Бу Швейцария эмас Чодак: "Распутин" кемпинг, коттедж ва ўтовлари

Бу Швейцария эмас Чодак: “Распутин” ўз қишлоғида фин услубидаги кемпинглар, коттедж ва ўтовлар мажмуасини ўз ичига олган замонавий туризм, дам олиш ва хизмат кўрсатиш марказини барпо этмоқда. 
 
 
Намангандан Тошкентга томон борадиган катта йўлнинг биқинида Қамчиқ довонига етмай туриб, Фарғона водийсининг энг гўзал гўшаларидан бири Чодак қишлоғи бошланади. У серсув, тоза ҳаво ва тошқин сув келтирувчи бетакрор сой ёқасида жойлашган. Атрофи эса тоғлар билан ўралган ғоят сўлим ва хушҳаво макон.
 
 
Тарихи яқин 4,5 минг йилга бориб тақаладиган Чодак ўзининг бетакрор табиати, қиру тоғлари ва сою жилғалари билан азалдан минглаб сайёҳлар учун севимли маскан бўлиб келган. Сўнгги йилларда Чодак қишлоғининг туризм салоҳиятини янада юксалтириш борасида кенг ҳажмли ишлар амалга оширилмоқда. 
 
 
Чодаксой бўйидаги бир гектарлик майдонда “Распутин Агро Сервис” МЧЖ томонидан барпо этилаётган дам олиш масканининг ўзига хослиги шундаки, бу ерда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун бир вақтнинг ўзида уч йўналишда хизмат кўрсатилади. 
 
 
Айни пайтда фин услубида қурилган, ҳар бири икки ўринли, барча қулайликлар мавжуд учта кемпинг қуриб битказилди.  Бундан ташқари 7 та икки қаватли коттедж типидаги меҳмон уйлари қуриш ишлари бошланиб, пойдевор қуйилган.  
Шунингдек, сой бўйидаги бўш майдонга 10 та ўтов қўйиш, маҳаллий ўзига хос таомларни таклиф этувчи тематик ошхона барпо этиш ишлари бошланган. 
 
 
"Барча ишларимиз замирида Чодакни ривожлантириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш, қишлоғимиз меҳмонлари учун қулай шароитлар яратиш ва шу бирга аҳолини иш билан таъминлаш, эл фаровонлигига хизмат қилишдек, буюк мақсад ётибди", - дейди туризм маскани раҳбари Раҳимжон Қўлдошев.
 
 
Мазкур туризм масканининг аҳамиятли томони шундаки, у Чодак қишлоғидаги диққатга сазовор манзилларнинг ўртасида жойлашган. Бу ерга келгунча масофада қадимий Чодак масжиди ва Исмоил Атойи мақбарасини кўришингиз мумкин. Дам олиш масканидан юқорига қараб бироз юрилса, Чирчир момо зиёратгоҳи, Бобо Юсуфи Ҳамадоний қадамжосига борса бўлади.
 
 Анвар Икрамов

Биз Twitterда