Фожиона тақдир

 
Ўтган асрнинг 30-йилларида қатағонга учраган ватандошларимизнинг аксарияти (балки ҳаммаси) миллий уйғониш даврининг арбоблари, қаҳрамонлари эдилар ва Ибрат ҳам ўшалар сафидаги ёрқин юлдузлардан бири бўлган. Хаёлга келадики, башарти Муқимий, Фурқат, Завқий, Аваз Ўтар (ва бошқалар) узоқ умр кўриб, 30-йилларга етиб келишса, албатта, Ибрат ва унинг ҳаммаслаклари каби улар ҳам қамалиб, отилиб кетишарди. Чунки, қатағоннинг қасди ягона: миллатнинг гулини йўқ қилиш, аяш ва раҳм-шафқатга асло ўрин йўқ.
Қолаверса, даҳрийлар наздида Ибратнинг таржимаи ҳоли ниҳоятда “шубҳали”: Қуръон ўқиган, қозилик қилган, бойлиги ҳам йўқ эмас, тили аччиқ, ҳажга борган, ажнабий юртларда, ҳатто Европада яшаб келган. (У пайтда чет давлатларда юрган киши “айғоқчи” деган айблов билан ҳибсга олиниши ҳеч гап эмасди).
Ибрат Наманганда муаллимлик қилган Акмал Икромов билан қадрдон эди. Унинг бундай “ишончсиз” дўстлари орасида кимлар йўқ эди дейсиз: Файзулла Хўжаев, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Муҳаммадшариф Сўфизода, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир... Ахир Ибратни бутун Ўзбекистон биларди, уни Қозон ва Уфада, Қримда, Бокуда, чет элларда танишарди. Айтинг-чи, қатағончилар шундай зиёлини қамамаслиги мумкин эдими? Алалоқибат, 75 яшар мўйсафид ўзбекнинг энг сара улуғлари  фожиасига тақдирдош бўлди.
Уни 1937 йили 14 март куни ҳибсга олишган. Илк  баҳор чоғи Ибратнинг хонадонида тинтув ўтказилади. Чарм чопон кийган НКВД (Народный комиссариат внутренних дел – Ички ишлар халқ комиссариати) ходимлари қўлларига кирган дафтар-китобни олишди. Бугун икки хил фикр бор: ўша бойликлар Ибрат билан ё Андижон турмасига ашёвий далил сифатида олиб кетилган, ё ҳозирги трактор таъмирлаш корхонаси ҳудудига кўмилган. Негаки, ўша пайтлари бу ерда турма бўлган ва 30-йилларда сайҳонликдан ўра кавлаб, китоблар устига тупроқ тортилган экан...
Ибрат бир неча кун Тўрақўрғон турмасида сақлангач, Андижонга олиб кетилган. Оғзаки гапларга қараганда, у киши Андижон турмасида қирқ кун ётган ва шу муддат давомида фақат берилган сувни ичган, овқатга эса қарамаган. Кейин вафот этган (Турмада бир рус назоратчи бошига уриб ўлдиргани ҳақида ҳам гаплар юради).
Бу хабар Тўрақўрғонга етиб келгач, янги келинчак бўлган Зарифахон (Адҳамжон Низомовга Ибрат қамалмасидан бурун узатилган) ва куёв Андижонга бориб, турмага кирмоқчи бўладилар, лекин киролмайдилар. Иттифоқо қамоқхонада ишлайдиган бир киши билан учрашадилар. У маҳбус Исҳоқхон Жунайдуллаевнинг ўлгани ростлигини айтади ва кундузи хавфли бўлгани учун кечаси қабрни кўрсатиб қўяди. (Айрим муаллифлар Ибратнинг вафот этган манзили Тошкент деб янглишадилар, у киши 1937 йилда Андижон турмасида қазо қилган ва пахта заводи яқинидаги қабристонга  дафн этилган). Кейинчалик марҳум аллома хоки Андижондан Наманганга олиб келиниб, Ибратнинг аждодлари ётган Муллакудинг қишлоғидаги эски қабристонда унинг рамзий қабри барпо этилди.
Ноҳақ айбланиб, қатағон қилинган Ибрат вафотидан сўнг  22 йил ўтиб, яъни 1959 йилда оқланади. Бу тўғрида марҳум алломанинг юрти Тўрақўрғонга Андижон вилояти прокурорининг ўринбосари имзоси билан расмий хат келади. Ротипхон ака уни онаси Собирахонга ўқиб беради:
«Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, Сайрам қишлоқ совети, Сталин номли колхозда яшовчи фуқаро Исҳоқов Ротипхонга.
№3326, 2 октябрь 1959 йил.
Сиз отангиз Жунайдуллаев Исҳоқхоннинг жиноят ишини қайта кўриб чиқиш бўйича йўллаган шикоят юзасидан тубандагиларни маълум қиламан.
Жиноят иши 1959 йил 30 сентябрь куни қайта кўриб чиқилди ва отангизни айблаш учун далил-исбот бўлмагани учун иш тўхтатилиб, отангиз вафотидан сўнг оқланди.
СССР Министрлар Советининг 1955 йил 8 сентябрдаги қарорига биноан сиз отангиз ишлаган ташкилотдан у кишининг икки ойлик маошини олишингиз мумкин. Пул отангиз оқланган пайтдаги лавозим ставкаси учун белгиланган миқдорда тўланади. Башарти, у корхона ёки муассаса тугатилган бўлса, 2 ойлик иш ҳақи унинг вориси бўлган жамоа томонидан, агар у ҳам бўлмаса, тааллуқли министрлик (маҳкама) ҳисобидан қопланади.
Андижон вилояти прокурорининг
ўринбосари, адлия кичик
маслаҳатчиси:
(имзо) Мирзаалимов.» (Русчадан таржима қилиб олинди.)
Она ва боланинг кўзларидан ёшлар қуйилди. Кечга томон ҳовли одамга тўлди, Ибратнинг фарзандлари, набиралари, қўшнилар, қариндошлар... Элга билдириш қилиб, дастурхон ёзилди. Кейин Ротипхон ака Андижонга жўнади.
Жудолик, ғам-алам, тирик етимларнинг кўз ёши, хўрликлар Собира ойимнинг юрак-бағрини адо қилганди. Ахир 22 йилни кўчага қараб ўтказиш осонми?  У 1959 йил янги йилга ўтар кечаси вафот этди.
Расулбек Умматов

Биз Twitterда