2016 йилнинг энг даромадли валюталари аниқланди

Article
2016 йилнинг энг даромадли валютаси номига Россия рубли ва Бразилия реали сазовор бўлди. Ушбу валюталар йил давомида 20 фоиздан ошиққа қимматлашган. Ўз мавқеини мустаҳкамлаган ва аксинча йўқотган пуллар рейтинги "Альпари" таҳлилий департаменти экспертлари томонидан тузиб чиқилган, деб хабар беради Tengrinews.kz.
Рубль йил давомида долларга нисбатан 21,8 фоизга қимматлади. Айни пайтда бир доллар 61,081 рублга тенг бўлиб турибди. Буни нефтнинг нархи ошгани билан изоҳланмоқда. 2016 йилда қора олтиннинг нархи 70 фоизга кўтарилиб, бир баррели 56,8 долларгача етди. Шунингдек, инфляцияга қарши чоралар, рус саноатининг ўсиши валютанинг мустаҳкамланишига сабаб бўлган.
Бразилия реали 20,6 фоизга қимматлади. Айни пайтда бир доллар 3,284 реалга тенг бўлиб турибди.
Юқори ўсиш суръати Жанубий Африка рэндида ҳам кузатилди. Ушбу валюта 18,8 фоизга қимматлаган.
Асосий аутсайдерлар сифатида долларга нисбатан 17,44 фоизга қадрсизланган Турк лираси ва 13 фоизга ўз қийматини йўқотган Мексика песоси эътироф этилди. Туркияда терактлар хавфи туфайли мамлакатга сайёҳлар оқимининг пасайиб кетгани бунга сабаб бўлди.
Мексикага қарши Дональд Трапмнинг сайловолди баёнотлари мамлакат валютасининг қадрсизланишига замин яратган.

Биз Twitterда