Муҳокама учун мавзу: Ўқитувчи уради ҳам, сўкади ҳам!

 
Очиғи, “сўз ва матбуот эркинлиги” жазавасида, “танқид қилиш” учун танқидлар кўпайган даврда матбуотнинг энг кўп “осилган” соҳаларидан бири таълим тизими, аниқроғи ўқитувчилар бўлаётгани таажжубга солади инсонни. Бугунгача хориждаги “ғаламис-медиа”нинг “мавзу”си бўлган “ёмон ўқитувчи” масаласи, энди “эри билан ажрашган қўшиқчилар ёхуд турмушга чиқмоқчи бўлган санъаткорлар” ҳақидаги материаллар билан биргаликда миллий матбуотнинг “кун тартиби”га чиқди.
Нима бўляпти ўзи инсонларга? Ўқитувчи деб аталмиш зот, бировнинг фарзандини ёмон бўлсин дейдими?! Бировнинг кўз қароғи бўлган фарзандини шунчаки кўнгли истагани учун уришадими?! Мақсад битта: Одам бўлсин, жамиятга фойдали бўлиб етишсин! 
Аммо биз нима қиляпмиз: Ғарбнинг бизга тиқиштирган ғоялари сабаб, “бонг уряпмиз”, қандай қилиб ўқитувчи ўқувчига қаттиқ гапириши мумкин деб!
Ўқитувчига болани етаклаб бориб, нима деганмиз тарихда: “Эти сизники, суяги бизники!” Бундан муносабатдан келиб чиққан “Устоз отангдай улуғ” нақли. Аммо бугун жамиятимизда пайдо бўлган “сўз ва ифода эркинлиги” жараёнида ўқитувчиларга бўлаётган муносабатни кўриб, ҳайрон қоласан инсон. Нимаймиш, “фалон ўқитувчи биринчи синф ўқувчисига бақирганмиш, фалон ўқитувчи ўқувчини сўкканмиш, фистончи ўқитувчи жазо қўллаганмиш...” Ия, нима қилишини хоҳлайсиз? Бизда таълим ТАРБИЯ билан муштарак эканини шунчалик тез унутворяпмизми? Уйда ота-она таълим бермаса, одобни, ўзини тутишни ўргатмаса, дарсини тайёрлатмаса, фарзандининг ижтимоийлашишига эътиборсиз бўлса, бу бўшлиқни тўлдиришга уринаётган ўқитувчи айбдорми энди?
Ўқитувчи интизом сақлаш мақсадида кимгадир, қандайдир жазо қўллаши, таълимда қадимдан бўлиб келган. Семинарияларда ҳам, эски мактабларда ҳам ўқувчи интизомни бузгани учун жазоланган. Лекин мақсад битта бўлган ва бўлади: ўқувчининг яхши бўлиши! Ким агар “урмай-сўкмай, бир оғиз ҳам қаттиқ гапирмай таълимни ташкил қилса бўлади” дейдиган бўлса, ё Ойдан тушган бўлади ёки хаёлпараст бўлади. Мана, ҳаммамиз ўқувчи бўлганмиз. Ким бесабаб калтак еганини эслайди? Яхши ўқиб, одобли бўлганларни бирор марта бирор ўқитувчи тергаганини кўрганмисиз?
Шу ўринда бошқа ҳолатни ҳам келтириб ўтаман: 2011 йили Буюк Британия таълим вазирлиги мактабларда ўқувчиларни жисмоний куч билан жазолашга расман рухсат берди. Ҳолбуки, инглиз мактабларида 1986 йилдан бери бу нарса таъқиқлаб қўйилганди. Магарки, ўқувчиларнинг ўзаро беҳурматсизликлари, ўқитувчиларни назарга илмасликлари, статистик маълумотларга кўра, 40% мактаб ўқитувчилари ўқувчилар томонидан камситишга учратилгани бу таъқиқни бекор қилинишига олиб келди. Мана, биз қаерга кетяпмиз! Ҳолбуки, Хитой ҳам ўтган йилдан бошлаб ўқувчиларни керак бўлса калтаклаб тарбиялашга расмий рухсат берди...
Бунинг ортидан келадиган навбатдаги жараённи айтайми? Боласини тергаган, уриб-сўккан ота-оналарни “танқид қилиш”га бошлаймиз яқинда! Чунки бизга “ўргатаётганларнинг” ғоясига кўра, “инсон ҳуқуқлари биринчи ўринда, бола ҳам ота-онаси билан тенг ҳуқуқли, фарзандига қўл кўтарган ота-онани судга бериб, жазолаш керак...”
 Демади деманглар, қадриятларимиздан бунақа шаклда воз кечиш яхшиликка олиб бормайди....
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда