Тожикистонда қор кўчкиси оқибатида етти киши қурбон бўлди

Article
Тожикистонда Душанбе-Хўжанд автомобиль трассасининг 51 км дан 71 км гача қисми 28 январд 40 бор қор кўчкиси юз бериши сабабли тўсилиб қолганди ва 200 дан ортиқ машина йўлда қолиб кетганди. Одамларни эвакуация қилиш учун Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари ўринбосари, полковник Салимзода бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, 28-29 январь кунлари олиб борилган қутқарув ишлари натижасида 800 киши, 50 та юк машинаси ва 150 та енгил машина эвакуация қилинди, деб хабар беради Asia-Plus.
Охирги кунларда об-ҳаво кескин ўзгараётгани сабабли Ҳисор тизмаси тоғларида, Тоғли Бадаҳшон автоном вилоятида, Душанбе-Хоруғ, Душанбе-Хўжанд, Душанбе-Жирғатол, Хоруғ-Ишкашим автомобиль йўлларида қор кўчкилари юз бериши хавфи сақланиб турибди.
29 январь куни қутқарувчилар Душанбе-Хўжанд автотрассасидаги 150 метр чуқурликдаги жарликдан тўрт кишининг жасадини топишди, бир қурбон машинасида қўчки остида қолган ҳолда топилди. Яна икки киши эса бугун Хоруғ-Ишкашим автотрассасида рўй берган кўчки оқибатида ҳалок бўлган.

Биз Twitterда