалари айнан кўчириб босишмоқда...
Ўқувчиларнинг таажжубланиши ҳам ўринли албатта: Ҳукумат уч йил давомида 10 мингта кўчатни ва 85 мингта жўжани етказиб беришини Қарор лойиҳаси қилиб, муҳокамага ташлабдими, яна 4,2 миллион оилага буни қандай бўлиб бераркин деб!!!
Бирламчи манбани онлайн текшириб кўриш имкони бўлганда, бундан эринмаслик керак эмасмикан? Агар масала, айтайлик, океандаги балиқлар сони ёки келгуси юз йилда учиб келиши мумкин бўлган ўзга сайёраликларнинг миқдори башорати бўлганда, майли дердик. Аммо гап, Ўзбекистон Ҳукуматининг режаси, қарор лойиҳаси ҳақида кетяпти!  

Биз Twitterда