Наманган-Челябинск: Ишбилармон доиралар учрашуви, Наманган салоҳияти кўргазмаси, илмий ҳамкорлик истиқболлари

Ҳудудлараро ҳамкорликни ўрнатиш, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, ижтимоий-гуманитар, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида биргаликда ишлашни йўлга қўйиш мақсадида Россияда сафарда бўлиб турган Наманган вилояти делегациясининг аввалги кунларда амалга оширган ишлари ҳақида хабар берган эдик.
Челябинск вилоятига 28 март куни ташриф буюрган делегация бугундан эътиборан енг шимариб ишга киришди. Жанубий Урал савдо-саноат палатасида ўзбекистонлик ва ураллик ишбилармон доиралар учрашуви бўлиб ўтди ҳамда унинг асносида музокаралар ўтказилди.
 
 
Ушбу музокараларга бағишланган тадбирда сўз олган Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Россия ва Ўзбекистон кичик ва ўрта бизнес соҳасида ҳамкорлик бўйича катта имкониятларга эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Наманган вилоятининг текстиль соҳасидаги улкан салоҳиятига тўхталди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш имкониятлари ҳақида гапирди.
“Бизнинг корхоналаримиз Жанубий Урал тадбиркорлари билан яқин алоқаларни йўлга қўйиб, ўзаро савдо ҳажмини оширишни мақсад қилишган. Шунингдек, биргаликда бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш ҳар икки тараф ҳам учун фойдалидир. Енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортидан ташқари, биз машинасозлик ва металлургия соҳасида қўшма корхоналар ташкил этишдан ўзаро манфаатдормиз. Бугунги тадбир ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият эга”, – деди Хайрулло Бозоров.
Жанубий Урал савдо-саноат палатаси президенти, 2016 йилнинг июнидан эътиборан Рус-Ўзбек ишбилармонлар Кенгаши раиси сифатида фаолият юритиб келаётган Федор Дегтярев бу музокаралар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашини таъкидлаб ўтди.
«Бугунги ташрифдан мен икки карра бахтиёрман. Ўзим 18 йил давомида яшаган ва унинг аҳолисини қардошларим дея оладиган серқуёш Ўзбекистондан меҳмонлар ташриф буюришди. Улар бизнинг яқин савдо ҳамкорларимиз ҳамдир.
Ҳукуматларо ҳамкорликнинг янада тараққий этаётгани савдо-иқтисодий алоқаларда ҳам ўз аксини топмоқда. Ўзбекистондаги қулай инвестицион муҳит, тадбиркорларга яратиб берилаётган шароитлар рус бизнеси вакилларини ўзига тортмоқда. Ўзбек бозорида Россия компанияларининг улуши ошиб бораётгани бежизга эмас», — деди Дегтярев.
Тадбир доирасида рус-ўзбек ишбилармонлари ўзаро музокаралар ўтказишди. Наманган вилояти иқтисодий салоҳиятини кўрсатувчи маҳсулотлар кўргазмаси мезбонларга намойиш этилди.
 
 
 
Унда «Наманган момиқ сочиқлари» МЧЖ, «Нафис текс груп» (трикотаж маҳсулотлари), «Тиллахон» хусусий корхонаси (табиий соклар), «Наманганмаш» АЖ (машинасозлик), «Афруз Камол Наби» МЧЖ (мева-сабзовотлар), «Шахрихончек саноат савдо» МЧЖ (мева-сабзовотлар), «Истиқлол дизайн маркази» МЧЖ (кийим-бош, либослар), «Мухаммадий текстил» (маҳсус либослар), «Учқўрғон ниҳол экспорт» (мева-сабзовотлар), "Учқўрғон ёғ" (ёғ-мой маҳсулотлари), "Бунёдкор 3" МЧЖ (қурилиш материаллари), "Наманган темир-бетон буюмлари заводи" МЧЖ (қурилиши материаллари), "Наманган Олмос экспорт" МЧЖ (мева-сабзовотлар) ташкилотлари ўз маҳсулотларини ураллик ҳамкасбларига таклиф этишди. Ўзбекистонлик тадбиркорлар маҳсулотлари кўргазмасида Жанубий Уралда фаолият кўрсатаётган 50 дан ортиқ компаниялар раҳбар ва мутахассислари иштирок этдилар.
Ишбилармон доиралар учрашувлари ва кўргазма намойиши давом этаётган пайтда Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов Челябинск вилояти соғлиқни сақлаш вазири Сергей Кремлев билан учрашиб, ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказди.  Ҳудудлар ўртасида соҳавий ҳамкорлик битими имзоланди.
 
 
Наманган давлат университети ва Наманган муҳандислик-технология институти ректорлари - Абдусалом Умаров ва Одилжон Маматкаримовлар Челябинск вилояти фан ва таълим таълим вазири Александр Кузнецов билан учрашиб, илмий соҳада ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, учрашувда Челябинск давлат университети ректори Диана Циринг, Жанубий Урал давлат университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори Виктор Катачков, Жанубий Урал давлат аграр университети  Агромуҳандислик институти директори Константин Сазонов, ҳудудий вазирликнинг фан ва олий таълим бўлими бошлиғи Елена Девятовалар иштирок этишди.
 
 
Томонлар Россия ва Ўзбекистон таълим тизимининг ўзига хос жиҳатларини муҳокама қилишди. Инновация ва таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожлантириш йўналишларини белгилаб олишди. Иқтисодиётнинг амалий муаммолари ечими бўйича яқин шерикликда ишлаш истаги билдирилди. Профессор-ўқитувчилар ўртасида тажриба алмашиш, талабалар иштирокида қўшма илмий-конференциялар ўтказишга келишиб олинди.
«Биз барчамиз, қони қайноқ, илмга чанқоқ талабаларимиз ва уларни камолотга етказиш учун ишлаймиз. Улар нафақат илм-фан, балки фаол ижтимоий ҳаёт билан ҳамоҳанг ҳолда яшамоқдалар. Уларни тўғри йўналишга солиш, билим олишлари учун янги имкониятлар яратиб бериш бизнинг вазифамиздир. Шундан келиб чиққан ҳолда ўзаро ҳамкорлигимиз муҳим аҳамият касб этади», – деди учрашув чоғида НамДУ ректори Абдусалом Умаров.
Наманган вилояти ректорлари учрашувдан сўнг Жанубий Уралнинг бир қатор олийгоҳларида бўлиб, улар билан икки томонлама ҳамкорлик шартномаларини изоладилар
Делегациянинг сафари давом этмоқда. Кун давомида бир қатор ишлаб чиқариш объектларига бориш режалаштирилган. Шунингдек, ушбу хабарни ўқиётган пайтингизда Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Наманган вилояти делегациясини Челябинск вилояти губернатори Борис Дубровский қабул қилади. Икки ҳудуд раҳбари кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказишади ва ҳамкорликни ўрнатиш бўйича протокол имзолайдилар.
 
 Анвар Икрамов,
vodiymedia.uz ахборот-таҳлилий
портали бош муҳаррири

Биз Twitterда