2006 йил 30 декабрда дорга осилган Саддам Ҳусайндан кейинги Ироқ

Article

Роса 10 йил муқаддам, 2006 йил 30 декабрда Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайн дорга осилганди. Ўша куни Қурбон байрами эди... Саддам Ҳусайннинг дорга осилгани тасвирланган видео дунёга тарқалганди, инсонлар жаллодларнинг апил-тапил арқонни тортишини кўриб, уларнинг жинояти ҳали инсон кўрмаган ёвузлик эканини тушуниб турарди. Чунки, ўша пайтда Ироқда мавжуд ҳукумат ташқи кучлар ўйинчоғи эканлигини ҳамма биларди ва Саддамни ўлдириш топшириғи кимдан олинганини тушуниб етганди. Ижрочилар эса, қилаётган мудҳиш жиноятларини фаҳмлаб, ўзлари эртага қаердан паноҳ топишларини ўйлаш билан банд эдилар. Маҳкамада унинг ишини кўриб чиққан судьянинг Саддамга бўлган беҳурматсизлиги ҳамон ёдларда. Ташқи кучларнинг ювиндихўри бўлган ўша судья, Рауф Абдулраҳмон Рашид кейинчалик қўлга олиниб, қатл этилган...

Ўзининг мураккаб характери билан дунёга танилган, қаттиққўл Саддам йигирманчи асрнинг сўнгги йилларида ва йигирма биринчи аср бошида АҚШ ва иттифоқчиларига қарши чиққан лидер эди. Унинг ҳам ўзига хос хатолари, камчиликлари бисёр эди... Шахсга сиғиниш унинг даврида жуда ривож топганди.... Лекин, у ўз мамлакатини севган, уни ривожлантириш учун жонини тиккан раҳбар эди.

Саддамни золим диктатор деб атаб, Ироқ тупроғини поймол қилганларнинг ёвуз амаллари натижаси бугун ҳам бу давлатда ўз салбий аксини бериб турибди. Энг катта бойлиги – тинчлигини, хотиржамлигини йўқотган миллат, давлат ҳали ҳамон нотинч ҳаётнинг гирдобида.

Бугунги кунда дунёга таҳдид солаётган ИШИДнинг Саддам Ҳусайн даврида мавжуд бўлишини тасаввур ҳам қилиш эди. Ташқи кучларнинг араб давлатлари ҳудудида исталган ўйинини қилишидан чарчаган кўплаб инсонларнинг, башарият аҳлоқи, ислом ғоялари террорнинг, ёвузликнинг ҳар қандай шаклини қоралаши, ҳеч қандай сабаб бошқаларнинг ҳаётига зомин бўлишга рухсат бермаслигини билган ҳолда, бу террористик ташкилотга қўшилишининг сабаби ҳеч бўлмаса шу йўл билан ўз тупроқларини душмандан тозалаш бўлиши мумкин.

 Дилмурод Жумабоев