Махфий хизмат раҳбари Анқарага не юмуш билан борди?

 
Яқинда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Майк Помпео Туркия раҳбарияти билан музоркаралар олиб бориш учун Анқарага келди. Бу Доналд Трамп маъмурияти юқори мартабали амалдорининг Туркияга биринчи ташрифи бўлди.
Турк жамиятида мамлакат ички ва ташқи сиёсатига доир турли нуқтаи назарлар мавжуд. Аммо халқ бир масалада якдил. Доналд Трампнинг ҳокимият тепасига келиши Вашингтон ва Анқара муносабатларини мустаҳкамлаши зарур. Туркия президенти Ражаб Тойип Эрдоғаннинг республикачи президент билан 45 дақиқали телефон мулоқоти ва ҳар икки томон эътироф этганидек, ижобий ва самимий руҳда ўтгани бунинг исботи, десак янглишмаймиз. Суҳбатдан 48 соат ёки икки кун ўтиб, Анқарага МРБ раҳбари Майк Помпео етиб келди.
Трамп командасидан юқори мартабали меҳмон келишини турк ОАВ Туркия ва АҚШ муносабатларини “қайта тиклаш” сифатида баҳолашди. Барак Обама бошқаруви пайтларида мазкур муносабатлар унчалик яхши ҳолатда эмасди. Вашингтон турк раҳбариятини инсон ҳуқуқларини бузишда, сиёсий фаолларни қамоққа олишда айблаган бўлса, турклар америкаликларни курд бўлинмаларини қўллаб-қувватлагани учун танқид қилишди. Трамп эса Анқара раҳбарияти фикрича, мулоқотни ижобий томонга буриб юбориши ва Сурияда террорчиликка қарши қўшма курашга ёрдам кўрсатиши мумкин. Зеро, АҚШ ва Туркия “Ислом давлати”га қарши кураш олиб бораётган коалицияга расман аъзолар саналади.
Маълумки, телефон мулоқоти чоғида Эрдоған Трампни "Ўзини мудофаа қилувчи халқ кучлари" (Анқара томонидан террорчилар деб аталувчи суриялик курдлар) ни қўллашдан тийилишга чақирди. Вашингтондаги амадорларнинг айтишича, АҚШ президенти бу чақириққа аниқ бир жавоб қайтармаган, фақат курдлар масаласида қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказиш кераклигига ишора қилган. Афтидан бу вазифа Майк Помпеога топширилди. The Washington Post газетасининг ёзишича, Трампнинг юқори мартабали маслаҳатчилари олдинроқ қуролланган кудрлар мақсадга мувофиқлигини савол остига қўйишган, бироқ кейинроқ улардан тўла воз кечиб бўлмаслигига иқрор бўлишди. Айрим манбаларга кўра, Оқ уйда Apache русумидаги вертолётларни Раккага ҳужумни қўллаб-қувватлаш учун юбориш имконияти ҳам муҳокама этилган.
Қайд этиш керакки, Помпеонинг Анқарага ташрифи турк ҳарбийларининг Суриядаги муваффақиятлари соясида ўтди. Ўша кунлари Сурия озодлик армияси Туркия кучлари ёрдамида террорчиларнинг истеҳкомларидан бири Ал-Баб шаҳри атрофидаги муҳим баландликларни назорат остига олишди. Мазкур шаҳарга ҳужум Туркия томонидан "Фрот қалқони" операцияси доирасида ўтказилаётган бўлиб, унинг асл мақсади Сурия ҳудудининг 5 минг кв.кмни террорчилардан тозалаш ва у ерда хавфсизлик ҳамда парвозлардан ҳоли ҳудудни яратишдан иборат. 2016 йилнинг сентябрида Эрдоған мақсаднинг амалга ошиши муҳожирлик инқирози ва қочоқлар оқимини тўхтатиш имконини беришини таъкидлаганди. Сурия қочоқларни қабул қилиш бўйича Америка дастурларини бекор қилиш нуқтаи назаридан ушбу режалар Трамп учун фойдалидир. Ушбу дастурлар ўз ичига Сурияда оддий одамлар учун гуманитар хавфсизлик зоналари яратишни қамраб олади. Шу маънода, Сурия ва Ироқда ИШИДга қарши курашда курдлар билан ҳамкорлик, қочоқлар ва хавфсизлик зонасини яратиш масалалари биринчи навбатда муҳокама қилингани аниқ.
 Гулен “бош оғриғи”
Президентлик сайловолди кампаниясида Трамп 2016 йилнинг июлидаги ҳарбий тўнтариш уринишини бостиришга оид Эрдоған кўрган чораларга ижобий ёндашган эди.The New York Times га берган интервьюсида у Анқара билан бўлғуси муносабатларга умид билан қараётганини ва террорчиликка қарши курашда кўплаб қўшма ҳаракатларга қўл уришга ишонишини тан олди. "У вазиятни тўғрилагани учун юксак баҳо бераман", — деди Трамп. Журналистнинг давлат тўнтаришига уринишдан кейин Эрдоған минглаб одамларни ҳисбга олди ва ишдан ҳайдади, қабилидаги эътирозига жавобан республикачи шундай деди: "Ўйлайманки, ўзимизнинг давлатда нима юз бераётганини билмай туриб, бошқа давлатлар ишларида нима яхши-ю, нима ёмонни фарқлай олишимиз жуда қийин". 
Тўнтариш тайёрлашда расмий Анқара ФЕТО ни айблайди. Телефон орқали суҳбатда Трамп Эрдоғанга турк расмийларининг Гуленни топшириш ҳақидаги сўровларига “жуда жиддий” ёндашишини баён этди. Шубҳасиз, мазкур муаммо ҳам Майк Помпеонинг Анқарага ташрифи чоғида асосий масала сифатида кўтарилди. Аммо Гуленни топшириш қарорини МРБ директори ҳам, Доналд Трамп ҳам қабул қилолмайди. Бу АҚШ Адлия вазирлиги ихтиёридаги масала. Мободо вазирлик ҳам экстрадицияни маъқуллаган тақдирда Гулен иши бўйича сўнгги сўзни Федерал суд айтади.
Барак Обама президентлиги даврида Вашингтон Гуленни Анқарага топширишдан бош тортиб келди, аммо ҳозирги маъмуриятнинг бу мавзудаги қарашлари бошқачароқ. Трамп ва Эрдоған суҳбатидан илгарироқ янги маъмурият аъзоларидан бири, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси (эндиликда собиқ) Майкл Флинн Гуленни Туркияга топшириш таклифи билан чиқди.Унинг айтишича, бу диндор инсон радикал исломчи ("Агар у мўътадил бўлганида қувғинда юрмасди") ҳисобланади, шунинг учун мамлакатдан ҳайдаб чиқарилишга муносиб. Трамп маъмурияти Анқара билан кескинликка бормаслик учун Гуленни учинчи бир мамлакатга чиқариб юбориши ҳам мумкин. АҚШ Эроннинг ағдарилган шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийга ҳам шундай “мурувват” кўрсатганди. У АҚШдан Мисрга кетишга мажбур бўлган, кўп ўтмай оғир касаллик сабабли вафот этганди.
 
Диний мавзу
Айрим муаммолар бўйича Трамп ва Эрдоған қарашлари яқин бўлсада, ҳар икки етакчи учун муаммоли саналадиган масалалар бор. Улардан энг асосийси — Трампнинг бир неча мусулмон мамлакатлари фуқароларининг АҚШ ҳудудига киришини таъқиқловчи "мусулмонларга қарши" фармони ҳисобланади. Туркия ушбу рўйҳатга киритилмаган, бироқ ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси Трамп маъмуриятининг ҳаракатини қоралади.
Politico нашри Трамп ҳокимиятга келганида яхши кайфиятда бўлган турк раҳбарияти ва эксперт доиралари “қўлни ювиб қўлтиғига уришгани” ёзади. Туркиянинг консерватив ОАВ янги президентнинг Яқин Шарққа оид янги режаларини, аниқроғи, Трампнинг АҚШ элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчириш ниятни кескин танқид қилишга ўтишди. Маълумки, Қуддус мақоми БМТ доирасида аксарият мусулмон давлатлари томонидан баҳслашилади.
Помпео ҳамкасби, Туркия миллий разведка ташкилоти (MİT) раҳбари Хакан Фидан, президент Эрдоған, бош вазир Бинали Йилдирим билан учрашуви чоғида АҚШ-Туркия, Туркия-Европа Иттифоқи муносабатларини яхшилаш масаласини ҳам кенг муҳокама қилганига шубҳа йўқ. Зеро, Туркиянинг Россия билан яқинлашуви, йирик лойиҳаларни амалга ошираётгани, Анқаранинг ШҲТ каби Евроосиё ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётгани Вашингтон ва Брюсеелни ташвишлантираётган бўлса ажабмас.
Хуллас, Америка жосуслик тармоғи раҳбарининг Анқарага ташрифи осон кечмади. Позициялардаги ўхшашлик билан бир қаторда чигал, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар талайгина. Буни биргина ташриф доирасида ечиб бўлмаслиги муқаррар. Анқарада Майк Помпеога ўтган йилги твитини эслатишган бўлса ажабмас. Ўшанда у Эрдоған ҳукуматини “тоталитар исломий диктатура” деб атади. Фақат МРБ директори этиб тайинланганидан кейингина у ушбу ёзувни ўчириб ташлади.
 Абдували Сайбназаров,
vodiymedia.uz учун махсус

Биз Twitterда