Косово ва Сербия раҳбарлари муаммони тинч йўл билан ҳал қилишади

Article
Сўнгги ҳафтада Болқон ярим оролидаги вазиятнинг кескинлашуви матбуотнинг бош мавзусига айланди, десак муболаға бўлмайди. 2008 йилда Косово бир томонлама ўз мустақиллигини эълон қилганидан сўнг, турли даражадаги қарама-қаршилик юз бериб тураётганди. Халқаро ташкилотларнинг аралашуви қонли тўқнашувларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнаб келаётганди.
Белград - Косовска – Митровица йўналишида поезд қатновининг йўлга қўйилиши Косовода норозилик юзага келишига сабаб бўлди. Поездни косоволиклар томонидан таъқиб қилиниши натижасида унинг қатнови тўхтатилиб, ортга қайтарилганди. Шундан сўнг томонлар бир-бирларининг манзилларига дағдағали баёнотлар бериб, вазиятнинг янада мураккаблашувига сабаб бўлишди. Ҳатто Сербия президенти Томислав Николич Косовога армияни олиб киришини маълум қилди. Бу ҳам етмагандек ўзи ва ўғиллари билан жангга тайёрлигини таъкидлади. Ўз навбатида Косово президенти Хошим Тачи мамлакат мудофаасини кучайтириш ишларини бошлаб юборди.
24 январда Сербия президенти Томислав Николич, бош вазир Александар Вучичлар Косово президенти Хошим Тачи ва бош вазир Исо Мустафолар билан Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва сиёсий хавфсизлик бўйича бош вакили Федерика Могерининг воситачилигида учрашиб, муаммони тинч йўл билан ҳал этишга келишиб олишди.
Бугун бунинг исботи ўлароқ, Тачи ва Вучич телефон орқали мулоқот қилиб, тинчлик йўлидаги музокараларни давом эттиришди. Бу эса минтақада қайта уруш ўчоғини ёқилмаслигига замин бўлиб хизмат қилиши тайин.
 

Биз Twitterда