Шавкат Мирзиёев: хотин-қизлар учун алоҳида поликлиника ташкил қилишимиз керак!

Article

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашди.

Видеоконференция шаклида ўтган учрашувда ҳукумат аъзолари, сенаторлар, вилоят ҳокимлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тиббиёт олий таълим муассасалари ректорлари, соғлиқни сақлаш тизими масъул ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда uza.uz хабар қилади.

2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинганида ҳам катта маъно мужассам. Зеро, инсон манфаатлари деганда, аввало инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши ҳам назарда тутилади. 

Президентимиз тиббиёт соҳасида бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида атрофлича тўхталди: “Қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятига оид қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда ҚВПлар бирламчи тиббий кўрикни ўтказиш учун лаборатория таҳлили воситалари, қатор диагностика аппаратлари билан жиҳозлангани аҳоли учун қулайлик яратмоқда. Лекин тиббий ускуналарни ишлатадиган малакали мутахассислар етарли даражада эмас. Баъзи чекка ҳудудларда оддий қон топшириш учун туман марказига ёки шаҳарга боришга тўғри келаётганини ҳам инкор эта олмаймиз.” 

“Айрим жойларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилмоқда”, деб фикрини давом эттирди Президентимиз. “Чекка ҳудудларда малакали мутахассислар етишмаётгани кадрлар масаласида қилинадиган ишлар кўплигини англатади. 
Қишлоқ врачлик пунктлари туну кун ишламоғи зарур. Бунинг учун пункт ёнидан шу жойда ишлайдиган врачга уй қуриб бериш лозим. 
Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини юксалтиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кўрилди. Лекин бугун халқимиз бу хизмат сифатидан рози, дея олмаймиз. Тизимни мутлақо ўзгартириш – давр талаби.”
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди. 
“Аёлларимиз иболи, ҳаёли. Баъзи масалаларда шифокорга бориб дардини бемалол айтавермайди. Шу боис хотин-қизлар учун алоҳида поликлиника ташкил қилишимиз керак, деди давлатимиз раҳбари. Токи улар бориб ўзини қийнаётган масалада бемалол фикрлашсин. Чунки эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ. 

Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапирганда бир ҳақиқатни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак”, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев. 

“Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятида ҳам ечимини кутаётган масалалар кўп. Мавжуд марказларнинг ҳаммаси Тошкент шаҳрида жойлашган. Бу, айниқса, қишлоқ аҳолисига муайян ноқулайликлар туғдираётир. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассислари жойларга чиқиб аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоғи, жарроҳлик амалиётларини ўтказмоғи лозим”, деди Президентимиз. 

Тадбирда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, ёш мутахассисларни тарбиялаш жараёнига илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш, дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари ва ўқув муассасалари, таниқли олимлар ва мутахассислар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. 

Биз Twitterда