Бугун Туркманистонда сайлов – президентлик учун тўққиз номзод курашади!

Бугун Туркманистон халқи ўз тақдири учун овоз беради. 1991 йил 27 октябрда - мамлакат мустақилликка эришганидан бери бешинчи бор президентлик сайловлари ўтказилмоқда. Ва бу сайловлар илк бор кўппартиявийлик тизимида ўтаётир. Давлат раҳбарлиги учун тўққиз номзод курашади. Асосий фаворит сифатида амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов эътироф этилмоқда, деб ёзади ТАСС.
Овоз бериш жараёнлари маҳаллий вақт билан 07:00дан 19:00гача давом этади. Хориждаги фуқаролар эса Туркманистонинг элчихона ва консулликларида овоз беришлари мумкин.
Сайлов кодексига кўра сайловчиларнинг иштироки бўйича лимит белгиланмаган. Унда қанча киши қатнашганидан қатъий назар, овознинг ярмидан кўпини олган номзод ғолиб деб топилади. Етти кун ичида расмий натижа эълон қилинади.
Конституцияга 2016 йил сентябрида киритилган таҳрирлар натижасида президентлик ваколати 5 дан 7 йилга узайтирилиб, ёшга нисбатан чеклов ҳам олиб ташланган. Унга қадар номзоднинг ёши 70 дан ошмаслиги лозим эди.
26 декабрда Марказий сайлов комиссияси томонидан Демократик партиядан Гурбангули Бердимуҳамедов, Саноатчилар ва тадбиркорлар партиясидан – "Рисгал" акционерлик тижорат банки бошқаруви раиси, Мажлис (парламент) депутати Бекмурот Аталиев, Қишлоқ хўжалиги партиясидан - ушбу ташкилотнинг Мари вилояти қўмитаси раиси Дурдиқилич Оразовлар, шунингдек фуқароларнинг ташаббускор гуруҳлари томонидан кўрсатилган номзодлар - Мари вилояти ҳокими ўринбосари Жуманазар Аннаев, Сейдин нефтни қайта ишлаш заводи директори, Мажлис депутати Рамазон Дурдиев, Тошҳовуз вилояти ҳокими ўринбосари Меретдурди Гурбанов, Ахал вилояти иқтисодиёт ва тараққиёт бош бошқармаси раҳбари Сардор Жалилов, "Туркманкимё" Давлат концерни "Гарабогазсульфат" ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори Сулаймон Нурнепесов ва Озиқ-овқат саноати давлат бирлашмаси раиси ўринбосари Мақсат Аннанепесовлар президентликкка номзод сифатида рўйхатга олинган.
Сайлов жараёнларида Европа давлатлари ва бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШОС) ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этишади. 

Биз Twitterда