Французлар тақдирини ҳал этувчи танлов

Article

Шу йилнинг баҳорида Франция фуқаролари ўз тақдирлари учун овоз берадилар. Чунки, мамлакат тақдири, келажаги ва истаклари кўп жиҳатдан давлат тепасига келадиган янги раҳбарга боғлиқ. Франсуа Миттеран ва Шак Ширак каби “оғир артиллерия” вакилларидан сўнг французларга Николья Саркози, Франсуа Олландлар бош бўлишди. Айни пайтда Олланднинг даври тугамоқда. Президентлик сайловлари икки турда ўтказилади. Биринчи тур 2017 йилнинг 23 апрелида, иккинчиси эса 7 майда бўлади.

Айни пайтда турли тадқиқот марказлари, институтлар халқ орасида сайловолди сўровлар ўтказишмоқда. Odoxa компанияси ташкил этган сўров натижасига кўра, Франциянинг собиқ иқтисод вазири, мустақил номзод Эммануэль Макрон мамлакат учун энг муносиб президент бўлади. Франция аҳолисининг ярмидан кўпи шундай фикрламоқда. Фуқаролар ўнг-марказчилар вакили, собиқ бош вазир Франсуа Фийондан кўра Макронни афзал билишмоқда.

Сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 57 фоизи Фийон ҳақида салбий фикрда. Шу тариқа собиқ бош вазирнинг машҳурлиги ўтган йилнинг ноябрига қараганда 12 фоизга тушиб кетди.

Сўров пунктида иштирокчилардан Фийон ва турли партияларнинг бошқа номзодларини танлаш сўралди. Натижа эса бундай: 55 фоиз аҳоли Макронни ёқтиради.

Бошқа бир пунктдаги натижа эса бироз ўзгачароқ. Унда Фийон ва ультра-ўнг "Миллий Фронт" етакчиси Марин Ле Пенлардан бирини танлаш сўралган. Кўпчилик Фийон (64%)ни танлаган.

Фийон ва яна бир собиқ бош вазир Мануэл Вальсдан бирини танлаш сўралганда эса овозлар деярли тенг келиб қолди: 49% Фийонда, 48% эса Вальсда.

Марк Твеннинг бир фикри бор: "Уч хил ёлғон бор: ёлғон, кучли ёлғон ва энг ёмони - статистика." Шундан келиб чиқиб, аслида сайловолди сўровларини умуман жиддийга олмаслик керак. Бундай ижтимоий сўровлар аҳолининг фикрини ўзгартиришга қаратилади холос. 


Биз Twitterда