НАТО танклари Россия чегарасида: буни нотўғри десак, "Путинпараст" бўлиб қоламизми?

Article
Совуқ уруш даври тугагандан кейин маълум давр мобайнида Россия ўз ички муаммолари гирдобида қолиб, халқаро саҳнадан тушиб қолганлиги дунёда бирёқлама сиёсат қолипини ўрнатгани ҳеч кимга янгилик эмас. АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан юритилган халқаро сиёсатга қарши бўлган ҳар бир давлат улар томонидан “биз билан бўлмаган бизга қаршидир” принципида талқин қилинди. Сиёсий найранглар, “рангли инқилоблар” экспорти, турли нуқталарда турли сабабларга кўра ҳарбий куч ишлатилиши, бирдан ривожланиб кетган интернетдаги хабарчилик медиаси орқали амалга оширилган ахборот хуружлари натижасида кўпчилик мамлакатлар “таклиф этилган ўйин қоидалари”га рози бўлишди. Рози бўлмаганларда бошқарув “алмаштирилди”.
Айнан шундай вазиятда Россия ўз эски мавқеъини тиклашга бошлади. Бир неча йиллар давомида жаҳон бозорида нефть ва газ нархининг муттасил ошиши Москвага бу борада жадал иш олиб боришга имкон берди. Россия президенти Владимир Путиннинг аввал оддий баёнотлар билан бошлаган дунёдаги бир қутбли сиёсатга қарши чиқиши аста-секин амалиётга кўчди. Бу албатта, у пайтгача “ҳаётидан рози” яшаб келганларнинг ғашини келтирди. Натижада Россиянинг ички ҳаётига аралашувга уринишди, ички ғалаёнлар келтириб чиқариш пайида бўлишди. Хориждаги раҳнамоларига ўзларининг Россия ичида дастаклари кучли эканини эътироф этган баъзи “мухолифатчилар”га тикилган дов ўзини оқламади. Путин ва унинг сиёсатини мамлакат ичида қўлловчилар сони ошди холос.
Ортидан Россия XXI асрдаги икки катта қарорини қабул қилди. Биринчиси Украинада Россияга қарши бўлган ҳукуматнинг давлат тепасига ноқонуний келишига қарши ўлароқ, Қрим ва Севастополнинг Россияга қўшилиш ҳақидаги истагини маъқуллади. Иккинчиси, узоқ йиллардан бери Араб давлатлари минтақасида амалга оширишга уринилаётган глобал “лойиҳа”нинг якунланишига йўл бермай, балкида Сурияда Башар Асадга ҳарбий ёрдам бериш орқали, Москва ва Путин ҳамма ишнинг “белига тепди.”
АҚШ ва иттифоқчилари бир томондан БРИКС доирасида, иккинчи томонда ШҲТ орқали иқтисодий-сиёсий иттифоқчилари кўпайиб бораётган Россияни қуюшқондан чиқаришга астойдил бел боғлашди. НАТО (ёки АҚШ, қандай маъқул бўлса шундай ўқинг) томонидан 2015 йилдан бошлаб Европа давлатларида ўтказилаётган “Атлантик қатъият” (“Atlantic resolve”) операцияси бунинг ёрқин исботи бўлади.
Россия билан НАТО ўртасидаги “Россия чегараларида НАТО доимий кучлари сонини чегаралаш” ҳақидаги келишувга қарамай, АҚШ томонидан мувофиқлаштирилиб келинаётган бу ҳарбий ҳаракат кун сайин кенгайтирилмоқда. Бирёқлама хабар тарқатишга уста медиа манбаларида бу операция “Россия тажовузини тўхтатиш йўли” сифатида кенг тарғиб қилинмоқда.
Болтиқ ва Болқон давлатлари, Польша, Чехия, Венгрия, Руминия ва қолаверса, Украина и Грузияда ўтказилиши режа қилинган бу операциянинг асосий мақсади Россиянинг турли тарафларида НАТО Қуролли кучларини жойлаштиришдир.
8 январь, якшанба куни Германиянинг Бременхафен портига Колорадодан катта миқдорда АҚШ ҳарбий техникаси етиб келди. 87 та “M1 Abrams” танклари, 144 та "M2 Bradley” пиёдалар ҳарбий машиналари ва 18 та ўзиюрар "М109 Paladin" гаубицалари (оғир артиллерия қуроли) ва бошқа техникалардан иборат бу юкни 900 (!) вагонга жойлаб, Шарқий Европага жўнатилади. Уларнинг 12 январь куни Польшага етиб келиши белгиланган.
Сўнгги пайтларда қўл урган жойида доимий муваффақиятсизликка учраб келаётган НАТО ўз аъзоларини йўқотиш хавфини биринчи бор аниқ ҳис этишга бошлади. “Россия тажовузи” бренди остида яна совуқ уруш ҳолатини яратиш иттифоқчиларни ўз атрофида ушлаб туришга имкон беради деб ҳисобласа керак НАТО раҳбарияти.
Энди, масалага ўзимизнинг, Ўзбекистон нуқтаи назаридан ёндашсак. НАТОнинг Евроосиё ҳудудида бундай фаоллашуви ва бу фаоллик келтириб чиқариши мумкин бўлган муаммолар юртимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Чунки, Россияни фақатгина Хитой чегаралари томондан сиқувга олишга урина олмайдиган НАТО қолган давлатларни бу занжирга боғлашга уринади. Россия билан тўғридан тўғри зиддиятга боришга ботина олмайдиган Шимолий Атлантика блоки ён-атрофдаги давлатларга ўз босимини ўтказиб, таъсирига тортишга, бу “рад этиб бўлмайдиган фойдали таклиф”ни рад этганларни ички тўқнашувлар, “инқилоблар” билан таҳдид этиши турган гап. Тасаввур қилинг, теварагимиздаги МДҲ давлатлари НАТО аъзосига айланишганини! Ҳохласак, ҳохламасак, Ўзбекистоннинг нейтраллик сиёсатидан воз кечишимизга тўғри келади. Ё биз ҳам НАТО аъзоси бўламиз, ёки Россиянинг ҳарбий иттифоқчисига айланамиз. Ҳар иккиси ҳам биз учун зарарли. Чунки мустақил ташқи сиёсат юритишимизнинг имкони йўқолади.
Қолаверса, НАТОнинг бу ҳудудларда кучайишидан Россия ҳам, Хитой ҳам рози бўлиб қолавермайди. Улар ҳам ўз геосиёсий манфаатлари йўлида иш олиб боришади, ва шунга амин бўлиш керакки, ҳеч қачон улар учун Ўзбекистоннинг манфаати уларнинг манфаатидан устун бўлмайди.
Демак, НАТО Шимолий Атлантикадан Шарқий Европа ва Кавказ томон силжиётганига қарши бўлишимиз Россияни, Путинни ҳимоя қилганимиз эмас, Ўзбекистон ҳалқаро сиёсати нуқтаи назаридан фикр юритишга уринганимиздир. Айтишадику, синалган душман синалмаган дўстдан яхши. Биз Ўзбекистонда чор Россияси мустамлакаси, кейин Совет Иттифоқи шапкаси остида Россия ҳукмронлиги даврини унутиб, Россия билан абадий дўстлик ва қардошлик битимини имзолаш керак деган ғоядан йироқмиз. Лекин, агар бирини танлаш керак бўлса, олди-бердимиз аниқ бўлган Россия билан ўзаро тенг ҳамкорлик бизга НАТО таклиф этадиган “буюк ҳимоя”дан афзалдир деб ҳисоблаймиз.
Дилмурод Жумабоев