Украина АҚШ ва Россияни доғда қолдирди

Article
Украина ва яна саккиз мамлакат 2017 йил учун БМТ  бюджетини шакллантирадиган бадалларини тўлақонли ҳисоб-китоб қилиб бўлишди. Бу ҳақда ташкилот бош котибининг расмий вакили  Стефан Дюжаррик журналистларга маълумот берди.
"Ангола, Арманистон, Бенин, Доминикан Республикаси, Венгрия, Либерия, Сенегал, Жанубий Судан ва Украина аъзолик бадалларини 100 фоиз  тўлаб бўлишди. Яна 17 мамлакат тўловларни қисман амалга оширди ", - деди Дюжаррик.
Ҳар бир мамлакат тўлайдиган бадал миқдори, давлатнинг сўнгги ўн йилликдаги ЯИМнинг ўртача кўрсаткичи,  аҳолининг жон бошига даромади ва унинг ташқи қарзларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Айни пайтда ташкилотнинг энг йирик донори АҚШ бўлиб турибди. Америкаликларнинг БМТ бюджетидаги улуши 22 фоизга тўғри келади. Бу эса 750 миллион доллардан ошиққа тўғри келади. Россиянинг улуши  эса  бюджетнинг 2,5 фоизини ташкил этади. 2016 йилда руслар ташкилот ҳисобига 76,7 миллион доллар бадал пули ўтказишган.
2017 йил учун тўла ҳисоб-китоб қилган малакатлар орасида энг кўп пулни БМТ ғазнасига Венгрия тўлади  - 4 миллион доллар.  Украина эса  2,6 млн. доллар пул ўтказди. Улар орасида энг кам тўлаган давлат Либерия бўлди. Африкаликлар  25 минг доллар билан бадалдан қутилдилар. Чунки ташкилот томонидан ушбу ночор мамлакатга белгиланган бадал пули шунчани ташкил этади.   
Агар аъзо мамлакатлар бадални ўз вақтида тўламасалар, улар овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлишади. Бундай ҳолатлар жуда камдан кам содир бўлсада, 2016 йил январида шунга дуч келинди.  Венесуэла, Эрон ва яна беш давлат Бош ассамблеяда овоз ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бир ой давомида қарзларини тўлаб, ушбу мамлакатлар ўз ҳуқуқларини қайтариб олдилар.
Украина бу борада биринчилардан бўлиб иш кўрди. Шу тариқа, улар ҳамкорлари -  АҚШни ҳам, муносабатлари ўта совуқлашиб бораётган қўшнилари -  Россияни ҳам ортда қолдирдилар. 

Биз Twitterда