Ишга жойлашдаги ёлғон маълумотлар, берилмаган кредитлар, ишга юзаки ёндашув – Сенат Сурхондарёни ўрганди

8-10 июнь кунлари Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилояти секторлари раҳбарларига бириктирилган ҳудудлардан танлов асосида биттадан туман – Бойсун, Шеробод, Музработ, Қумқўрғонни ўрганди.
15 июнь Сенати Кенгашининг ўрганишни муҳокама қилди. Танқидий руҳда ўтган мажлисини парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
 
 
Мажлисда сенаторлар томонидан вилоятдаги барча секторлар фаолияти самарали ташкил этилмаганлиги, бу борадаги ишлар ҳали тўлиқ тизимли йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди. Жумладан, айрим секторларда аҳоли томонидан кўтарилаётган, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ишларига юзаки ёндашилган.
Бундан ташқари, Музработ туманидаги “Алпомиш” МФЙ Денов қишлоғида аҳоли сонининг кўплиги боис мактаб муаммоси мавжудлиги, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида фуқароларни иш билан таъминлаш борасида қайд этилган ишлар бўйича айрим маълумотлар ўз тасдиғини топмагани танқид қилинди.
 
 
Яна бир жиҳат, Бойсун туманининг 1-сектори ҳудудида 12 та лойиҳа бўйича тадбиркорларга тижорат банклари томонидан жами 6 млрд. 174 млн. сўм кредит маблағи ажратилмасдан келинмоқда.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тўғри йўлга қўйилмаганлиги, ҳудудда ичимлик суви, электр энергияси муаммоларини бартараф этиш, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва қуриш, фаолияти тўхтаган корхоналарни қайта тиклаш бўйича зарур чораларни кўриш, экспорт бўйича прогноз кўрсаткичлар ижроси юзасидан тадбиркорларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, мажлисда секторлар раҳбарларининг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида ҳисоботлари эшитилди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
 

Биз Twitterда