АҚШ манфаатига хизмат қилаётган Навбаҳор Имомовага кенг жой бераётган ЎзА, "Озодлик" билан "ҳамкорлик меморандуми"ни қачон имзолайди?

Foto: http://uza.uz
 
Очиғи, сўнгги пайтларда матбуот соҳасида эркинлик берилгани, Ўзбек матбуотига янги ҳаво олиб кирди. Оммавий ахборот воситалари масалаларга янгича ёндашув билан муносабат билдиришга бошлашди. Турли нашрларда халқаро миқёсда ҳамкорлик йўлга қўйилди, хорижий экспертларнинг юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар ҳақидаги фикрларига ўрин бериш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу жуда ижобий ҳолат. Фақат...
Республикамизнинг бош расмий ахборот манбаси ҳисобланган Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги – ЎзАда ҳам сўнгги пайтларда бугунги ахборот даври талабларига мос фаолият юритишга уринишни кўриш мумкин. Бироқ, ахборот сайтларидан фарқли ўлароқ, давлатнинг халқаро миқёсда расмий ахборот тарқатувчи ягона манбаси бўлган ЎзАдаги баъзи “ўзига хосликлар” диққатни тортмоқда.
Аввал Ўзбекистонга қарши бир томонлама деструктив фаолияти билан билинган “Америка овози”, “Озодлик”, “Би-Би-Си” каби боғлиқ нашрлардан иқтибос келтириш бошланди. Ортидан эса, бу нашрлар вакилларининг чиқишлари ҳам жой олди Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги сайтидан. Ҳаттоки яна бир Ўзбекистон ҳақидаги бўҳтонлари билан танилган бир бошқа хорижий нашрнинг материалини ҳам эълон қилишганди, адашганларини англаб, ўчириб ҳам ташлашди. Айланишди, ўргилишди, хуллас, охирида “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомовага ўз саҳифаларидан муттасил жой ажратиб беришди. Сингандан чиққандан бошқаси юқади дейишади-ку, бошқа ОАВ ҳам буни “янгича ишлашга давъат” сифатида кўриб, бу материалларни кўчириб босишга бошлашди.
Мана, охиргиси ҳаммасидан ўтиб тушди. “Америка овози” (!!!) мухбири Навбаҳор Имомова, Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ ташрифини ЎзА учун ёритиб турадиган журналист сифатида эълон қилинди. Бундан ўтадиган бемазагарчилик бўлиши мумкинми? Ўзбекистоннинг бош расмий ахборот манбаси учун АҚШ манфаатларини Ўзбекистонда ёйишни мақсад қилган нашр мухбири материал қиладими? Битта мухбир жўнатгани кучи етмаса, Алламжоновнинг "Фейсбук" саҳифасидан олиб беравермайдими материалларини!
Менинг Навбаҳор Имомованинг журналистлик салоҳиятига ҳеч бир шубҳам йўқ. АҚШ давлати ҳам бунга ишонганки, “Америка овози”га ишга олиб, маош ҳам белгилаб берган. Масала бошқа тарафда: Биз Ўзбекистоннинг расмий ахборот каналини АҚШнинг манфаатлари учун хизмат қилаётган шахсга нега очиб беряпмиз? Мана, эълон қилинди яқинда, Имомова “Америка овози”нинг мухбири сифатида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтибди. Бажонидил, ўз нашри нуқтаи назаридан АҚШ учун Ўзбекистондаги ҳаёт ҳақида хабарлар беришда эркиндир. Бироқ, юқорида айтганимиздек, қачондан бери ҳаттоки Ўзбекистон ҳудудида ҳам Ўзбекистон манфаатларини бир тийинга олмайдиган, АҚШ манфаатини ҳимоя қилишни ўзига мақсад билган нашр ходимига бундай эътибор пайдо бўлди? Бу кетишда яқинда ЎзА билан “Озодлик” ўртасида “ҳамкорлик меморандуми”ни ҳам кўрадиганга ўхшаймиз...
Broadcasting Board of Governors деган ташкилот бор АҚШда. “Ахборот тарқатув бошқарувчилари кенгаши” сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак. 1953 йилдан 1999 йилгача АҚШ ташқи тарғибот агентлиги сифатида фаолият юритган. Бу ташкилотнинг бюджети салкам бир миллиард АҚШ долларига тенг. Ўз ичига бизга яхши таниш бўлган, “холисликларидан” инсоннинг сочи тикка бўладиган “Озодлик” ва “Америка овози” каби ОАВларни бирлаштиради. АҚШнинг манфаатлари учун хизмат қилади. Бундай бошқа ҳеч қандай мақсад вазифаси йўқ. Бу ОАВ деб аталмиш тарғибот машиналарининг асосий истаги “Демократия ҳамда инсон ҳуқуқлари” деган шиорлар билан АҚШнинг чизиғидан юрмаган давлатлар ичида жамиятни бузишга, мавжуд ҳукуматни обрўсизлантиришга, турли бўҳтонлар билан давлат тузумига қарши ғоялар шакллантиришга уриниш экани дунёнинг кўплаб мамлакатларида очиқ эътироф этиб келинади.
Яна бир бошқа хусус, Америкада бир комиссия фаолият юритади: Диний эркинликлар бўйича АҚШ давлат комиссияси. Маслаҳат органи ҳисобланган бу комиссиянинг вазифаси, айтилишича, АҚШ президентига, Давлат секретарига ва Конгрессга сиёсий тавсия беришдан иборат. Яқинда, 2017 декабрда бу комиссия АҚШ Ҳукуматига “Америка овози” ва “Озодлик”нинг Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа собиқ иттифоқ ҳудудларидаги фаолиятини молиялаштиришни ошириш шарт эканлиги тавсиясида бўлган. Мақсадни яшириб ҳам ўтиришмайди: АҚШнинг ғояларини бу давлатларда кенг ёйиш, диний эркинликларни таъминлаш термини остида “Иегово Шоҳидлари” ва бошқа таъқиқланган секталарга йўл очиш. Буларнинг ўзиёқ бу ОАВларни умуман чеклаш талабини келтириб чиқаради. Энди масалани чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, бу эълон қилинган мақсадлар аслида АҚШ нима учун бу оммавий ахборот воситаларини молиялаштиряпти деган саволга юзаки жавоб бериш учун холос. Жуда тор доираларда билинадиган бунданда “аниқроқ” мақсадларнинг йўқлигига ким кафолат беради?!
Хўш, нима демоқчимиз? Марказий нашрларнинг “бепул рекламаси” натижасида Ўзбек матбуот маконида бу палаги бузуқ ОАВларни жиддий ахборот манбаси сифатида қабул қилиш бошланади. Буларнинг истаги ҳам айнан шу. Ортидан, Ўзбекистоннинг ички матбуот маконида ўйинчи бўлишга уринишади. Эртага юртимиздаги ҳар бир янгиликни ўз хўжайинлари манфаатига мос равишда талқин қилиб, ўзимизга едиришга бошлашади. Биз бўлсак энди уларни жиддийга олманг дея олмай қоламиз, сабаби ўзимиз мақтаб-мақтаб, жиддийга олиниши шарт бўлган ОАВ шаклига келтириб қўйган бўламиз...ИШИДни шундоқ биқинимизга олиб келиб ўрнаштириб, уларни “янги мақсадлар” учун тайёрлаб турилган бир пайтда, ахборот маконимизни ёт ғоялар тарғиботчиларига бериб қўйиш яхшиликка олиб бормайди! Демади деманглар...
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда