Трампнинг ижросиз қолаётган яна бир кўрсатмаси: Нью-Йорк прокурори истеъфога чиқишдан бош торди

Article
Нью-Йорк штати Жанубий округи прокурори Прит Бхарара истеъфога чиқишни режалаштирмаяпти. Ваҳоланки, жума куни мамлакат президенти Дональд Трамп унинг истеъфога чиқариш борасида кўрсатма берганди. Бу ҳақда шанба куни CNN телекомпанияси хабар берди. 
Бхарара бу ҳақда ўз ёрдамчиларига маълум қилган. Ҳозирча прокурор бу борада расмий баёнот берганича йўқ.
Жума куни АҚШ адлия вазирлиги турли штатларнинг 46 федерал прокурорини Трамп маъмурияти томонидан истеъфога чиқаришга буйруқ берилгани ҳақида маълумот берганди. Уларнинг бари демократ Барак Обама президентлик даврида лавозимга тайинланган бўлиб, одатда давлат раҳбари алмашганда прокурорлар ҳам лавозимидан кетади. Бхараранинг ўз лавомидан кетишни истамаётгани, уни ишдан бўшатилиши билан якуни топиш эҳтимоли юқорилигини билдириб турибди, дейилганди телеканал шарҳида.
Ҳақиқатдан ҳам, орадан бироз вақт ўтиб, Бхарара ўзининг твиттердаги расмий саҳифасида "Мен истеъфога чиқмадим, мени ишдан бўшатишди. Прокурор бўлиб ишлаш мен учун катта фахр эди", деб пост қолдирди.
2016 йил ноябрида Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг Нью-Йоркда Бхарара билан кўришиб, уни ўз лавозимида қолишига ишонтирганди. АҚШ адлия вазирлиги ва Оқ Уй бу ҳодисага ҳозирча изоҳ бермади.

Биз Twitterда