Шотландия парламенти Хожали геноцидини тан олди

 
Озарбайжон парламенти делегацияси аъзоларининг Шотландияга ташрифи чоғида миллий парламент вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказилди, парламент раиси ва фракциялар раҳбарлари билан амалий учрашувлар давомида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг феврал ойи бошларида Шотланд парламенти аъзолари ҳукмига тўлиқ ахборот берилгани туфайли ўлка сиёсий партияларининг барчаси Хожали геноцидига сиёсий баҳо беришга қарор қилдилар.
Мазкур қарор матни парламент сайтида чоп этилди. Резолюция лойиҳаси матнига ўз исмларини киритган Шотландия парламенти аъзоларининг аксарият кўпчилиги таклиф этилган резолюцияни қўллаб-қувватлади.
Қабул қилинган резолюцияда қайд этилишича, Озарбайжон ва Шотландия ўртасида дўстона муносабатлар ва самарали ҳамкорлик мавжуд.
Резолюция шунингдек, Озарбайжон ҳудудларининг оккупациясини қоралайди, Хожалининг маҳаллий аҳолисига қарши содир этилган қонли ҳодисаларни геноцид деб тан олади. Парламент аъзоларининг 80 фоизи қўллаб-қувватлаган қарорда Хожали қирғинини амалга оширишда жавобгар бўлган шахсларнинг ҳаракати ҳарбий жиноят сифатида баҳоланади, шунингдек, келажакда бу каби фожиаларнинг такрорланиши олдини олиш мақсадида мазкур резолюцияни қабул қилиш зарурлиги таъкидланади.
Ҳужжатда қайд этилишича, Арманистон БМТ ХКнинг 4 та резолюциясига қарамай, Озарбайжоннинг 20 фоиз ҳудудини ишғол қилиб турибди, шу сабабли можарони халқаро ҳуқуқ нормалари асосида барқарорлаштириш кераклигига урғу берилади.
Охирги бир неча йил мобайнида халқаро ҳамжамият Хожалидаги геноцидни тан олиш учун жиддий қадамлар ташлади. Бугунги кунда Босния ва Герцоговина, Колумбия, Чехия Республикаси, Гондурас, Иордания, Мексика, Покистон, Панама, Перу, Руминия, Сербия ва Судан парламентлари, шунингдек, АҚШнинг 10 дан зиёд штатлари Хожалидаги геноцидни тан олиш ҳақидаги парламент актларини қабул қилишди.
2012 йилнинг 20 ноябрида Жибутида ўтказилган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Кенгаши Хожали қирғинини геноцид деб тан олиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилди.
Ислом саммитининг 2013 йил февралдаги Қоҳирада ўтган 12-сессиясида ва ИҲТ конференциясининг якунловчи ҳужжати аъзо мамлакатларни Хожали геноцидини тан олиш учун саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақиради.
Мексика Сенати 2011 йилнинг 8 декабрида қабул қилган резолюциясида баён қилишича, 1992 йилнинг 26 февралида Арманистон қуролли кучлари Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ минтақасидаги Хожали шаҳрининг тинч аҳолисига қарши уюштирган геноцид ҳужуми оқибатида юзлаб одамлар ўлдирилган ва уларнинг ўлими кўплаб мустақил манбалар томонидлан ҳужжат асосида эътироф этилган.
2012 йилнинг 1 февралида Покистон Сенатининг ташқи алоқалар бўйича қўмитаси бир овоздан Озарбайжон ҳудудларининг босиб олиниши ва арман қуролли кучлари томонидан Хожалида амалга оширилган геноцидни қораловчи резолюцияни қабул қилди.
2012 йилнинг 12 апрелида Колумбия Республикаси Сенати Озарбайжон ҳудудлари оккупацияси муносабати билан ҳужжат қабул қилди. Мазкур ҳужжатда 1992 йилда Хожалида содир бўлган босқин геноцид деб тан олинади, Озарбайжон ҳудудларининг босиб олиниши қораланади, Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва унинг халқаро тан олинган чегаралари эътироф этилиши қўллаб-қувватланади.
2013 йилнинг 7 августида Панама Республикасининг Миллий Ассамблеяси «Арман кучлари томонидан Озарбайжон ҳудудининг босиб олиниши тўғрисида»ги резолюция қабул қилинади. Ассамблея босқинни ва можаро чоғида озарбайжонликларнинг ҳуқуқлари бузилишини кескин қоралайди. Шу билан бирга резолюцияда Арманистонни БМТ ХКнинг 822 (1993), 853 (1993), 874 (1993) ва 884 (1993) резолюцияларига амал қилишга даъват этади.
2014 йилнинг 1 сентябрида Судан Миллий Ассамблеясининг халқаро масалалар қўмитаси “Хожалидаги қотилликлар тўғриси”да баёнот қабул қилди. Ислом Саммитининг 12-сессияси ва ИҲТнинг 2013 йил феврал ойида Қоҳирада ўтказилган Якуний ҳужжатига асославниб, мазкур баёнот Хожалидаги оммавий қотилликни геноцид ва инсониятга қарши жиноят деб тан олади, арманларнинг Озарбайжонга қарши агрессиясини қоралайди, Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини ёқлайди, Арманистонни зудлик билан, тўла ва сўзсиз равишда босиб олинган ҳудудлардан ўз қуролли кучларини олиб чиқишга чақиради.
АҚШ штатларининг ўндан зиёд вакиллар палатаси, аниқроғи, Арканзас (08.02.2013), Коннектикут (16.04.2013), Жоржия (24.02.2012), Индиана (03.03.2014), Мэн (13.03.2012), Массачусетс (25.02.2010), Нью-Жерси (25.02.2012), Нью-Мехико (28.01.2013), Оклахома (20.02.2013), Пенсильвания (20.03.2013 ва 02.03.2015), Теннеси (19.03.2013), Техас (03.03.2011) ва Ғарбий Виржиния (03.04.2013) парламентлари Хожали геноцидини тан олувчи ва қайд этувчи ҳужжатларни қабул қилишди. Мазкур ҳужжатлар Озарбайжон ҳудудларининг арман қуролли кучлари томонидан ишғол этилишини, Хожалидаги 600 дан зиёд бегуноҳ фуқароларининг ўлдирилишини қоралайди, қурбонларга ҳамдардлик билдирилади. Жоржия штати вакиллар палатасининг 1594 сонли резолюцияси Хожалидаги қирғин муносабати билан Серж Саргсян исми эсга олинган биринчи ҳужжат ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 1992 йилнинг 25-26 феврал кунлари Ханкендида жойлаштирилган Россиянинг 366-мотоўқчи полки кўмагида арман қуроли кучлари томонидан Хожалидаги тинч фуқароларга нисбатан қирғин уюштирилади. Уюштирилган ҳужум оқибатида 613 киши ўлдирилган, 487 киши яраланган, 1275 инсон асирга олинган эди. (Озарбайжон томонидан берилган маълумотларга кўра – "VM" изоҳиАсирга олинганларнинг кўплари ортга қайтмаган, уларнинг тақдири ҳам номаълум. Ханкендидан 366-полк олиб чиқилиши билан унга қарашли ҳарбий техника арман айирмачиларига қолиб кетади.
Жанубий Кавказнинг икки республикаси ўртасидаги можаро 1988 йили Арманистоннинг Озарбайжонга қарши ҳудудий даъволари туфайли юзага келган. Тоғли Қорабоғ ва унга туташ еттита туман, яъни Озарбайжоннинг 20 фоиз ҳудуди Арманистон қуролли кучлари босқини остида қолмоқда. 1994 йилнинг майида томонлар ўт очишни тўхтатиш келишувига эришдилар, шундан бери ЕҲХТнинг Минск гуруҳи байроғи остида Россия, Франция ва АҚШ каби унинг ҳамраислари муваффақиятсиз тинчлик музокараларини олиб боришмоқда.
 Абдували Сайбназаров,
vodiymedia.com учун махсус

Биз Twitterда