Коррупцияга қарши курашни болалар боғчасидан бошлаш керакмикан?

Article
Мактабгача таълим муассасалари боланинг ҳар томонлама ўсиб улғайишида катта аҳамиятга эга. Айниқса тарбиячилар меҳрибон, ақлли ва билимли бўлса. Афсуски бугунги кунда айрим мактабгача таълим муассасалардаги баъзи бир тарбиячилар ҳақида бундай дея олмаймиз, улар ота-оналардан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилади. Бунга айрим ота-оналар ҳам сабабчи. Турли байрамлар, туғилган кунларда катта-катта совғалар қилиш ёки пул йиғиб бериш кабилар. Ҳатто баъзи ота – оналар бир биридан ким ўзарга қиммат-қиммат совғалар олишади. Нима учун бундай қилишаётганини сўрасангиз, ахир боламга қарайди – деб жавоб беришади. Савол туғилади, совға бермаган ёки кичикроқ совға берган ота-оналар фарзандларига яхши қарашмайдими?
Касби тақозоси билан чет элга узоқ мудатли сафарга бориб турадиган бир киши қуйидаги ҳолатни ҳикоя қилиб берганди:
“Сафар вақтида тез-тез оилам билан телефонда гаплашиб тураман. Кунларнинг бирида мактабгача таълим муассасига борадиган қизимга нима совға олишимни сўраганимда, қизим ўзига совғалар турини айтгандан кейин, “боғча опамгаям яхши совға олинг” деди. “Майли қизим, бирга борганимизда гул олиб борамиз” десам, “йўқ дада, яхшироқ, зўр совға олинг, ҳамма зўридан беради” деди. Унга “хўп, асал қизим,” дедимда, ҳайрон қолдим: Нима учун қизим бундай деди, 5 ёшли боланинг фикри нимага бундай, нима учун қизим онасига ёки бобожон, бувижонисига совға сўрамасдан боғча опасига сўради? Орадан анча вақт ўтгандан кейин қизим билан телефонда гаплашганимда, гап орасида “дада, бугун боғчамизда Муниса дугонамнинг туғилган куни бўлди, зўр торт беришди бизга, Мунисага совғалар беришди, сизам мени туғилган кунимни боғчада қиласиз-а?” деди. Мен, “қизим, туғилган кунингни қишлоқда бобонг, бувинг ҳаммамиз бирга қиламиз” десам, “боғчамда ҳам қилиб беринг, дадажон” деб ялинқиради. “Майли қизим”, дедим-у, яна ўша саволлар пайдо бўлди менда: Мактабгача таълим муассасаларида туғилган кун қилиш одати қачондан бери бор? Қизим тўрт йилдан бери боғчага боради, мен ҳали уни боғчасида туғилган кун қилиб берганим йўқ. Нима учун баъзи ота-оналар шундай қилишади, нима учун тарбиячилар буни қўллаб-қувватлайди? Тўғри, олиб борилган торт ва ширинликлар шу ота-онадан болалар учун эҳсон дейилиши мумкин, масалан мен ҳам қилсам камайиб қолмайман, лекин ҳамма ҳам шундай қилмайдику, кимнидир қурби етади, кимникидир етмайди ва ҳоказо. Туғилган куни нишонлаётган қизчанинг атрофидаги бошқа болалар психологиясига бу қандай таъсир қилади? У ҳам ахир шундай эътиборни кутади. Ота-онаси уни қилмасачи?
Мактабгача таълим муассасалардан бошлаб биз болаларимизни бундай дабдабага ўргатишимиз натижасида, боғча опаларни ота-оналар томонидан қўшимча рағбатлантиришни болалар нормал ҳолат деб қабул қилади ва бу албатта боланинг келажагига таъсир кўрсатиши табиий, яъни “пул ва совғаларнинг қимматидан берилса, сизга яхши қарашади” деган тасаввур ҳосил бўлади. Бу эса кейинчалик боланинг коррупцияга ҳам худди шундай, хотиржам муносабатда бўлишига сабаб бўлади.”
Коррупцияга қарши курашни болалар боғчасидан бошлаш керакмикан?

Биз Twitterда