Молиявий қаллоблик макони бўлмиш офшор ҳудудларни йўқ қилиш масаласи G20 саммитида муҳокама қилинади

Article
Германиянинг таклифи билан G20 мамлакатлари молия вазирлари саммитида иштирок этувчи Польша тараққиёт ва молия вазири  Матеуш Моравецкий ушбу нуфузли йиғинда офшор ҳудудларни йўқ қилиш таклифи билан чиқишини маълум қилди. Германиянинг Баден-Баден шаҳрида ўтказиладиган кучли йигирматалик давлатлари саммитида поляклар таклифи муҳокама этилади.  
“Биз куннинг ва замоннинг долзарб муаммосини муҳокама қиламиз. Европа Иттифоқининг барча мамлакатларида ўн миллиардлаб доллар миқдоридаги солиқлардан қочиш имконияти борлиги бизни хавотирга солмоқда. Биз офшор ҳудудларни йўқ қилинишини истаймиз. Айнан шунда кичик бизнес ривож топади. Монополияга чек қўйилиб, рақобатбардошлик таъминланади”, - дейди вазир.
Офшор ҳудудлар ва мамлакатлар, офшор компаниялар замонавий бизнесда ривожланаётган мамлакатлар учун бош оғриқ бўлиб қолмоқда. Бундай ҳудудларда хориж компания корпорациялари учун алоҳида шароитлар яратилиб, улардан солиқ олинмайди. Айнан шу жойларда молиявий қаллобликлар, жиноий пулларни “ювиш” ишлари амалга оширилади.
Қора ишларга мойил тадбиркорлар ўз бизнесларини айнан офшор ҳудудларда рўйхатдан ўтказиб, капиталларини шу жойга кўчириб олиб келишга одатланишган. Айни пайтда дунёда элликка яқин офшор ҳудудлар мавжуд. 2016 йил якуни бўйича уларнинг айланмаси 32 трлн. долларни ташкил этган.

Биз Twitterда