Туркия ташқи ишлар вазири: Тинчликка интилиш ташаббускор ташқи сиёсатни талаб қилади

 
Бу ҳафта Истанбул икки алоҳида, лекин бир-бирига боғлиқ халқаро медиация (келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш – таҳририят изоҳи) конференцияларига мезбонлик қилади. Конференцияларнинг биринчиси, низолар харитасида бугунги ҳолат ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг медиация салоҳияти бўйичадир. Иккинчи конференциянинг қамрови кенгроқ бўлиб, у изчил тараққиёт, тинчлик ҳамда медиация ўртасидаги алоқалар, медиация жараёнларида гендер мутаносиблигини таъминлаш ва ёшларни бу жараёнларга жалб этиш йўллари, низо ва воситачилик таҳлилларида катта ҳажмли маълумот ва сунъий ақлнинг ўрни ҳақида фикр юритиладиган сессиялардан иборат бўлади. Умуман олганда, бундай конференцияларни шунчаки оддий конференция деб ҳисоблаш мумкин, лекин Истанбул медиация конференцияларининг масалалар юзасидан умумий тушунча; медиация ҳамда низоларни тинчликпарвар йўллар билан ечиш борасида кун тартиби ишлаб чиқилишида ўта самарали бўлгани исботланган. Бу конференцияларнинг мезбонлигини ҳамда БМТ, ЕХҲТ ва ИҲТ сингари уч муҳим халқаро ташкилот қошидаги “Воситачилик дўстлари гуруҳининг” ҳамраислигини юритувчи ягона мамлакат бўлган Туркия, ушбу конференциялардан қўлга киритилган натижаларни ўша халқаро ташкилотларда ўртоқлашиш имкониятига эга.
XXI асрда инсониятнинг бутунлай ўзгача синовга дучор бўлаётгани бир ҳақиқат. Кўпгина инсонлар халқаро ҳуқуқ, идоралар, демократия ва қонун устуворлиги, ҳисобот бера олишлик, эркин савдо, гендер мутаносиблиги ва бошқа масалаларда эришилган ютуқлар нуқтаи назаридан боқиб, стаканнинг ярми тўла деб ҳисоблаб турганида, унинг бўш бўлган қисми ўзини кўрсата бошлади. Ҳаммамиз бунинг белгиларини билиб турибмиз, уларни қайта эслатишнинг ҳожати йўқ. Савдо урушлари, халқаро суистеъмолнинг янги кўринишлари, геосиёсий рақобатлар, гегемон кучларнинг “ваколатли” урушлари, (ўзлари бевосита иштирок этмаган ҳолда тарафларнинг бирини қўллаб-қувватлаган ҳолда олиб бориладиган уруш – таҳририят изоҳи) парчаланган улус ва давлатлар, терроризм, ксенофобия, Исломга қаршилик, тобора ортаётган тенгсизликлар ва адолатсизлик – булар стаканнинг ярим бўш қисмидан ўрин олган долзарб “мойилликлар” жумласидан. Инсоният дучор бўлган бу синовлар, инсониятнинг муваффақиятларини ва имкониятларини йўққа чиқармоқда. Қайси томон ғолиб келади? Бунинг жавоби биз - инсонларнинг ижобий натижаларга эришиш учун қанчалик бирга ишлай олишимиз, синовларга қандай муносабат билдирганимизга боғлиқдир. Аниғи битта: ташаббусни қўлимизга олиб, фаол ва инсоний бўлмасак, салбий томоннинг тоши оғир босади. “Кут ва томоша қил” позицияси бундан буён ўтмайди. Сиёсат танлашда, низоларни бартараф этишда иштирок этишдан тортиб, то террорчиларга қарши амалий куч ишлатишгача бориш керак бўлмоқда.
Масалан, Суриядаги ҳолатни кўриб чиқайлик. Туркиянинг ташаббускор ва инсоний ёндашуви билан жами 4000 км² ҳудуд иккита террорчи ташкилот – ИШИД ва ПКК/ЙПГ/ЙПД (PKK/PYD/YPG) дан тозаланган. Аралашмаганимизда, халқимиз бу террорчиларнинг муттасил хужумларидан азият чекишга давом этар ва Сурия фожеасига сиёсий ечим топилмасди. Туркия инсоний азиятларни енгиллаштириш учун қўлидан келганини бажармоқда, жаҳон миқёсида энг кўп қочоққа эшигини очмоқда, қочоқларга энг кўп харажат қилаётган давлат сифатида инсонпарварлик ёрдамларига жаҳоннинг иқтисодиёти энг йирик давлатидан кўпроқ маблағ сарфламоқда. Шу билан бир вақтда Туркия ўнлаб, ҳатто юз минглаб инсоннинг ҳаётини сақлаб қоладиган битимларни тузиш учун саъй-ҳаракат кўрсатмоқда ҳамда қўшни Суриянинг ҳудудий яхлитлигига асосланган сиёсий ечимни қўллаб-қувватламоқда.
Сурияни мисол тариқасида келтиришимнинг бир сабаби бор. Сурия превентив дипломатиянинг аҳамиятини бизга яна бир бора кўрсатмоқда, чунки низо олови халқни бир борагина ўз гирдобига олса, ундан кейин тахмин қилиб бўладиган нарса, ўша оловнинг у давлатда бундан тахмин қилиб бўлмас натижалар келтириб чиқаришини башорат қилиш бўлади холос. Бир авлод у ёки бу сабабли йўқотилади; кейингиси ҳам бахтиёр бўлмайди. Минглаб километр нарида бўлганлар ҳам қўшилиб, барча, ё террор хужуми, иқтисодий карахтлик, тартибсиз миграция, ё ярадор виждондан азоб тортадилар.
Агарда превентив дипломатия ва низоларнинг тинчликпарвар ечими бирон аҳамиятга эга дейдиган бўлсак, бунга жиддий эътибор қаратишимиз керак. Айнан бу нуқтаи назар, БМТ, ЕХҲТ ва ИҲТ “Медиация дўстлари гуруҳи” ҳамраиси сифатида бу ҳафта Истанбулда биз ўтказадиган медиация салоҳиятини ривожлантириш таълим дастури ва икки медиация конференциясининг мезбони ўлароқ, Туркиянинг саъй-ҳаракатларини медиация соҳасига йўналтирмоқда.
Мевлют Чавушоглу,
Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири

Биз Twitterда