Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришди

Article
Шавкат Мирзиёев қасамёд қабул қилди ва Ўзбекистон Президенти лавозимига киришди.
14 декабрь куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросими билан очилди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, тантанали маросимда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти, мамлакатдаги хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов очди. У 4 декабрь куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганини таъкидлади.
Марказий сайлов комиссияси раиси залда ҳозир бўлганлар ва сайловчилар номидан Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Президенти этиб сайлангани билан самимий табриклаб, унга Ўзбекистон Республикаси Президенти гувоҳномаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг шаҳодатномасини топширди.
Конституциянинг 92-моддасига мувофиқ Президент Шавкат Мирзиёев қасамёд қилди: «Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан».
Айни пайтда тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

Биз Twitterда