Саргсян эътирофи – Хўжали Тоғли Қорабоғни жондан тўйдириб юборганди

Article
«Халқаро тинчлик йўлида» Карнеги Фонди таҳлилчиси Томас де Ваалга 2000 йил 15 декабрда берган интервьюсида Арманистоннинг ўша пайтдаги мудофаа вазири, амалдаги президент Серж Саргсян Россиянинг 366-полки Хўжали шаҳрининг ишғолида ёрдам берганлигини ва амалга оширилган жиноят олдиндан режалаштирилган ҳаракат эканлигини тан олганди. Интервью тўла матни орадан кўп йиллар ўтибгина эълон қилинган.
«Озарбайжонликлар артиллерияси ўқи етиб бормайдиган Қорабоғнинг бирорта нуқтаси бўлмаганди. Ўшанда биз Хўжали, Малибейли, Шуша, Агдам ва қолган барча ҳудудларда бирин-кетин операция ўтказдик. Шунчаки фронт линиясини мана бу ердан ўтказамиз, деган совуққон ҳисоб-китоб қилгандик», деган эди ўз интервьюсида Саргсян.
Axar.az Хўжали фожиасига таллуқли интервьюнинг бир қисмини тақдим этади:
Томас де Ваал. Менинг маълумотларимга кўра, сизга масалан, 366-полк ёрдам кўрсатган, 1992 йил сентябрида Озарбайжоннинг ҳужумини қайтариш учун Хўжалида яна қандайдир қўллов кўрсатилган.
С. С. Мен 366-полк айрим зобитларининг қандайдир иштирокини инкор қилмайман, аммо, биринчидан, мазкур полк бизга эмас, ўзига ёрдам берган, чунки озарбайжонликлар «Град» билан фақат бизгамас, 366-полкка ҳам зарба беришди. Демакки, улар ўз ҳаракатлари устида ўйлашлари керак.
Иккинчидан, 366-полкда кўплаб арман офицерлар хизмат қилган, шу маънода улар қўмондонликни огоҳлантирмасдан бизга кўмак беришлари мумкин эди. Улар шундай йўл тутишди. Қорабоғ армиясининг ҳозирги қўмондони, генерал-лейтенант [Сейран] Оганян батальон командири бўлган. У қандай қилиб бизга кўмак кўрсатмасди?
Т. В. Агар биз армияни профессионаллаштириш даражаси ҳақида гапирадиган бўлсак, мен ҳам сиздан Хўжали хусусида сўрамоқчи эдим. Чунки Хўжалидан қочиш чоғида жуда кўплаб озарбайжонликлар ҳалок бўлганини ҳеч ким рад этмайди, бу Аскеранлик қандайдир Қорабоғ отрядларининг қўли бўлса керак?
С. С. Биласизми, бундай нарсалар ҳақида баланд гапирилмайди. Бўлиши мумкин нарсалар ҳақида гапирилади. Мен ҳам шундай йўл тутмоқчиман. Биринчидан, Озарбайжоннинг собиқ раҳбари ҳужумни уюштирганлар арман эмас, балки озарбайжонликлар бўлганини айтганди. Аммо очиғини айтайин, ҳақиқат бошқача. Яъни Хўжали бир вақтлар бутун Қорабоғни жудаям жонига текканди, чунки у ерда аэропорт жойлашган, чунки бизнинг Арманистон билан ягона алоқамиз ҳаво транспорти эди, чунки у ерда ОМОН жойлаштирилган, бу ерда қандайдир режалар тузишар, кўплаб одамларни қамоққа олишарди.
Бундан ташқари, Степанакерт (Ханкенди) остонасида туриб олиб, Қорабоғни ўққа тутишга жазм қилишди. Ўйлайманки, энг муҳими бошқа нарсада. Хўжали воқеаларигача озарбайжонликлар арманлар тинч аҳолига қарши қўл кўтаролмайди, деб ўйлашарди. Бу фикрларнинг барчасини чиппакка чиқариш керак эди. Шундай бўлди ҳам. Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, бу (жангарилар назарда тутилмоқда) болалар орасида Бокудан, Сумгаитидан қочганлар бор эди.
Шунга қарамай, жуда кўп воқеалар ошириб, бўрттириб юборилган Озарбайжонликларга қандайдир жойни Сумгаитига таққослашга баҳона керак эди. Аммо уларни таққослаб бўлмайди. Тўғри, аслида Хўжалида тинч аҳоли бор эди. Бироқ тинч аҳоли орасида ҳарбийлар ҳам бўлган. Снаряд учган пайтда у тинч аҳолини аскардан ажратиб ўтирмайди, унинг кўзи йўқ. Кетишга ажойиб имконият мавжуд бир пайтда агар тинч аҳоли у ерда қолар экан, демак, улар ҳам жанговор ҳаракатлар иштирокчиси ҳисобланади...
 
