Украинада Порошенко-Саакашвили зиддияти сабаб яна қонлар тўкиладиганга ўхшайди...

 
Мамлакат президенти Петр Порошенко ўз мавқеини кучайтириш мақсадида “транфер қилган” Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили бир-икки йилда ўзининг океанорти раҳнамолари кўмагида Украина сиёсий майдонида ном қозонгач, давлат раҳбари ўз хатосини тушуниб етди. Саакашвили унинг чўнтагига солиб қўйилган бомба эканлиги ва ниҳоят Порошенкога аён бўлди. Одесса вилоятининг собиқ губернатори Саакашвили “Рух - янги кучлар” партиясини тузиб, иқтидордаги ҳукуматга реал хавф сола бошлагач, Порошенко собиқ грузинни собиқ украинга айлантириб, унинг Украина фуқаролигини бекор қилди.
Саакашвили индамай кетармиди! У бу қарорнинг қонунга зид эканини таъкидлаб, 10 сентябрь куни Польшанинг Украина билан чегарадош қисмидаги назорат пункти орқали мамлакатга қайтишини эълон қилди. Бу Украинада яна сиёсий тўполонларга туртки бериши кутилмоқда. Сабаби Юлия Тимошенко ва унга ўхшаган бир талай “сиёсий артистлар” Саакашвилини кутиб олиш учун Львовга келишини баён қилиб, барча ўз тарафдорларини ҳамда Саакашвилини қўллаб-қувватловчиларни ҳам бу ерга таклиф этишди. Порошенко тарафдорлари эса аллақачон Карпаторти вилояти бўлган Львовда Сааакашвилига қарши намойишлар ўтказишга бошлаб юборишган... Хулллас, 10 сентябрь “демократлашиб” кетган Украина ҳудудидаги навбатдаги “демократик қон тўкилиши” ҳамда “демократик нотинчлик”нинг старт оладиган санасига ўхшаб қолди...
Михаил Саакашвили АҚШнинг қўлида бир қўғирчоқ эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Тасаввур қилинг, Грузияга президент этиб сайлангач, унга маошни дунёдаги нотинчлик ва ғаламисликларнинг асосий ташкилотчиси бўлган Жорж Сорос фонди тўлаб келган. Ҳозирда Грузияда қидирувда бўлган Саакашвили энди ўзи туғилган мамлакат қолиб, Украинада ҳам тегишли кучларнинг манфаатлари ҳимоясига бел боғлагани унга катта дов тикилганини кўрсатади. Чунки дунё тарихида деярли имконсиз ҳолат юзага келмоқда. Бир мамлакатнинг президенти бўлиб, ўнлаб айбловлар билан у ердан қочиб кетган шахс иккинчи бир мустақил мамлакатда давлатни эгаллашга яқинлашмоқда. Бу ерда ё иккинчи мамлакат мустақил эмас, ёки бу шахснинг орқасида турганлар ўта қудратли деган табиий хулоса келиб чиқади...
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда