Шавкат Мирзиёев Дмитрий Медведев билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Дмитрий Медведев Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифидан миннатдор эканлигини билдирди. 
 

– Ўзбекистон Россиянинг энг ишончли ҳамкорларидан бири, – деди Дмитрий Медведев. – Икки давлат турли соҳаларда ишончли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Сизнинг ташрифингиз давомида жуда катта лойиҳалар бўйича келишувларга эришиш кўзда тутилган. Мен ташрифингиз самарали бўлади ва икки дўст давлатнинг ҳамкорлигида янги саҳифа очилади, деб ишонаман. 
– Санкт-Петербургда рўй берган машъум воқеа муносабати билан чуқур ҳамдардлигимни қабул қилгайсиз, – деди Шавкат Мирзиёев. –Терроризм чегара билмайдиган хавфдир, шу боис унга қарши кучларни бирлаштирган ҳолда курашиш лозим. 
Президентимиз ушбу ташриф ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият эканлигини таъкидлади. 
– Бугунги мулоқотларимиз кўп соҳалардаги ҳамкорлигимизда янги даврни бошлаб беришига ишонаман, – деди Шавкат Мирзиёев. 
Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида имзоланиши учун сиёсий, савдо-иқтисодий, миграция соҳаларига, шунингдек, минтақавий ҳамкорлик, сайёҳлик ва соғлиқни сақлаш соҳаларига оид умумий қиймати 16 миллиард долларни ташкил этадиган 55 та ҳужжат тайёрланган. Қиймати қарийб 4 миллиард долларни ташкил этувчи бир қатор ҳужжатлар 3 апрелда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида имзоланди.

Биз Twitterда