Жанубий Корея президентининг ишдан олинишига сабаб бўлган дугонасининг қизи қамоққа олинди

Article

Порахўрлик ва коррупция айбловлари билан вазифасидан четлатилган Жанубий Кореянинг президенти Пак Кин Хенинг дугонаси, бу айбловларда асосий фигура ҳисобланган Цой Сун Силнинг қизи Чон Ю Ра Данияда қамоққа олинди, деб хабар қилади Yonhap ахборот агентлиги.

Дания полицияси ҳозирча Чон Ю Рани мамлакатда ноқонуний яшаб келиш билан айбламоқда. Аслида, ҳуқуқ-тартибот органларини унинг онасига қарашли немис ширкати билан Samsung корпорацияси ўртасидаги шартнома қизиқтириб келмоқда, чунки у шартномага асосан тўланган 18 миллион доллар 20 ёшли Чон Ю Ранинг от спорти билан шуғулланиши, отларига керакли воситаларни сотиб олишига кетган.

Чон Ю Ранинг онаси Цой Сун Сил Жанубий Кореянинг президентининг яқин дугонаси бўлганлигидан фойдаланиб, катта корпорациялардан йирик миқдорда пул талаб қилгани ҳамда давлатнинг сиёсий қарорларига таъсир ўтказишга урингани айбловлари 2016 йил 1 ноябрда билан қамоққа олинганди. Айнан шу сабаблар мамлакат раҳбарининг импичмент билан лавозимдан четлатилишига олиб келганди.

Эртага, 3 январь куни, Жанубий Корея Конституцион суди импичментнинг қонунийлигини кўриб чиқади. Агар парламентнинг қарори ўз кучида қоладиган бўлса, икки ой ичида муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилади.


Биз Twitterда