Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи бошланди

 
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған таклифига биноан Туркия Республикасига расмий ташрифи бошланди.
Ўзбекистон президентини Анқарадаги «Эсенбоға» аэропортида Туркия бош вазири ўринбосари, ҳукумат матбуот хизмати раҳбари Бекир Боздағ ва бошқа расмий шахслар кутиб олишди. Кутиб олганлар орасида Туркияниг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ахмет Башар Шен ҳам ҳозир бўлди.
Анқара шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, глобал ҳамда минтақавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинади, халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади. 
Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи икки қардош мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янги поғонага олиб чиқишига катта умид билдирилмоқда. Зеро, 2017 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ўзаро тижорат айланмасида 28% ўсиш кузатилди. Бу даврда Ўзбекистоннинг ялпи ташқи савдо айланмаси ҳажмида улушини энг кўп ўстиришга эришган мамлакат Туркия бўлди. Икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо айланмасини мавжуд 1,3 миллиард доллардан 10 миллиард долларга чиқариш мақсад қилиб қўйилган.

Биз Twitterда