Арманлар томонидан Хўжали геноциди содир этилган сана нишонланаётган шу кунларда Қорабоғдаги унча катта бўлмаган ушбу шаҳарда тинч аҳолига қарши содир этилган энг қонли ҳодисаларни эслаш ўринли. 
Миллий мансублик доирасида болалар, аёллар ва қарияларга қарши содир этилган қонли ва инсонийликка зид вахшийликлар қалбни ларзага келтиради, қонни қайнатиб юборади.
Axar.az арман халқининг энг ваҳший мафкурачиларидан бири Зория Балаяннинг “Руҳларимизнинг уйғониши” номли китобидан иқтибослар келтиради. Унда 1992 йил 26 февралида содир этилган жиноятлар ҳақида очиқчасига ёзилган:
"«…Ишғол қилинган уйлардан бирига Хачатур билан кирганимизда бизнинг аскарлар ёш турк болани деразага михлаб ташлашган экан. Дод-вой солмаслиги учун Хачатур унинг оғзига ўлдирилган онасининг кесилган кўкрагини солиб қўйди. Кейин боланинг кўкрагидан қорнигача пичоқ тортиб юбордим. У орадан етти дақиқа ўтиб қон йўқотишдан ўлди. Руҳим хурсандчиликка тўлди. Хачатур боланинг жасадини қисмларга бўлиб улар қавмидан бўлган итларга ташлади. Кечаси яна учта турк қавмидан бўлган болакайни шу аҳволга солдик. Мен арманларни севадиган киши сифатида ўз бурчимни бажардим. Мен ҳар бир арман бизнинг ҳаракатларимиздан фахрланишини билгандим".
Ҳозирги кунда Ливанда истиқомат қилаётган яна бир арман муаллифи, ёзувчи-журналист Давид Хердиян Хўжалида озарбайжонликларга нисбатан содир этилган вахшийликларни “Хоч номи йўлида” номли китобида фахр билан эсга олади:
"Эрталаб азонда Дошбулоқ номли жойга яқин ботқоқдан ўтиш учун инсон жасадларидан барпо этилган ўзига хос кўприк бўйлаб ҳаракатландик. Мен жонсиз инсон жасадлари усти бўйлаб юришдан бош тортганимда, Оганян фамилияли подполковник мени қўрқмасликка буюрди. Мен командир бўйруғига бўйсуниб, ботқоқдан юриш учун 9-10 ёш атрофидаги қизчанинг кўкрагига оёқ қўйишга мажбур бўлдим. Оёқ кийимим ва шимим қонга беланди. Хуллас, мен 1200 нафар жасадни тепалаб ўтдим".
"Арманларнинг Гафлан гуруҳи (жасадларни куйдириш билан шуғулланувчи) 2000 атрофидаги мўғуллар (турклар) жасадларини йиғиб Хўжали ғарбидан бир чақирим масофада тўп-тўп қилиб ёқиб юборди. Охирги юк машинасида боши ва қўлидан яраланган 10 ёшли қизчага кўзим тушди. Диққат билан назар солсам, аранг нафас оларди. Совуқ, очлик ва олинган жароҳатларига қарамай, қизча ҳали тирик эди. Мен ўлим билан олишаётган бу қизчанинг кўзини ҳеч қачон унутолмайман! Кейин Тигранян исмли аскар унинг қулоғидан ушлаб танасига мазутли латтани ўради. Сўнгра уларни ёқиб юборишди. Шу пайтда ҳам ёрдам сўраб қичқирганлар ҳайқириғини эшитдим"...
 
Абдували Сайбназаров,
vodiymedia.uz учун махсус

Биз Twitterда