Нега Суриядаги тинчлик сулҳи учун Путинга браво, Эрдоғанга эмас?!

Article

Суриядаги фуқаролар урушида сулҳ тузилди. Бу сўнгги кундаги энг асосий масала! 2011 йил баҳоридан бери Шом давлатида инсонлар бу кунни интизор бўлиб кутардилар. Чунки ўтган беш йил давомида юз минглаб инсоннинг ҳаёти япроқдай хазон бўлди, миллионлаб тинч аҳоли дунёнинг етти бурчагида бировнинг миннатига қараб қолди.

Қатор Араб давлатларида “рангли инқилоб” еллари билан давлат тўнтаришлари амалга оширилгач, бу борадаги ишларнинг навбатдаги босқичи сифатида Сурияда учқун ташланганди. Тунис ва Мисрдаги “сценарий” асосида ўтказилиб, тез кунда якунланиши кутилган “инқилоб” режаси қайсидир жойда хато берди. Башар Асадни тўнтариш учун ташқи раҳнамолар томонидагн белгилаб олинган муддатда ички муридлар муваффақиятсиз бўлдилар...

Сурия урушининг тафсилотларини, сабабларини, айбдорларини тўла тасвирлашнинг ҳозир мавриди эмас. Сабаби, кун тартибида Сурияда кеча тундан бери бошланган сулҳ турибди!  Кеча кечқурун “Сурияда уруш тугади! Путин, браво!” деган материални чоп этган эдик. бир кечада минглаб ўқувчилар бу мақолани ўқиб, ижтимой тармоқларда юзлаб турли фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, ўз саҳифаларида дўстларига улашдилар.

Билдирилган фикрлар турфалиги Ўзбекистон ахборот истеъмолчиларининг ижтимоий фаоллиги жуда ошиб кетаётганини кўрсатди. Мақолада нуқтаи назаримизни қўллаб-қувватлаганлар ҳам, бизни Россия манфаатларининг ҳимоячиси деб эълон қилганлар ҳам бўлди. Асосийси, эътибор учун раҳмат!

Кечаги материалимизни “Сурияда уруш тугади! Путин, браво!” деб номлашимизнинг сабаби бор, албатта. Сулҳ тузилиши уч томонлама ҳамкорлик билан амалга ошди. Россиянинг ёнида Эрон ва Туркия бўлмасдан бунинг иложи бўлмасди, лекин уларнинг бундан бошқа чораси ҳам йўқ эди. Эрдоғаннинг ўтган йили рус самолётининг уриб туширганининг ўзи турк-рус алоқаларида бир йилдан зиёд совуқчилик яратди, агар бугунги Туркиянинг позизияси ўтган йили намойиш этилганда эди, минглаб инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинган бўлар эди. Қолаверса, Башар Асадсиз Суриядан Сурия Курдистони ажраб чиқиши мумкинлигини тушуниб етган Анқара АҚШ ва унинг иттифоқчиларидан кўра, Россия билан ҳамфикрликка боришни маъқул кўрди. Қолаверса, Сурияда аввалдан режалаштирилган сценарий ғояси амалга ошганда эди, навбат Туркияни парчалаш ва Эронда тўнтариш қилишга келиб қолганини тушунмайдиган киши қолмади ҳисоб.

Нега Путинга браво?!  Сентябрда Даниянинг  Berlingske газетасига интервью берган НАТОнинг собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен Суриядаги урушни “АҚШнинг стратегик мағлубияти, Россиянинг стратегик ғалабаси, Европа Иттифоқи ичида Европа мамлакатларини мажбурий ушлаб туришни йўққа чиқарувчи огоҳлантириш” деб атаганди. Ҳақиқатдан ҳам, бу урушда Россиянинг, Путиннинг тутган ўрни ва роли дунёда яккаҳокимликка уринаётган, “биз билан бўлмаган бизга қарши” принципида иш кўраётган кучларнинг пайтавасига қурт туширди. Дунё сиёсатида эркин ҳаво айланишга бошлади. Шу сабабдан, Путинга браво деганимиз фақатгина сулҳ тузилиш жараёнидаги Россиянинг бевосита иштироки учунгина эмас, балки дунё сиёсатида рўй берган ўзгаришлар учун ҳамдир. Суриядаги воқеаларга қадар ўзларига бевосита алоқаси бўлмагани учун турли давлатлардаги “рангли инқилоблар”га бетараф қолаётган жаҳон мамлакатлари, Сурия урушининг келтирган салбий таъсирларини тўғри баҳолаб, энди бундай “инқилоб” ташкилотчиларига “ноҳақсан” дейишлари турган гап.