Мигрантларга МАЖБУРИЙ ҲАЁТ СУҒУРТАСИ керак...

 
Бу масалани икки-уч йил аввал ҳам кўтариб чиққандим, бироқ негадир мутасаддиларнинг етарли эътиборини тортмаганди. Бугун, айниқса Актобе фожеасидан сўнг мигрантлар масаласи Ўзбек жамиятининг кун тартибига чиққанида, яна бир бор бу фикр билан ўртоқлашишга қарор қилдим.
 
...Сўнгги йилларда бизнинг жамиятимизда ҳам янги қатлам - ғурбатчилар синфи пайдо бўлганини кузатиш мумкин. Ғурбатчилар, яъни ишлаш мақсадида хорижий элларга йўл олаётган, ўз ватанидан маълум бир вақт учун узоқлашаётган, ўз ихтиёри билан ана шу давр мобайнида ижтимоий-ахлоқий қоидалари ўзгача бўлган, ўзлари учун ёт бўлган жамиятда яшаб, меҳнат қилишга рози бўлган инсонлар сони кўпайиши билан фуқароларимиз орасида янги ижтимоий гуруҳлар, айтайлик, Кореяда ишлаб келганлар, Россияга бориб келадиганлар, Дубайда ишловчилар, Қозоғистонга мавсумий ишга борувчилар каби ижтимоий бирликлар шаклланди.
Ғурбат ҳаётида асосий қадрият сифатида пул биринчи ўринга чиқади. Чунки, ўз уйини ташлаб, хорижга пул ишлаш мақсадида кетган шахс уйга қайтганида, унинг муваффақият даражасини белгиловчи асосий омил сифатида моддийлик олинади. Бу эса, ўз-ўзидан ғурбатда юрган инсонларнинг аввалги ҳаёт нормаларига ўзгартиш киритмасдан қолмайди. Миллий қадрият деб билинган хусусиятларнинг кўпи аслида миллий эмас, ижтимоий қадрият эканига ғурбатчи синфи вакилларининг ўзга элларда олиб бораётган ҳаёт тарзини кузатиш орқали ишонч ҳосил қилиш мумкин. Чунки жамиятнинг энг асосий негизларидан бири унинг чеклов нормаларидир. Бошқа жамиятда яшаш даврида ўз жамиятининг чекловлари чегарасидан узоқлашган ғурбатчи, яшаётган жамиятининг қоидаларига ўта зид бўлмаслик шарти билан, ўзига мос янги қадриятлар шакллантирмоқда. Бу эса ўз навбатида, ғурбатчиларнинг ортга қайтиши ва жамиятимиз ичида янги ижтимоий гуруҳларга бирлашиши натижасида, салбий равишда қолган аҳолининг ҳам ҳаёт тарзига таъсир қилмоқда. Лекин, не афсуски, ғурбатчилик оқимини энди тўхтатишнинг иложи йўқ...
Ғурбатчиликнинг ўз ўрнида ижобий тарафи ҳам етарли даражададир. Чунончи, дунё кўрган инсонларнинг дунёқарашлари кенгаяди, юртимизда ишга янгича ёндашув пайдо бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон иқтисодиётига катта миқдорда валюта кириб келиши таъминланади. Чунки уйга юборилган пул қайси соҳада сарфланишидан қатъий назар, ички бозордан жой олади. Бу ҳолатлар яхши, албатта. Лекин хориж давлатларга ишлагани кетаётган ҳар бир киши пул ишлаб топиб, эсон-омон оиласи бағрига қайтиб келаётганмикин? Одам савдоси билан шуғулланувчи нопок инсонларнинг гирдобига тушиб қолиб, чет элларда сарсон-саргардон бўлиб, не азоб-уқубатлар билан юртимизга аранг етиб кела олганлар талайгина. Ёки сайёҳ сифатида чет элга кетиб, у ерда ноқонуний шаклда ишга жойлашган ва ишлаб-ишлаб, охирида нонкўр иш берувчилар тарафидан атайлаб ўша давлатнинг ҳуқуқ органларига тутиб берилиб, мажбурий равишда бир тийинсиз Ўзбекистонга жўнатилган кўринишдан “учар”у, аслида жуда содда бўлган ҳамюртларимизни айтмайсизми? Буларку, ғурбат азобининг аёвсиз панжасидан осон қутулганлар. Не-не йигитлар, қизлар уйдан ўз оёғи билан чиқиб кетиб, темир тобутда қайтиб келишмоқда. Баъзи ҳолларда бунга сабаб хориждаги иш жойида меҳнат хавфсизлигининг етарли бўлмаганлиги бўлса, бошқа ҳолларда ҳамюртларимиз касалланиб, вақтида етарли тиббий ёрдам ололмаганликлари туфайли ҳаётдан эрта кетишмоқда, баъзан эса ўзга юртлардаги маҳаллий миллатчи-фашистик гуруҳларнинг қурбонига айланмоқда. Кетганларни қайтариб бўлмайди дейишади, лекин уларнинг ортида кўп ҳолларда вояга етмаган фарзандлар қолишмоқда. Етим қолган бу фарзандларнинг келажаги ноаниқликка юз тутмоқда. Уларни вояга етказиш, ўқитиш ва катта ҳаётга учирма қилиш вазифаси муштипар онанинг зиммасига тушмоқда. Тўғри, ижтимоий таъминот масаласига катта эътибор бераётган давлатимиз бундай оилаларга моддий ёрдам ажратмоқда. Бироқ бу ечимми?
Бизнингча, Республика миқёсида хорижга кетаётганлар учун давлат томонидан кафолатланган мажбурий ҳаёт суғуртаси жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу суғуртанинг бадали бошқа ҳолатлардаги суғурталардан бироз кўп бўлиши ва ушбу суғурта бўйича тўланадиган товон пули миқдори ( яъни суғурта қилдирувчи ҳар қандай сабаб туфайли хорижда ҳаётдан кўз юмса) ҳам катта миқдорда белгиланиши керак ва ушбу суғурта полиси қўлида бўлмаган шахсларни давлат чегара назорат пунктларидан хорижга ўтказмаслик даркор. Суғурта шартномасида энг кичик фарзандининг 18 ёшга етгунича тўланадиган сумма кўрсатилса ҳам маъқул бўлади.
Мабодо фуқаро хорижга тез-тез бориб келадиган бўлса, унда бу суғурта маълум бир муддат учун, айтайлик, йиллик бўлиши керак. Бир кетганда олти ой-бир йил юрадиган шахслар учун эса бир марталик шаклда суғурта расмийлаштирилиши мумкин. Бу нимага олиб келади? Биринчидан хорижга кетаётган фуқаролар, ҳар қандай бўлиши мумкин бўлган салбий ҳолатларда ҳам оилаларининг, фарзандларининг келажакдаги таъминоти етарли бўлишини билган ҳолда сафарга чиқадилар ва бу сабабдан ўз ҳаётларини суғурта қилдиришга ўзлари кўнгилли бўладилар. Бу ўринда “бечора мигрантларга яна харажатми?” деб масалани бошқа томонга буришга уринмасдан, реал боқиш керак ҳолатга. Иккинчидан, уларни суғурталаш орқали келиб тушаётган маблағлар йиғилиб, зарур ҳолларда боқувчисини йўқотган оилаларни етарли даражада, бюджетга боғлиқ қолмаган ҳолда моддий таъминлаш имконини беради... (Иншооллоҳ, бундай зарур ҳоллар ҳеч бўлмасин)
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда