Покистон 30 йилдан сўнг Россияга 93,5 млн. долларни қайтаришга қарор қилди

Покистон ҳукумати Россияга икки давлат ўртасидаги 30 йиллик келишмовчилик боиси бўлиб келган 93,5 млн. долларни қайтаришга қарор қилди.  Бу ҳақда Express Tribune ёзмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, ушбу маблағни 90 кун ичида қайтаришни кўзда тутилган битим имзоланган.
 
 
Ушбу қарз ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ Иттифоқнинг Покистондан енгил саноат маҳсулотларини импорт қилаётган пайтларда юзага келганди. Ўзаро ҳисоб-китоблар учун Покистон Миллий банкида совет ҳисоб рақамлари очилганди. Иттифоқ тарқаб кетгач покистонлик экспортчилар моллари учун тўлов тўланмай қолганини иддао қилишганди. Якунда, 1996 йили Синд вилояти суди Россия ҳисоб рақамларининг Покистон миллий банкидаги ҳаракатига чеклов қўйганди.
Шу тариқа русларнинг 117 млн. доллар маблағи таъқиққа тушганди. Битимга кўра, бу маблағнинг 93,5 миллиони қайтарилади. 23,8 миллиони эса Покистон экспорт компанияларига берилади.
Бу муаммонинг ечилиши, Покистонга Россия инвестициялари эшигини очади. Россиялик инвесторлар Покистон иқтисодига 8 млрд. долларга яқин маблағ киритиш ниятидалар.  Ҳамкорлик асносида металлургия саноати ва энергетика соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Биз Twitterда