Истанбул теракти: қозоқ шиппакчи, қирғиз бозорчи, навбатдаги гумондор тожик ошпазми?

Article

Янги йил кечаси Истанбулдаги Reina тунги клубида содир этилган терактнинг ижрочилари аниқ бўлгани, (ИШИД террористик ташкилоти террорнинг ўзи томонидан ташкил этилганини эътироф этгани), ўзбек террорчи деб шубҳа қилинган шахс қозоғистонлик шиппак тижоратчиси бўлиб чиққанлиги ҳақида кеча ёзган эдик.

Аммо бу дунёда кимларгадир Истанбул терактини Марказий Осиё билан боғлаш керак бўлиб қолганга ўхшайди. Қозоғистонлик Рамазон Эшон ўзининг расмини хабар сайтларидан кўриб, адвокат ёрдамида Истанбул ички ишлар идорасига боргани, ўзининг айбсиз эканини исботлагани маълум қилингач, дарров ўртага иккинчи расм чиқди. Бу сафар қирғизистонлик, Ўш вилоятида яшовчи Яҳё Машрапов “террорчи” экани дунё медиасига улашди...

Айнан ўша Яҳё Машрапов, дунё олд интернет сайтлари расмини бериб, “террорчи” эълон қилган йигит, бугун эрталаб соат 7:00 да Туркиядан Бишкекка учиб келди, соат 9:00 да Ўш аэропортидан ташқарига чиқиб, уйига йўл олди!! Бу ҳақда қирғиз ахборот нашрлари хабар беришди.

"1 январт куни Бишкекдан Истанбулга боргандим. Савдо-сотиқ билан алоқадор ишларимни якунлаб, қайтиш учун аэропортга бордим. Бироқ Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари мени рейсдан тушириб қолдиришди. Расмим Истанбулда Янги йил куни бўлган терактни амалга оширган террорчига ўхшаганини, шунинг учун мени ушлаб қолиб, сўроқ қилишганини кейин тушунтириб беришди” деб айтади Машрапов.

Яҳё Машрапов аслида Ўш бозорида савдо қилувчи тадбиркор....

Таажжубланарлиси, TRT World каби Туркиянинг расмий телеканали ҳам унинг паспорти нусхасини эфирда кўрсатиб, террорчининг айнан у эканини эътироф этганди....

Турк полицияси террорчиларни қидиришда давом этади. Аммо бизнинг фикримизча, эртага тожик ошпаз йигитнинг расми ўртага чиқарилиб, айнан унинг “террорист” экани айтилса керак.. Нега дейсизми? Марказий Осиёни қоралаш керак бўлиб қолибди шекилли, дедик-ку!


Биз Twitterда